Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан самимий мулоқоти кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 18 декабрь куни Диний идора раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди. Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, диний таълим, оилавий масалалар ва моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолиятига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Мана шундай самимий қабул ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар кўрсатилган эътибордан кўнгиллари шод бўлишиб, хайрли дуолар қилишди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилояти бош имом хатиби Мусохон домла Аббосиддинов вакиллик мутахассислари, вилоятдаги шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари ва бош мутахассислари билан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда жорий йил 12 декабрь кунги Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги йиғилишида берилган топшириқлар ижросига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, имом-хатиблар меҳнат самарадорлигини ошириш, маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирларни фаоллаштириш ва маҳалла билан ҳамкориликдаги ишларда янада фаол бўлишга чақирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати