Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларни қабул қилиб, муаммо, арз ва таклифларини тингладилар.
Қабул жараёнида Андижон, Наманган, Фарғона, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан келган фуқароларнинг масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, диний таълим, ҳаж-умра ҳамда моддий ёрдам олиш юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Айрим масалалар бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.
Дарҳақиқат, бировнинг дардини енгиллатиш, унинг ташвишлари осонгина бартараф этилишига ҳисса қўшиш – савоби улуғ амал. Чунончи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “... Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишни аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Мана шундай қабул жараёнлари мамлакатимиздаги барча жоме масжидларда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йили арафасида Сирдарё тумани "Бахт" жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммаджон домла Ғоибов ташаббуси билан саховатпеша ҳомийлар кўмагида хайрия тадбири ташкил этилди.
Тадбир доирасида ҳудуддаги "Тинчлик", "Зиёкор" ва "Тадбиркор" маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 20 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандларига мактаб ўқув қуроллари жамланмалари ҳамда байрам совғалари топширилиб, уларнинг кўнгли шод этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати