Ўтган 2024 йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбариятининг Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида хайрия йўналишидаги бир қанча масалалар юзасидан музокаралар бўлиб ўтган эди. Хусусан, Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси кам таъминланган оилаларга ёрдам ажратиш, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, улар учун касб ва билимга ўргатиш курсларини ташкил этиш, зарурий жиҳоз-ускуналар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, қўлтиқтаёқ ва протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш каби бир қанча йўналишлар доирасида фонд билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган эди.
Кеча ана шу музокаралар натижаси ўлароқ, Қатар давлати маблағлари ҳисобига харид қилинган юздан ошиқ ногиронлик аравачалари ва 80 га яқин қўлтиқтаёқлар “Вақф” хайрия жамоат фондига олиб келинди. Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш акцияси доирасида келтирилган мазкур жиҳозларни топшириш жараёнида Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини вақтинча бажарувчи Фаҳад Али ал-Ҳаммадий иштирок этиб, фонд билан ҳамкорликдан миннатдор эканлигини, ўзгалар парваришига муҳтож инсонларга оз бўлсада ёрдам бераётганидан хурсандлигини билдирди.
Ўз навбатида “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар элчихонаси вакилига миннатдорлик билдириб, бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун ҳам хайрли бўлаётганини, бу жиҳозлардан кўплаб инсонларнинг мушкули осон бўлишини таъкидлаб ўтди.
Ўзаро мулоқот давомида икки томон ҳам бу каби хайрли ташаббусларни янада кўпайтиришни мақсад қилишди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати