Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Тақво – Рамазон рўзасининг ғоясидир. Яъни рўзадан кўзланган мақсад – тақводир. Бунинг учун банда Аллоҳ таоло ҳаром қилган амаллардан қайтиши, буюрган амалларни адо этиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ахир, инсон фақат таомдан ҳамда ичимликдан ўзини тийса-ю, лекин ёлғон сўзлашни, ғийбатни, судхўрликни, одамларнинг обрўсини тўкишни тарк этмасдан рўза тутиши мумкин-ми?!
Рўза бандани нафсига қарши туришга, ғазабини ютишга ва одамлардан етган озорларга сабрли бўлишга ўргатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза қалқондир. Рўзадор фаҳш сўз айтмасин, жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар бирор киши у билан уришмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман”, десин».
Рўза бандани Аллоҳ таоло уни ҳамиша кузатиб турганини ҳис қилишга ҳамда ҳар бир ишни фақат холис Аллоҳ учун адо этишга ўргатади.
Шундай экан, рўза фақат таом ва шаробдан тийилиш эмас, балки нафсни тақво билан тарбиялашдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Албатта, тақводорлар жаннату анҳорлардадирлар. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадир” (Қамар сураси, 54-55-оятлар).
Даврон НУРМУҲАММАД
Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.
Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.
«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.
«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.
Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати