Cавол: Мен бозорда бир дўконни ижарага олиб, улгурчи тарқатувчилардан ҳар-бир маҳсулотдан биттадан олиб келиб, растага қўяман. Қачон сотилса, ўрнига яна олиб келаман. Яқинда эшитиб қолдим. Бу ишим жоиз эмас экан. Чунки ўзимники бўлмаган нарсани сотишга кирар экан. Шу тўғрими? Мен қандай йўл тутсам тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар маҳсулотларни сотиб олиб, сотсангиз, жоиз бўлади. Лекин уларни сотиб олмаган бўлсангиз бу ишингиз дуруст эмас. Чунки сиз ўзингизники бўлмаган нарсани сотган бўласиз. Шунингдек, бир маҳсулотни “Қачон, сотилса, пулини бераман” деган шарт билан олса ҳам савдо дуруст бўлмайди.
Агар маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлмасангиз, маҳсулот эгасининг вакили сифатида сотиб, бу ишингиз учун хизмат ҳаққи олишингиз ҳам жоиз. Лекин бу ҳолатда қанчага сотилса, ҳаммасини мол эгасига бериш лозим бўлади ("Ал-Баҳрур-роиқ" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати