Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
05 Июн, 2025   |   9 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:08
Қуёш
04:51
Пешин
12:27
Аср
17:35
Шом
19:56
Хуфтон
21:32
Bismillah
05 Июн, 2025, 9 Зулҳижжа, 1446
Янгиликлар

Одамлар дардига дармон бўлиб...

25.12.2024   9137   1 min.
Одамлар дардига дармон бўлиб...

Кеча, 24 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов раислигида Зангиота туманидаги «Эшонгузар» жоме масжидида йиғилиш бўлиб ўтди.
 

Тадбирда ЎМИ Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов, бош имом ўринбосарлари, Зангиота туманидаги масжидлар имомлари, ҳудудлардаги ҳожи оталар, ҳожи оналар иштирок этди.


Йиғилишдан сўнг тумандаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд оилаларга кирилиб, уларга зарур кўмаклар кўрсатилди.


Шунингдек, арзимас сабаблар билан низолашган оилалар, келин-куёвлар кайвони ҳожи отанлар, ҳожи оналар кўмагида яраштирилди.


Тумандаги 21 та масжид имом-хатиблари ҳожилар билан бирга билиб-билмай ақидаси бузуқ кимсалар тузоғига тушиб қолган ёшлар билан ҳам суҳбатлар олиб боришди. Уларга Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг таълимоти тушунтирилди.


Бир куннинг ўзида ўнлаб оилаларга кириб, кўнгли ўксиклар ҳолидан хабар олиш, ёш оилаларни яраштириш, адашган инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш – савоби улуғ амал. Зеро, ҳадиси шарифда Набиййи муҳтарам алайҳиссалом: «Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни кетказса, Аллоҳ таоло ундан Қиёмат куни машаққатларидан бирини кеткизади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ  унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Тошкент вилояти вакиллиги 
Матбуот хизмати 

Одамлар дардига дармон бўлиб... Одамлар дардига дармон бўлиб... Одамлар дардига дармон бўлиб... Одамлар дардига дармон бўлиб... Одамлар дардига дармон бўлиб... Одамлар дардига дармон бўлиб... Одамлар дардига дармон бўлиб...
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайитини қандай ўтказар эдилар?

14.06.2024   1459   2 min.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайитини қандай ўтказар эдилар?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайити куни ғусл олардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити куни ва Қурбон ҳайити куни ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурбон ҳайитида қурбонлик қилишдан олдин ҳеч нарса емасдилар.

Бурайда розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни таомлангунларича (фитр намозига) чиқмас эдилар ва Қурбонлик куни намоз ўқигунларича таомланмас эдилар” (Имом Термизий ривояти).

 

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга пиёда юриб борардилар.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар” (Ибн Можа ривоят қилган).

 

  1. Масжидга кетишда Аллоҳни зикр қилардилар.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то намозгоҳга боргунларича такбир айтар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).

 

  1. Ҳайит намозидан олдин нафл намоз ўқимас эдилар.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозидан олдин ҳеч нарса ўқимас эдилар, манзилларига қайтганларида икки ракат намоз ўқир эдилар(Ибн Можа ривоят қилган).

 

  1. Масжидга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтар эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни (бориш ва қайтиш) йўлларини бошқа-бошқа қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Ҳайит намозидан сўнг қурбонлик қилардилар.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким намоздан олдин курбонлик қилса, у ўзига қўй сўйибди. Ким намоздан кейин сўйса, курбонлигини мукаммал қилибди ва мусулмонларнинг суннатини топибди”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

 

Аллоҳ таоло барчамизни ҳар бир ишда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга эгашувчилардан қилсин!

 Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар