Cавол: Мен бозорда бир дўконни ижарага олиб, улгурчи тарқатувчилардан ҳар-бир маҳсулотдан биттадан олиб келиб, растага қўяман. Қачон сотилса, ўрнига яна олиб келаман. Яқинда эшитиб қолдим. Бу ишим жоиз эмас экан. Чунки ўзимники бўлмаган нарсани сотишга кирар экан. Шу тўғрими? Мен қандай йўл тутсам тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар маҳсулотларни сотиб олиб, сотсангиз, жоиз бўлади. Лекин уларни сотиб олмаган бўлсангиз бу ишингиз дуруст эмас. Чунки сиз ўзингизники бўлмаган нарсани сотган бўласиз. Шунингдек, бир маҳсулотни “Қачон, сотилса, пулини бераман” деган шарт билан олса ҳам савдо дуруст бўлмайди.
Агар маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлмасангиз, маҳсулот эгасининг вакили сифатида сотиб, бу ишингиз учун хизмат ҳаққи олишингиз ҳам жоиз. Лекин бу ҳолатда қанчага сотилса, ҳаммасини мол эгасига бериш лозим бўлади ("Ал-Баҳрур-роиқ" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Тошкентда ўтказилган Халқаро медиафорум якунлари ва Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси глобал маркази сифатидаги ролига бағишланган мақолалар чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, “Al Montasaf” нашри форум 40 та мамлакатдан 200 нафардан ортиқ журналист ва ОАВ вакилларини бирлаштириб, Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий машъал сифатидаги мақомини намойиш этгани ҳақидаги фикрни кенг ёритмоқда.
Шунингдек, “Eldameer” нашри Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига эътибор қаратган. Марказ қадимий қўлёзмаларни, жумладан, мамлакатда сақланаётган Мусҳафнинг энг қадимий нусхаларидан бирини тадқиқ этиш ва нашр қилишда нашриётларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.
Ушбу кенг кўламли маданий ва маърифий юксалиш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва қўллаб-қувватлаш туфайли мумкин бўлгани таъкидланади.
Бундан ташқари, “Eldameer” нашри саҳифаларида содир бўлаётган уйғонишнинг тарихий аҳамияти қайд этилиб, Ўзбекистон раҳбари шафелигида ислом мамлакатлари ёшлари ўртасида илмий-тадқиқот танловини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Тадбирнинг бой дастури, жумладан, иштирокчиларнинг буюк муҳаддис Имом Ал-Бухорий мақбарасини зиёрат қилиш учун Самарқандга режалаштирилган ташрифи ҳам ёритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати