Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хорижийлар
(ҳижрий 38, милодий 658 йил)
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан кейинчалик хорижийлар (хавориж) деб номланган алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. Аслида «хорижий» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар Алий ҳакамликни (Аллоҳнинг ҳукми ўрнига банданинг ҳакамлигини) қабул қилгани учун у зотни кофир бўлди деб фатво чиқаришди. Уларга ҳазрати Алийнинг ҳакамликни қабул қилганлари ёқмаган эди. Аслида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга хорижийларнинг ўзлари мажбурлашган эди. Энди эса Муовияга қарши урушга қайтишни талаб қила бошлашди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уларнинг талабини қабул қилмадилар.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта лашкар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида, орқадан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хорижийлар пайтни ғанимат билиб, ер юзидаги энг катта фасод ишларга қўл уришганди. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзлари учун ҳалол ҳисоблаб, мусулмонларнинг қонларини ноҳақ тўкиш, йўлтўсарлик қилишга қўл уришаётган эди. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳумо ва у кишининг ҳомиладор аёли ҳам бор эди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ортга қайтишга мажбур бўлдилар. Бориб уларга ваъз-насиҳат қилдилар ва огоҳлантирдилар. Аммо хорижийларга бу нарсалар таъсир қилмади. Улар сулҳни истамай, бир-бирларини жангга ҳозирлик кўришга тарғиб қила бошлашди.
Хорижийлар биринчи бўлиб уруш бошлашди. Урушда уларнинг деярли барчалари қирилиб битди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамларидан етти киши шаҳид бўлди, холос.
Хорижийлардан жуда камчилик одам қутулиб қолди. Ушбу жангнинг натижалари жуда ҳам хатарли бўлди. Ўлмай қолган оз сонли хорижийлар ҳар тарафга тарқалиб кетишди: улардан иккитаси Умонга, иккитаси Кирмонга, иккитаси Сижистонга, иккитаси Арабистон яриморолига ва биттаси Яманга қочиб кетди. Улар борган жойларида ўз жамоаларини туза бошлашди.
Мисрдаги қўзғалон
Юқорида бўлиб ўтган ишлар Шом аҳлига шижоат бағишлади. Улар байъат қилмасликда яна ҳам бардавом бўлдилар ва ўз ишларини кенгайтирдилар. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср томон юрди ва у ерни эгаллаб олди. Ҳижрий 38, милодий 658 йилдан бошлаб ўша ерда ўз ҳукмини ўрнатди. Шу тариқа Муовиянинг ҳукмронлиги кенгая бошлади. Муовия ибн Абу Суфён Мадинаи мунавварани, Маккани, Яманни ҳам эгаллаб олди. Лекин ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари у жойларни қайтариб олишди. Шу орада ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилдилар.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси