Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз?

25.12.2024   8938   4 min.
Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сиз азизларга сўзлаб берадиган ҳикоям Макка шаҳрида бундан бир неча юз йиллар олдин содир бўлган ҳаётий воқеа ҳақидадир. Бу воқеа билан Саудияда нашр этиладиган газеталардан бирида танишганман.

Умра ибодатини адо этиш учун Макка шаҳрига борганимда газетадаги “Нима учун нурингни ортингда қолдирдинг?” деган мақолага кўзим тушди. Бу қизиқарли сарлавҳа мени ўзига жалб қилди. Бу нима дегани экан деб қизиқдим. Ҳикояни ўқиб, унинг мазмунини англадим.

Қадим замонда ўта бадавлат одам яшаган экан. У пайтлар қуллик даври эди. Бу бойнинг ҳам барча шахсий ишларида унга хизмат қиладиган қули бор эди.

Бомдод намозига азон айтилганда, хизматкор таҳорат учун сув тайёрлар ва хўжайинини уйғотарди. Таҳоратга ёрдамлашиб бўлгач, милтиллаб ёнадиган фонуси билан йўлини ёритиб масжидга олиб борарди. Бу даврларда ҳали электр ток, чироқлар йўқ, йўллар зимистон, чанг, кўчаларда тош ва чуқурлар кўп эди.

Шу зайлда қул 20 йилдан ортиқ хўжайинига хизмат қилди. Кунларнинг бирида одатдагидек бомдод намозига кетишаётганида бой юришдан тўхтаб, жойида бироз жим туриб қолди-да, кейин: “Гапларимни эшит эй Саид”, деди. Қулнинг исми Саид эди.

Бой: “Эй Саид, мен васиятномамда вафот этганимдан кейин меросхўрларим сени озод қилишларини ёздим. Бу сенга 20 йилдан бери менга қилган содиқ хизматларинг учун мукофот бўлади”, деб айтди.

Лекин бу гапдан Саид хурсанд бўлмади, хўжайинига ташаккур ҳам изҳор этмади, ҳатто бир оғиз сўз ҳам айтмади.

Эртаси куни яна одатдагидек масжид томон фонусни ёқиб йўлга тушишди. Аммо бу сафар ҳар гал хўжайиннинг йўлларини ёритиб кетадиган хизматчи орқа томонга ўтиб олганди. Хўжайин нега бундай қилаётганини тушунмай: “Нега орқамдан кетаяпсан? Саид сенга нима бўлди? Нега олдинда йўлни ёритиб кетмаяпсан?” деб сўради.

“Чунки сиз нурингизни ортда қолдирдингиз. Ҳаётлик вақтингизда эмас, балки вафот этганингиздан кейин мени озод қилишингиз ҳам худди шунга ўхшайди. Тириклик вақтингизда мени озод қилишни ўйламадингиз. Энди вафот этганингиздан кейин мени озод қилишга ваъда беряпсизми? Сиз қачон вафот этаркансиз, мен шунда тезроқ озод бўламан деб ўйлаб юришимни истайсизми? Мен учун сизнинг умрингиз узоқ бўлса-ю, сизнинг хизматингизни қилсам. Мен шундоқ ҳам умрбод сизга содиқ хизмат қилмоқчи эдим. 20 йилдан бери хизматингизда бўлаётган бўлсам, бирор марта мени озод қилишингиз ҳақида айтмагансиз. Лекин энди айтишингиз гўёки сизнинг вафотингизни кутаётгандек бўламан. Нега нурингизни олдингизда эмас, ортингизда қолдирдингиз?”.

Бу гапларни эшитиб бой одам қаттиқ таъсирланди. Унга: “Эй Саид шу дақиқадан эътиборан сен озодсан”, деди. Саид унинг бу таклифини рад этиб: “Мен сизнинг итоаткор хизматкорингизман”, деди.

Ушбу қиссадан қандай ибрат олинади. Кўпчилик ўз нурини олдида эмас, балки ортида қолдиради. Бу нима дегани? Айримлар: “Бой бўлсам фалон-фалон ишларни қиламан”, “Вафот этсам камбағалларга тўплаган бойликларимни тарқатишади”, “10 йилдан кейин фалон ишларни қиламан” дейишади. Нега ўша ишларни ҳаётлик вақтингизда, имконингиз борида қилмайсиз? Нега нурингизни ортингизда қолдирасиз, олдингизда эмас. Нега яхшиликлар қилишни узоқ йилларга сурамиз. Имкон борида дарҳол яхшилик қилиш ҳақида ўйламаймиз? Бирор яхшилик қилишни имконингиз борми, уни ҳозир қилинг, шунда нурингиз олдинда бўлади. Нурингизни асло орқада қолдирманг!

Мақоланинг видеолавҳа шакли

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

14.09.2026   9943   1 min.
Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши доирасида улуғ мутафаккир, тасаввуф олими Саййид Яҳё Бокувий меросига бағишланган халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ушбу нуфузли тадбирда Туркий давлатлар ташкилоти, Бутунжаҳон мусулмон донишмандлар кенгаши, IRCICA, ICESCO, Ал-Азҳар уламолар кенгаши вакиллари ҳамда етук шарқшунос ва исломшунос олимлар иштирок этмоқда.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари маъруза қилдилар.

Муфтий ҳазратлари Саййид Яҳё Бокувийнинг тасаввуф тарихидаги мақоми ва унинг таълимоти ҳақида тўхталдилар. Шунингдек, нутқда аллома нафақат тасаввуф, балки диний илмлар, табиий ва аниқ фанларни эгаллаган қомусий олим бўлгани, ўттизга яқин асарлари инсон нафсини тарбиялашда муҳим қўлланма экани таъкидланди.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларга таянган ҳолда қалб саломатлиги ва поклиги инсон ҳаётининг бош мезони эканини баён этиб, туркий халқларни боғлаб турган умуммаънавий илдизларга алоҳида урғу бердилар:

«Ҳазрат Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд ва Саййид Яҳё Бокувий каби буюк зотлар илгари сурган нафс тарбияси, инсонпарварлик ва юксак ахлоқ ғоялари бугун ҳам қардош халқларимизни бирлаштириб турувчи мустаҳкам маънавий кўприкдир. Бундай улуғ сиймолар меросини ҳамкорликда ўрганиш халқларимизнинг маънавий бирлигини мустаҳкамлаш ва ёшларимизни соғлом эътиқод руҳида тарбиялашга хизмат қилади».

Уч кунлик анжуман давомида Ўзбекистон илмий жамоатчилиги ҳам маърузалар билан иштирок этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари