Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 18 декабрь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, диний таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мен падари бузрукворим раҳматуллоҳи алайҳдан эшитганман: «Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир ўғиллари бор эди. Уни ҳазрат қаергадир илм таҳсил қилиш учун юбордилар. У олим бўлиб қайтди. Шайх Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳнинг бир мажлислари бўлар эди. Мажлисга ҳазратга яқин кишилар келарди. Ҳазрат уларга насиҳат қилиб турардилар. Ўғиллари келганида, ҳазрат унга: «Биродар, сен буткул янги илм ҳосил қилиб келгансан, бугун уларга сен ваъз қил», дедилар. У жудаям тетик эди.
Ҳазратнинг таклифини бажонудил қабул қилди. Мажлис ҳали жам эди. У ваъз айтди. Одамлар тинглайвердилар, тинглайвердилар. Лекин таъсирланмадилар. Оддий бир олимнинг гапини эшитдилар. Шундан кейин ҳазрат ташриф буюрдилар ва ўтириб, бор-йўғи шундай бир жумла айтдилар: «Биродар, биз бугун рўза тутишни ирода қилган эдик. Кечаси саҳарликда ичамиз деб сут сақлаб қўйган эдик. Лекин тақдирни қарангки, мушук сутни ичиб кетди ва биз рўза тута олмадик».
Бор-йўғи шу гапни айтдилар. Гаплари қаттиқ таъсир қилди. Кейин ҳазрат ўғилларига бундай дедилар: «Қара, сен соатлаб ваъз қилдинг. Уларга ҳеч нарса қилмади. Мен бор-йўғи бир оғиз гапирдим, одамларнинг қалбларига таъсир этди. Сен илм ўрганиб келдинг. Лекин энди қалб дардини пайдо қил, қалбингни Аллоҳга қайтаришга, яъни боғлашга ҳаракат қил. Кейин сенинг бир сўзинг, у фасоҳатли-балоғатли бўлса-бўлмасин фарқи йўқ, одамларнинг қалбларига, руҳиятларига таъсир қилади».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан