Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу
Баъзилар қашшоқ оила ёки фақир жамиятда ҳаёт кечиради. Бундай синовли вазиятда она – фарзандларига қамбағалликни енгишга ва қашшоқликдан ҳам устун турадиган бой қадриятлар борлигини ўргатиши лозим. Яъни камбағалликда яшаётган фарзандлар онанинг гўзал тарбияси сабабли ўзларини асло камбағал деб билмасликлари лозим.
Ушбу ҳикояни жажжи қизалоқ улғайганида сўзлаб берган.
Ёшлигимда қашшоқликда яшаганимизга қарамасдан онам мени “Қизим, биз боймиз” деб катта қилдилар. Камбағал оилада яшашимизни каттароқ синфга ўтганимда билганман.
Онам ҳамиша кийимларимни покиза, озода қилиб қўярди. Кечалари кийимларимни тикарди. Кийимимда ямоқлар жуда кўп бўларди. Ҳар куни эрталаб сочларимни тарарди. Оёқ кийимларини ҳам тозаларди. Онамнинг ғамхўрлиги сабабли мен ҳеч қачон ўзимни камбағал оиланинг фарзанди деб ҳисобламасдим.
Кунларнинг бирида мактабдаги дарсларим тугаганидан сўнг икки синфдошим: “Сен камбағалсан” деб мени мазах қилишди. Уларнинг айтган сўзлари менга оғир ботди, қаттиқ хафа бўлдим.
Уйга йиғлаб бордим. Уйимга яхшилаб разм солдим, уйимиз жуда эски ва таъмирсиз эди. Кўп жойларни онам ўз қўллари билан таъмирлаб, бўяб қўйганди. Музлатгич ҳам бўм-бўш эди. Онам мактбдан қайтганимдан бери мени кузатиб турган экан.
Музлатгичда ейишга егулик ҳам йўқ эди. Стол устида онам менга тайёрлаб қўйган 3-4 бўлак нон ҳам 4-5 кунлик эди. “Бу нимаси? Наҳотки мен камбағал эканимизни билмаган бўлсам. Биз ҳақиқатдан ҳам қашшоқ эканмиз”.
Онамнинг оёқларига ёпишиб олиб: “Онажон биз камбағалмизми?” деб сўрадим. Мен ўзимча онам мени алдашга уриниб, мени юпатса керак деб ўйлагандим. Аммо онам менга хотиржам қараб: “Камбағал? Биз камбағал эканмизми?! Йўқ, жонгинам биз асло камбағал эмасмиз”, деди.
Кейин онам музлатгични очиб: “Озгина бўлса ҳам ейишга ловиямиз бор. Айримларнинг уйида шу ҳам йўқ”, деди.
Ҳа, агар қизалоғим бизнинг пулимиз йўқ, шунинг учун биз камбағалмиз демоқчи бўлсанг, тўғри пулимиз кам бўлиши мумкин, аммо бизда бошқаларда йўқ кўп нарсаларимиз бор. Айримлар биз каби бахтли табассум қила олмаслиги мумкин. Биз бахтлимиз.
Бошқаларнинг бойлиги бўлса ҳам, соғлиғи бўлмаслиги мумкин. Биз эса соғ-саломатмиз.
Ўзгаларнинг пули кўп бўлиши мумкин, лекин оила аъзолари бир-бирига аҳил бўлмаслиги ва биз каби бир-бирини қаттиқ яхши кўрмаслиги мумкин. Шундай экан, асло хавотир олма қизалоғим, биз ҳақиқатдан ҳам боймиз. Бизда жуда кўп бойликлар бор”.
Онам мени шу тариқа кўнглимни кўтарарди. Ҳаётда енгилмасликка ўргатарди. Онам ҳамиша қорнимни тўйғизиш билан бирга, менга руҳий озуқа ҳам берарди.
Фарзандларимизнинг юзи ҳамиша умид табассумидан порлаб турсин. Уларнинг қалблари асло камбағалликдан ўксимасин. Дилбандларимизга Аллоҳ бизга жуда кўплаб неъматларини беминнат берганини ўргатайлик. Зеро, Роббимизнинг карами кенг Зотдир. У Ўзи хоҳлаган бандасининг қалбини ва ризқини кенг қилиб қўяди.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръони карим инсониятни ҳидоятга бошловчи Китоб. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломини башарият ичидан танлаб олган ҳабиб пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилди.
Қуръони каримдаги ҳар бир сура фазилатли. Лекин айрим сура ва оятларнинг алоҳида фазилатлари бор. Масалан, залзала сураси. Ушбу сура Қуръони каримнинг ярмига тенг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Изаа зулзилат сураси Қуръоннинг ярмига тенг келади”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси Қуръони каримнинг ярми ҳисобланишига сабаб – ушбу сурада қиёматнинг даҳшатлари баён этилган. Қуръони каримнинг деярли ярим қисмида бу кун ҳақида огоҳлантирилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким “Изаа зулзилатил арзу” (сураси)ни ўқиса, унга Қуръоннинг ярми(ни ўқиганнинг) савоби берилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Залзала сураси – Мадинада нозил бўлган, 8 оятдан иборат. Суранинг номи унинг биринчи оятидан олинган. Залзала – “зилзила” деган маънони англатади. Сурада қиёмат қоим бўлгандаги зилзила ҳақида сўз кетади. Сура қиёмат кунидаги баъзи воқеаларнинг васфи билан бошланади. Сўнг одамларнинг қайта тирилиши ва ҳисоб-китоб ҳақида сўз кетади.
Даврон НУРМУҲАММАД