Одам ва Ҳавво алайҳиссалом ман қилинган дарахт мевасини тановул қилганларидан кейин, Аллоҳ уларни ерга туширди.
“Сўнг шайтон унга васваса қилиб: “Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”, деди.
Бас, ундан ейишлари билан авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди.
Сўнгра Парвардигори уни сайлаб — Ўзига яқин қилиб, тавбасини қабул этди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди.
Аллоҳ айтди: “Ундан ҳар иккингиз тушингиз. Айрим зурриётларингиз айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас” (Тоҳа, 120-123).
Одам ва Ҳавво алайҳумиссаломларнинг қаерга тушгани ҳақида Қуръони каримда маълумот келмаган.
Айрим уламолар ҳадисларга таянган ҳолда, Одам алайҳиссалом Ҳиндистонга туширилган, деган фикрни айтадилар.
Масалан, Ибн Асокир “Тарихи Димашқ” (7/437) китобида Одам алайҳиссаломнинг Ҳиндистонга тушгани ва жаннатдан чиқарилганидан кейин ўзини ёлғиз ҳис қилгани ҳақида ҳадис ривоят қилган.
Шунингдек, бошқа ҳадислар ҳам ривоят қилинган, аммо буларнинг аксарини уламолар заиф деганлар.
Айрим уламолар ва салафлар Одам алайҳиссалом Ҳиндистонга, Ҳавво онамизни эса Жидда шаҳрига тушганлар, деб айтганлар. Одам алайҳиссалом ўз жуфтини қидириш жараёнида Муздалифага етиб келганлар. Бу ер “издалафа” сўзидан олинган бўлиб, “яқинлашиш” маъносини англатади.
Бундай ривоятлар “Мустадрак, Имом Ҳоким” (2/542), “Мусаннаф, Имом Абдурраззоқ” (5/93-116), “Тарихи Табарий” (1/121) каби манбаларда учрайди.
Бироқ, аксар уламолар бу ҳақдаги маълумотлар аҳли китоблар ривоятларига асосланган дейишган.
Табароний, Абу Нуайм ва Ибн Асокирлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам алайҳиссалом Ҳиндистонга тушган”, деганлар.
Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: “Аллоҳ Одамни туширганда Ҳинд ерига туширган. У кейин Маккага келган. Сўнгра Шомга бориб, ўша ерда вафот этган”.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ислом тарихи” китобида, тарихчилар Одам Ато ва Момо Ҳавво ер юзининг қайси ҳудудига тушганлари тўғрисида ихтилоф қилгани ҳақида ёзади. Бу борада турли-туман ва жуда кўп гаплар айтилган. Одам Ато ва Момо Ҳавво Арабистон яриморолига туширилган, деган фикр эгалари кўпчиликни ташкил этади. Яна Ҳиндистондаги тоғ яқинига туширилган, деганлар ҳам бор, дейилган ўша китобда.
“Дурри Мансур” китобида ва Ибн Асокир Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қилган ривоятда ва бошқа бир қанча манбаларда Одам ва Ҳавво жаннатдан чиқарилганда Ер юзининг қайси минтақасига тушгани ҳақида турли нақллар бор:
Одам ва Ҳавво Макка билан Тоиф ўртасидаги Дажна деган жойга тушган;
Одам Сафо тоғига, Ҳавво Марва тоғига тушган. Бу икки тоғ ҳам Макка шаҳрида ҳозирги Ҳарам ҳудудида жойлашган.
Одам Ҳинд диёрига, Ҳавво Жидда шаҳрига тушган. Одам Ҳаввони истаб, уни Макка шаҳридаги Муздалифада топган. Шу боис, уни Жамъ деб ҳам аталади. Чунки Одам ва Ҳавво шу ерда жамланган, учрашган. Унинг Муздалифа деб номланиши эса Ҳаввонинг Одамга яқин келиши, учрашиши учундир. Уламолар Ҳиндистон томондаги жойни Сарандиб, яъни Шри-Ланка ороли, Бавз номли тоғ деганлар. Шри-Ланкани 1972 йилгача европаликлар Цейлон деб аташган.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси.
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ