Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).
Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».
Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.
«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».
Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар.
«Тафсири Ҳилол» китобидан
فَلَمَّا جَاءَ أَمْرُنَا نَجَّيْنَا صَالِحًا وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ بِرَحْمَةٍ مِّنَّا
“Амримиз келган пайтда раҳматимиз ила Солиҳга ва у билан бирга иймон келтирганларга нажот бердик” (Ҳуд сураси, 66-оят).
“Раҳматимиз ила” деган жойини тааммул қилинг.
Зиқлик кетидан хурсандчилик келдими, демак Аллоҳнинг раҳмати билан.
Беморлик кетидан шифоси келдими, дори ё шифокор эмас, Аллоҳнинг раҳмати билан бўлибди.
Ишсизлик кетидан жўяли иш чиқдими, диплом ё тажрибангиздан эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати билан экан.
Умидингиз узилганда фарзандли бўлдингизми, зўр шифохонадан эмас, Аллоҳнинг раҳматидандир.
Бу дунё сабаблари Аллоҳ изн бермаса, ҳеч нарсага ярамайди.
Кўриб турибмизку, минглаб касаллар даволанса ҳам тузалмаяпти.
Қанча олий маълумотлилар ишсизликдан азият чекяпти.
Оила ҳаммада бор, лекин фарзанд...
Ҳузурингиздаги барча неъматнинг муаллифи Аллоҳдир. Шундай экан фазл қилган Зотнинг фазлини эътироф этинг.
Шарқовий. “Қурондан мактублар”.