Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан
Коинотда, атроф-жавонибимизда, тарихда ва ҳатто ўз нафсимизда кечадиган баъзи бир ҳолатлар, ўзгаришлар борки, ана шу ҳолатлар бизларнинг кейинги аҳволимиздан огоҳлантиради. Ушбу ҳолатларни бир сўз билан “аломатлар” (белгилар) деб номланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизларни ана шу аломатлар билан огоҳлантириб туришини баён қилган.
Масалан, инсон туғулганда ҳеч нарсани билмайдиган норасида гўдак бўлади. Аста-секин улғая боради, куч қувватга тўлади, ақл-заковати ортади ва охир оқибат яна кексайиб кучдан қолади. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Сизларни Аллоҳ яратди. Сўнгра вафот эттиради ҳам. Сизларнинг орангизда энг тубан умр кўришга (кексайиб, заиф ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг ҳеч бирини билмай қоладиган кишилар ҳам бордир. Албатта, Аллоҳ билимли ва қудратлидир” (Наҳл сураси, 70-оят). “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини хам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин сураси, 68-оят).
Сочда оқ, суякларда мўртлашиш бошланиши билан инсон огоҳ бўлиши керак. Зеро, бу умрнинг поёнига етиб бораётганлигидан далолатдир. Аллоҳ таоло ушбу аломатлар билан бизларни огоҳлантирмоқда. Демак, энди инсон маъсиятлардан тийилиши, гуноҳларига тавба қилиши, оламларнинг раббиси бўлмиш Аллоҳ таолога юзланиши, охират тадоругини кўриши лозим бўлади.
“Бас, қачонки, у (инсон) вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: “Роббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонлардандирман”, – дейди” (Аҳқоф сураси, 15-оят).
Қирқ ёш камолот ёши ҳисобланади. Шу ёшга етишнинг ўзи инсоннинг Роббисига қайтмоқ фурсати келганлигидан далолатдир. Оқил инсон ушбу ёшда тавба йўлига ўтади. “Роббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди. Эй, Раббим! Мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) бахтсиз бўлган эмасман” (Марям сураси, 4-оят).
Табиат ҳодисаси бўлмиш зилзилалар ҳам Аллоҳ таолонинг огоҳлантиришларидан бири ҳисобланади. “Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида, Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида, ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида, – ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар” (Залзала сураси, 1-4-оятлар).
Демак, зилзила ҳам коинотдаги аломатлардан бири бўлиб, инсонга охират кунини эслатади, Аллоҳга тавба қилиб, Унга қайтмоқлик фурсати келганлигига далолат қилади.
Аллоҳ таоло осмон жисмлари бўлмиш Ой ва Қуёшларни ҳам бежиз яратмаган. Уларни коинотда сайр қилдириб қўйганлигининг ўзи ҳам инсоният учун бир огоҳлантириш. Яъни умр ўтиб бораётганлиги, вақт оз қолаётганлигининг аломатидир.
“Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли зот)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз” (Ёсин сураси, 38-39-оятлар).
Дарҳақиқат, Ой аввал бошда ҳилол бўлиб кўринади, сўнгра тўлин ой шаклига киради. Ундан кейин яна ҳилол ҳолатида қайтиб тугайди. “Сиздан (эй, Муҳаммад!) ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. “Улар одамларга (йил ҳисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир”, – деб айтинг” (Бақара сураси, 189-оят).
لكل شئٍ إذا ما تم نقصانه فلا يُغر بطيب العيش إنسان
هي الأمور كما شاهدتها دول من سرّه زمن ساءته أزمـــــــــان
Маъноси:
Ҳар нарсаки камолга етгач, нуқсонга учрар,
Айшнинг роҳатига алданма, инсон.
Кўрганингдек, ишлар навбати билан,
Бир гал масрурдирсан, бошқа пайт ғамнок.
Мазкур байтларни Абулбақо ар-Рундий раҳимаҳуллоҳ (601-684ҳ./1204-1285м.) Андалусиянинг мағлубиятини кўрганда айтган экан.
Демак, оқил инсон тарихдан ҳам, табиат ҳодисаларидан ҳам, ҳатто ўзининг хилқатидаги ўзгаришлардан ҳам ўзи учун хулосалар олиши ва бу хулосалар унинг имонининг қуввати ортишига, гуноҳлардан қайтиб, Аллоҳнинг тоатига бўйин эгишга сабаб бўлмоғи лозим.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ