Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни туш кўрдилар. Тушларида саҳобалар билан биргаликда Маккага кириб, Каъбани тавоф қилаётган эканлар. Уйқудан тургач, саҳобаларга тушларини айтиб бердилар. Улар қаттиқ хурсанд бўлишди. Чунки пайғамбарлар туши ҳақ. Улар қиблалари ва ватанлари бўлмиш Маккани жуда соғинишган эди. Қалблари соғинч ҳасратидан ёнарди!
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт минг саҳобалари ҳамроҳлигида Маккага йўл олдилар. Ёнларида завжалари Умму Салама онамиз бор эди. Улар Ҳудайбияга етиб боришганда Қурайш элчилари ва мусулмонлар ўртасидаги ўша машҳур музокара бўлиб ўтди. Охирида Қурайшдан Суҳайл ибн Амр келди. Шу ерда Ҳудайбия сулҳи тузилди. Сулҳнинг шартлари ичида икки томон ўртасидаги ўн йиллик ярашув, мусулмонларнинг бу йил Маккага кирмасдан қайтиб кетишлари, келаси йил келишлари, Қурайшдан биров мусулмон бўлиб, Мадинага борса, уни мусулмонлар қайтариб беришлари, мусулмонлардан биров муртад бўлиб, мушриклар олдига келса, мушриклар уни қайтармасликлари, араблар мусулмонлар иттифоқига ёки мушриклар иттифоқига қўшилишда ихтиёрли эканликлари кабилар битилган эди.
Аммо ваҳий билан қувватланиб турган, Ҳудайбия сулҳини Маккани фатҳ қилишдаги биринчи қадам эканига ишончлари комил бўлган Набий соллалоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга хитоб қилдилар:
«Эй инсонлар! Қурбонликларингизни сўйинглар, сочларингизни қисқартиринглар!».
Яъни, Аллоҳ таоло сизларнинг умраларингизни қабул қилди, дедилар. Аммо саҳобалар Аллоҳни севганлари боис, умра қилиш ҳақидаги қарорлари балки ўзгармас, деган умидда ўринларидан қимирламадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини яна такрорладилар. Яна ҳеч ким қимирламади. Учинчи бор такрорладилар. Яна ҳеч ким қимирламади. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳузурларига кириб дедилар:
– Одамларга нима бўлган-а?!
Умму Салама онамиз айтдилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули! Кўриб турибсиз, улар маҳзун бўлишган. Уларга гапирманг. Қурбонлигингизни сўйинг, сочингизни олинг. Шундай қилсангиз, улар ҳам сизга эргашишади!
Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташқарига чиқиб, ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан, туяларини сўйдилар, сочларини олдирдилар. Саҳобалар буни кўргач, улар ҳам қурбонликларини сўйиб, сочларини ола бошлашди!
Бу воқеадан кўришимиз мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий билан қўллаб-қувватланиб турганлар. Тавфиқ ва исмат билан ўралганлар. Шундай бўлса-да, у зот хотинлари билан бутун умматга хос бўлган машаққатли сиёсий, диний масалани маслаҳат қиляптилар. Бу ерда эркакликка путур етадиган ҳеч нарса йўқ. Аксинча, бундай қилиш ҳақиқий эрлар ишидир. Зеро, буни мардлар саййиди қиляптилар. Қолаверса, бу пайғамбарлар йўлига эргашиш ҳамдир!
Баъзилар: «Аёллар билан маслаҳатлашинглар, аммо унинг тескарисини қилинглар!» дейди. Бу гапнинг динга, суннатга, мантиққа умуман алоқаси йўқ!
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб фақирларга катта-катта садақа қиларди. Жаннат ёшларининг саййидлари бўлмиш Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо у кишига ақлга сиғадиган даражада садақа беришини айтиб насиҳат қилишди. Шунда Абдуллоҳ уларга деди:
– Роббим мени бу одатга одатлантирди. Мен ҳам одамларни ўргатиб қўйдим. Агар мен одатимни ўзгартирсам, Роббим ҳам одатини ўзгартирадими деб қўрқаман.
Гапининг маъноси шуки, у садақа қилгани сари моли кўпайиб борган.
Аллоҳдан мол сўрашнинг энг яхши йўли садақадир.
Жаъфар розияллоҳу анҳу Мута жангида шаҳид бўлганида унинг хотини Асмо бинту Умайс ўғиллари Муҳаммад билан Абдуллоҳни қўлларидан тутиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб келди. Улар ҳали гўдак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қучоқлаб туриб дедилар:
– Уларнинг қийналишидан қўрқяпсанми?! Дунё ва охиратда мен уларнинг валийсиман.
Сўнг дуо қилдилар:
– Аллоҳим! Жаъфарнинг оиласига Ўзинг ўринбосар бўл. Абдуллоҳнинг савдо-сотиғига барака бер!
Бу муборак дуо мустажоб бўлиб, Абдуллоҳ ҳаддан ортиқ бойиб кетди ва сахийлик қила бошлади.
Оталарнинг солиҳ бўлиши фарзандлар ҳаётини ҳимоя қилади. Бу Аллоҳнинг борлиқдаги ўзгармас қонунидир. Бу қонунни Аллоҳ ер ва осмонларни яратган пайтда йўлга қўйган ва Ўзининг азиз китобида зикр қилган: "Ўзлари, агар ортларидан заиф зурриёт қолдирсалар, улар ҳақида хавотирланадиганлар (бошқалар ҳақида ҳам) қўрқсинлар. Бас, Аллоҳга тақво қилсинлар ва тўғри сўз айтсинлар" (Нисо сураси, 9-оят).
Жаъфар розияллоҳу анҳу аҳлини, севганларини, ватанини ташлаб чиқиб динини сақлаб қолиш учун Ҳабашистонга ҳижрат қилган бўлсаю, Аллоҳ унинг фарзандларини қандай ташлаб қўйиши мумкин?! Аллоҳнинг дини ва шариати учун курашаётган кишини Аллоҳ қандай қилиб ғурбат диёрида Нажошийнинг мамлакатида зое қилиши мумкин?! Мута жангида қатнашган, икки қўли кесилса-да, Ислом байроғини танаси билан тутишга ҳаракат қилган зотнинг фарзандларини Аллоҳ қандай зое қилиши мумкин?!
Аллоҳдан кўра аҳдига вафодорроқ ким бор?! Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг ҳаёти Аллоҳ Ўз аҳдига вафо қилганининг белгисидир.
Юринг, тарихни бир айланиб келамиз. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳизр алайҳиссаломларга етим болаларнинг деворини тиклаб қўйишни буюрганида уларнинг оталари солиҳ бўлганини сабаб қилган эди. Бундан ортиқ вафо бўладими? Уларнинг отасини ҳеч ким танимайди. У солиҳ инсон бўлгани учун Аллоҳ икки буюк зотни унинг нураган деворларини тузатиб қўйишлари учун хизматкор қилиб юбормокда.
Болаларингизни муҳофаза қилмоқчи бўлсангиз, уларни Аллоҳнинг риояси ва ҳифзида топширмоқчи бўлсангиз, солиҳ бўлинг! Ва бўлди, бошка ташвишланманг! Аллоҳ асло ахдини бузмайди!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу кечаси қоим бўларкан, ухлаб ётган қизчасига қараб: «Эй қизалоғим! Бу сен учун», дер эди. Сўнг юқоридаги Мусо ва Ҳизр алайҳиссаломлар ҳақидаги девор билан тааллуқли оятни ўқирди: «Деворга келсак, у шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида икковларининг хазинаси бор эди. Уларнинг оталари солиҳ одам эди. Бас, Роббинг икковларининг вояга етишини ва хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Роббинг тарафидан раҳмат ўлароқдир. Мен буни ўзимча қилганим йўқ. Сен сабр қила олмаган нарсаларнинг таъвили ана шудир» (Каҳф сураси, 82-оят).
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди
Германиянинг “Hauptstadtecho” оммабоп электрон нашрида 7–11 июль кунлари юртимизда бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчиларининг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаатига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Унда форум иштирокчилари мамлакатимизда ислом цивилизациясининг бой илмий, маънавий ва маданий меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолагани таъкидланган.
Мурожаатда 50 дан ортиқ мамлакатнинг халқаро ташкилотлари, илмий ва таълим муассасалари раҳбарлари, вазирлар, муфтийлар, олимлар ва экспертлари номидан Ўзбекистон раҳбарига чуқур ҳурмат ва самимий миннатдорлик билдирилган.
Форум давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилгани, у глобал илмий ва гуманитар ҳамкорлик учун муҳим майдонга айлангани қайд этилган. Президентнинг форум қатнашчиларига йўллаган мурожаатида илгари сурилган ғоя ва тамойиллар анжуман кун тартибини белгилаб, самарали халқаро илмий ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратгани таъкидланган.
Шунингдек, форумнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилиши унинг тарихий ва илмий аҳамиятини янада оширгани, бу заминда асрлар давомида илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика ва астрономия каби илмлар ривож топгани алоҳида эътироф этилган.
Форум иштирокчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббусини сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида баҳолаган.
Мурожаат якунида Ўзбекистон заминида қабул қилинган қарорлар тинчлик, маърифат, ўзаро ҳурмат ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ислом цивилизациясининг бой маънавий ва интеллектуал меросини келгуси авлодларга етказишга хизмат қилишига ишонч билдирилган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати