Cавол: Мен бозорда бир дўконни ижарага олиб, улгурчи тарқатувчилардан ҳар-бир маҳсулотдан биттадан олиб келиб, растага қўяман. Қачон сотилса, ўрнига яна олиб келаман. Яқинда эшитиб қолдим. Бу ишим жоиз эмас экан. Чунки ўзимники бўлмаган нарсани сотишга кирар экан. Шу тўғрими? Мен қандай йўл тутсам тўғри иш қилган бўламан?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар маҳсулотларни сотиб олиб, сотсангиз, жоиз бўлади. Лекин уларни сотиб олмаган бўлсангиз бу ишингиз дуруст эмас. Чунки сиз ўзингизники бўлмаган нарсани сотган бўласиз. Шунингдек, бир маҳсулотни “Қачон, сотилса, пулини бераман” деган шарт билан олса ҳам савдо дуруст бўлмайди.
Агар маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлмасангиз, маҳсулот эгасининг вакили сифатида сотиб, бу ишингиз учун хизмат ҳаққи олишингиз ҳам жоиз. Лекин бу ҳолатда қанчага сотилса, ҳаммасини мол эгасига бериш лозим бўлади ("Ал-Баҳрур-роиқ" китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Мисрлик ёзувчи Анис Мансурнинг ота-она ҳақида ёзган энг гўзал сўзлари:
"Ота-онанг сени ташлаб кетганларидан сўнг афсусланасан. Чунки сен уларга бирор ёрдам ёки бирор нарса таклиф қилганингда, улар "ҳожати йўқ", "керак эмас қўявер" дейишарди, сен эса уларга ишонардинг, виждонингни тинчлантирар эдинг – ҳақиқатан отамга керак эмас, онам ҳеч нарса истамаяпти, деб ўйлардинг.
Оталарингиз ва оналарингиз "ҳеч нарса керак эмас" деганларида уларга ишонманг. Улар буни сизни ўйлаб, сизни ҳолатингизни инобатга олиб ёки сиздан ҳижолат бўлиб айтишади... Сиз улардан сўрамасдан, уларга такаллуфлик қилмасдан, улардан рухсат олмасдан беринг, ҳадя қилинг.
Кўпчилик одамлар алдангани каби сиз ҳам отангизнинг қарилигига алданманг. Онангизнинг ёши улуғлиги, ожизлиги ёки соддалиги сизни алдаб қўймасин. Чунки уларнинг ҳар бирининг ичида эркалатишга ва эътиборга муҳтож бўлган бир бола яшайди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ