Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг барча сифатлари ҳам камолот сифатларига дахлдор эканига шубҳа бўлиши мумкин эмас. У кишининг буюк ҳаётларини диққат билан ўрганган уламолар Оиша онамиз розияллоҳу анҳода бошқаларда бўлмаган қирқта комилалик сифатлари бор эканини таъкидлайдилар. Ана шунинг учун ҳам бу ҳақда бир-икки оғиз сўз айтмоқни раво кўрдик.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканмиз, бу сифатлар рўйхатининг бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадиси шарифлар туришини айтиб ўтмоғимиз лозим. У зот Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларида ажойиб мадҳларни айтганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша! Мана бу Жаброил, у сенга салом айтмоқда», дедилар.
«Ва алайҳиссалому ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен кўрмаган нарсани кўрасиз», дедим».
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа кимга салом айтганлар?
Жаброил алайҳиссалом бу дунёда пайғамбарлардан бошқа биргина инсонга – Оиша онамиз розияллоҳу анҳога салом айтганлар.
Мана шу улуғ мақомнинг ўзи бир оламга татийди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар. Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади.
Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир», дедилар».
Иккисини Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда аслида аёлларнинг, хусусан, Марям онамиз, Осиё онамиз ва Оиша онамизнинг бошқа аёллардан устун бўлган фазллари ҳақида сўз боради.
«Эркаклардан кўпчилик баркамол бўлдилар».
Эркаклардан баркамол бўлганлар рўйхатининг аввалида Пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Улардан бошқа баркамол эркаклар ҳам бор. Бу ҳақиқат ҳаммага маълум.
«Аёллардан Марям Имрон қизи ва Фиръавннинг аёли Осиёдан бошқаси баркамол бўлмади».
Бу икки улуғ зотнинг баркамол бўлганликлари Қуръони каримда уларнинг биргаликда, хос зикр қилинишларидан ҳам билиб олинади.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида:
«Аллоҳ иймон келтирганларга Фиръавннинг хотинини мисол қилиб келтирди. Ўшанда у: «Роббим! Менга Ўз ҳузурингда, жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин», деб айтди», деган (11-оят).
Фиръавннинг хотини ўша пайтдаги энг катта подшоҳнинг аёли эди. Емак-киймакда тўкин эди. Нимани хоҳласа, шуни қилиши мумкин эди. Қасрларда, турли неъматлар ичида фароғатда яшашига қарамасдан, у кофир ва золим эрига ҳамда қавмига қарши чиқди. Аллоҳга иймон келтирди. Аллоҳдан жаннатда уй қуриб беришини сўради. Бу ҳол эса дунё ҳою ҳавасидан устун келишнинг олий мисолидир.
Мўминларнинг иккинчи мисоли Марям бинти Имрондир.
«Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва У Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди» (12-оят).
Имроннинг қизи Марям Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ана шу пок жасадга ўз руҳидан «пуф» дейиши билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган.
«Оишанинг бошқа аёллардан устунлиги сарийднинг бошқа таомлардан устунлигига ўхшайдир».
Энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари – Оиша онамизнинг фазллари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бошқа аёллардан фазлларини сарийд деб номланадиган таомнинг ўша вақтдаги бошқа таомлардан устунлигига ўхшатмоқдалар.
Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар яшаб турган жамиятнинг шароити ва таомилига кўра, сарийд бошқа таомлардан афзал таом ҳисобланар эди.
Худди шунга ўхшаб, Оиша онамиз ҳам бошқа аёллардан афзал эдилар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?!
Ушбу мақомга бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлдилар.
Термизий ва Бухорий Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Зотус-Салосил аскарига бошлиқ қилдилар. Қайтиб келганда:
«Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг қайсиниси сиз учун энг маҳбубдир?» дедим.
«Оиша», дедилар.
«Эркаклардан-чи?» дедим.
«Унинг отаси», дедилар.
«Сўнгра ким?» дедим.
«Сўнгра Умар», дедилар ва бир неча одамларни санадилар. Бас, мени охирларида қилиб қўймасинлар, деб, сукут сақладим».
Аллоҳнинг Расули учун одамларнинг қайсиниси энг маҳбуб экан?
Аллоҳнинг Расули учун одамлар ичида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо энг маҳбуб эканлар.
Бу дунёда ким ушбу мақомга сазовор бўлибди?
Ушбу мақомга бу дунёда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо сазовор бўлибдилар.
Имом Абу Яъло «Муснад»ларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:
«Менга ҳеч бир аёлга берилмаган тўққиз нарса берилган:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланишга амр қилинганларида Жаброил алайҳиссалом суратимни олиб тушиб, у зотга кўрсатган.
– У зот менга бокира ҳолимда уйланганлар. Мендан бошқага бокира ҳолида уйланмаганлар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлари менинг қучоғимда турган ҳолда вафот этдилар.
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда дафн қилиндилар.
– Фаришталар менинг уйимни ўраб олган эдилар. У зотга мен у кишининг кўрпаларида турганимда ваҳий нозил бўлар эди. У зот мени ўзларидан узоқлаштирмас эдилар.
– Мен у зотнинг халифалари ва сиддиқларининг қизиман.
– Менинг оқловим осмондан нозил бўлган.
– Мен покнинг ҳузурида пок яратилганман.
– Менга мағфират ва карамли ризқ ваъда қилинган».
Имом Қуртубий ўз тафсирларида Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг камолот сифатлари ҳақида сўз юритар эканлар, жумладан, қуйидагиларни айтганлар:
«Баъзи аҳли таҳқиқлар айтурлар:
«Юсуф алайҳиссалом фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини бешикдаги гўдакнинг тили билан оқлади.
Марям фоҳишаликда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини ўғиллари Ийсо алайҳиссаломнинг тили билан оқлади.
Оиша фаҳш ишда туҳмат қилинганида Аллоҳ у кишини Қуръон билан оқлади. Аллоҳ у киши учун гўдакнинг оқлашини ёки набийнинг оқлашини раво кўрмади. Аллоҳ у кишини туҳматдан Ўз каломи ила оқлади».
Аллоҳ таоло бу дунёда кимни туҳматдан Ўз каломи ила оқлабди?
Аллоҳ таоло бу дунёда фақат Оиша онамиз розияллоҳу анҳони туҳматдан Ўз каломи ила оқлаган.
"Нубувват хонадони хонимлари" китобидан.
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати