Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
КИРИШ
Онг инсон туғилганидан бошлаб доимо ривожланиб боради. Бу онгнинг тўғри ривожланишида атроф-муҳит таъсири муҳим ўрин тутади. Хусусан, ёш бола ҳамиша атрофдагиларнинг ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади.
МУАММО
Аммо, айрим ота-оналарнинг фарзандига нисбатан қўпол муносабатда бўлиши, дўқ-пўписа қилиши, болани ҳақоратлаши, оғзаки қўрқитиши ёки бақириши кўплаб салбий оқибатларга олиб келади. Катталарнинг бундай ҳаракатлари болаларнинг ривожланишини зарарлайди, боланинг ўзига бўлган ишончини синдиради.
ТАДҚИҚОТЛАР
Бу борада кўплаб тадқиқотлар мавжуд бўлиб, уларнинг барчаси бир ҳақиқатни тасдиқлайдики, яъни болалик даврида турли зўравонликларга дучор бўлган шахслар депрессияга икки баробар кўпроқ мойил бўлади.
Қўпол муносабатда улғайган боланинг миясидаги нуқсон ва шикастланишлар Гарвард университетининг тиббиёт факультетида олиб борилган тадқиқотларда ҳам исботланган.
Замонавий технологиялар асосида олиб борилган тадқиқотларга кўра, ёшлигидан қўполликдан азият чеккан болаларнинг миясида ва фикрлаш қобилиятида нуқсонлар кузатилган, айниқса миянинг ўнг ва чап ярим шарларида заифлик аниқланган.
Болалар зўравонлиги бўйича эксперт Шанта Дюб айтади: “Ота-оналар баланд овозлари ва “аҳмоқ”, “дангаса” каби сўзлари фарзандларига қанчалик салбий таъсир кўрсатишини афсуски яхши билишмайди”.
Тадқиқотчи Питер Фонагининг қайд этишича, болалар катталар нима деса, шунга ишонадиган бўлади. Улар катталарни жиддий қабул қилади. Катталарнинг болаларга қўпол сўзлари нафақат болаларнинг миясига шикаст етказади, балки жамият билан алоқа қила олмаслигига ҳам сабаб бўлади.
21 минг нафар иштирокчи қатнашган тадқиқотда: болаликда қўпол муомалада вояга етганлар бошқаларга қараганда 20% фоиз кўпроқ гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мойил бўлиши, уларнинг қамоққа тушиб қолиш хавфи эса ота-онасининг бақиришларини эшитмаганларга қараганда 2 баробар кўпроқ экани аниқланди.
РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ЁШ БОЛАЛАРГА ҚАНДАЙ МУНОСАБАТДА БЎЛАРДИЛАР?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш болаларга отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 10 йил хизмат қилдим. У зот бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки “Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди”, дер эдилар”.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар ва: “Аллоҳим, мен буни яхши кўраман, Сен ҳам яхши кўргин” деб айтардилар».
Сиз ҳам фарзандларингизга уларни яхши кўришингизни айтинг ва “Аллоҳим фарзандларимни Сен ҳам яхши кўргин”, деб дуо қилинг.
ЯКУН
Аллоҳ таолодан бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашганлардан қилишини ва фарзандларимизни у зот алайҳиссаломдан ўрнак олиб тарбия қилишимизга мадад беришини сўраб қоламан.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй азиз ёшлар!
Сиз гиёҳванд модданинг қулига айланиш учун дунёга келмагансиз.
Аллоҳ сизни буюк мақсадлар учун яратди. Сиз гўзал орзулар сари қадам ташлайдиган, илм олиш, Инсонийятга хизмат қилиш, ота-онангизнинг юзини ёруғ қилиш учун яратилгансиз.
Сизни онангиз тўққиз ой бағрида кўтариб, тунлари уйқусиз қолиб, кўз ёш тўкиб катта қилгани – бир кун келиб кўчаларда сарсон бўлишингиз учун эмас.
Отангизнинг пешона тери, машаққати ва умри – заҳар тутатиб ўтиришингиз учун эмас.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг...
Агар бугун сиз қўлингиздаги гиёҳванд моддага қараётган бўлсангиз, бир четда онангиз сизнинг келажагингиз ҳақида дуо қилиб ўтиргандир. Агар сиз гуноҳга қадам қўяётган бўлсангиз, отангиз сизни одамлар ичида ҳурматли инсон бўлсин деб меҳнат қилаётгандир.
Сиз бунинг учун туғилмадингиз!
Сизнинг қўлингизда кашфиётлар калити бўлиши керак эди, заҳар эмас.
Сизнинг тилингизда шукру зикр бўлиши керак эди, дилларни оғритадиган гаплар эмас.
Сизнинг қалбингизда орзу ва мақсадлар бўлиши керак эди, пушаймонлик эмас.
Бугун сизни гуноҳга чорлаётган "дўстлар" қабрга сиз билан кирмайди. Ҳисоб-китоб кунида ҳам ёнингизда турмайди. Аммо қилган амалларингиз сиз билан бирга боради.
Шунинг учун ҳали вақт бор экан, ортга қайтинг!
Бир дона тавба баъзан йиллар давом этган гуноҳдан кучли бўлади.
Бир дона қатъий қарор баъзан бутун ҳаётни ўзгартириб юборади.
Эй ёш мусулмон! Сиз ТикТок ва Instagram лентасида адашиб қоладиган, нафсининг ортидан югурадиган авлод эмас, балки тарих ёзадиган авлодсиз.
Сиз умматнинг умиди.
Сиз ота-онангиз дуоси.
Сиз жонажон ватанингизнинг эртанги умидисиз.
Сиз илм мажлисларининг безагисиз.
Ўзингни арзон нарсаларга сотиб юборманг. Чунки Аллоҳ сизни жуда қиммат яратган.
Бир лаҳзалик кайф учун бир умр афсус чекишга арзимайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”.
Гиёҳванд моддага берилган инсон ҳам ўзига ҳам бошқаларга улкан зарардир.
Уламоларимиз айтадилар: “Маъсиятларнинг бошланиши шаҳватдир, охири эса ҳасрат ва надоматдир”.
Бугун гуноҳ лаззатдек кўринади, аммо эртага қалбни эзадиган пушаймонликка айланади.
Эй ёшлар! Бир лаҳзалик лаззат учун бир умр ҳасрат чекиб қолманг. Гиёҳвандлик сизга бахт ва эркинлик эмас, қуллик ва пушаймонлик олиб келади. Ўзингизни ҳам, ота-онангизнинг умидларини ҳам асранг!
Аллоҳ барча ёшларимизни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва ҳар бир ёмон иллатдан асрасин. Омин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби