Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Ноябр, 2026   |   5 Жумадул сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:49
Қуёш
07:11
Пешин
12:13
Аср
15:23
Шом
17:07
Хуфтон
18:23
Bismillah
15 Ноябр, 2026, 5 Жумадул сони, 1448

Ҳақни тан олмаган - мутаассибдир

04.01.2025   9209   2 min.
Ҳақни тан олмаган - мутаассибдир

Шариатимиз доимо мутаассибликка қарши бўлиб, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу иш қораланган. Мутаассиблик оқибатида доимий равишда динга зарар етказилди, бу ҳол ҳозирда давом этмоқда. Мутаассибликдан ёшларни ҳимоя қилиш учун унинг мазмун-моҳиятини, олимлар унга қандай таъриф берганини билишимиз лозим.

Мутаассиблик бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишдир. Ҳозирги замон тили билан бу фанатизм ҳам дейилади.

Мутаассиб киши кўр-кўрона, хоҳ тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзини фикрини ҳақ, бошқаларникини ноҳақ деб эътиқод қилган ҳолда ўз тушунчасини амалда кўрсатишга ҳаракат қилади.

“Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган.

Уламолардан Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ: “Мутаассиблик  ҳақ зоҳир бўлса ҳам уни тан олмасликдир”, деб айтган.

Шайх Аловуддин Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи: “Далил зоҳир бўлганда, ақидаси ҳақни тан олишдан тўсадиган киши мутаассиб ҳисобланади”, деган.

Содруш шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Маҳбубий эса: “Билингки, бидъат икки ишнинг биридан пайдо бўлади. Биринчиси мутаассибликдан, иккинчиси аҳмоқликдан. Бир инсон ақли жойида бўлган ҳолида қалбидаги ақидаси бузуқ бўлгани боис ҳақни тан олмасдан катта кетса, ана шу кимса мутаассиб бўлади”, деб айтган.

Аллоҳ таоло бундай кимсаларга таҳдид қилиб Нисо сурасининг 15-оятида: «Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!», деб айтган.

Шунингдек, мутаассиб киши жамият ичида тарафкашлик ва бўлиниш юзага чиқишига ҳам сабабчи бўлади. Бу ҳам муқаддас динимизда қораланган ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло барчамизни бундай кимсалардан бўлиб қолишдан ўзи паноҳ берсин, ўзи ҳидоят йўлга йўлласин!

Манба: “Диний мутаассиблик, моҳият, мақсад ва уни олдини олиш йўллари” китоби

Абдусаломов Ҳожимурод,
Тошкент Ислом институти талабаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳамдардлик билдирамиз

14.11.2026   46831   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Диний идоранинг етакчи мутахассиси Давронжон Турсуновнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.


Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан ҳожи онанинг яқинларига хусусан, Давронжон ҳожи Турсуновга ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози бугун, аср намозидан сўнг "Эшонхўжа ота" жоме масжидида ўқилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Muslim.uz

Ўзбекистон янгиликлари