Банда оламдан ўтса, уни ювиб кафанлаш, жаноза ўқиб дафн этиш ортда қолган мусулмонлар зиммасига тушади. Одамлар маййит ҳурматини жойига қўйиб, жаноза ўқиб дафн этишлари, Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлашлари мумкин. Бироқ улар марҳум зиммасидаги фарз ибодатларни тўкис бажаролмайдилар. Ҳамма гап шунда.
Бошқа тарафдан олиб қараганда, кўпчилик Қуръон ўқимай юргани учун ҳам руҳий тушкунликка, депрессияга тушиб қоляпти. Ҳар қадамда стресс (руҳий зўриқиш, асаббузарлик) кузатилади. Баъзи одамлар асаби чатоқ, сал нарсага ловуллаб ёниб кетади, сиркаси сув кўтармайди. Бунинг сабабини суриштирсангиз, Қуръон ўқимаслиги, Исломдан бехабарлигидан экани билиниб қолади. Ҳатто Қуръон таржимасини олиб ўқишга ҳам қунт қилмайди. Аллоҳнинг Каломини ўқимасдан қандай қилиб хотиржам яшаш мумкин?!
Хуллас, айни дамда ечими қийин бўлиб турган глобал руҳий муаммонинг оддий давоси – Қуръон ўқиш, охиратни эслаш.
Унутмайлик: Қалб зангини, кўз ширасини зеб-зийнатлар, бойлик, обрў-эътибор билан кетказиб бўлмайди. Қалби зилол сувдек мусаффо, икки дунёси обод бўлишини истаган инсон охиратни унутмайди, Аллоҳнинг Каломини қунт билан ўқиб-ўрганади.
Ҳозирги пайтда ҳар хил касалликлар кўпайган, авваллари маълум бўлмаган иллатлар пайдо бўлган. Одамлар улардан қутулиш учун пулларини, олтиндан қиммат вақтларини сарфлаяптилар. Шунга қарамай, шифохоналар касаллар билан тўла, беморлар сафи камайишидан дарак йўқ. Бунинг боиси нимада?
Сабаби, кўп одамлар мукаммал шифо нимадалигига аҳамият бермайдилар. Тиббиёт ходимлари бор эътиборларини моддий муолажаларга қаратиб, руҳий жиҳатларга унчалик парво қилишмайди. Шунинг учун беморлар дарддан тўлиқ соғайиб кетишлари қийин кечади.
Танадаги дарддан бутунлай халос бўлишда Қуръоннинг аҳамияти беқиёс. Зеро, Қуръон тушкунлик, паришонхотирлик, ғам-андуҳ, сеҳр, кўз тегиши каби иллатларга тенги йўқ шифодир. Замонавий тиббиёт бундай касалликларни таг томири билан даволашга кўп ҳолларда ожизлик қилади.
Уламолар айтишича, табобат иккига бўлинади: бадан табобати, қалб табобати.
Бадан табобатида инсон танасининг ҳолати, касалликни даволаш йўл-йўриқлари ўрганилади. Қалб табобатида эса инсон қалбини касал қилувчи иллатлар, уларнинг давоси ўрганилади.
Динимиз, исломда ҳар икки жиҳатга эътибор берилади. Айниқса, қалб табобатига – руҳий тарбияга алоҳида аҳамият қаратилади.
Қуръон ҳар қандай касалликни тузатади, руҳий ёки танадаги касалликми, сеҳрми, жин тегишими, тери касалликларими, барчасига шифо бўлади. Бунинг учун беморнинг эътиқоди тўғри бўлса, кифоя. Зотан, соғлом ақида шифонинг ярмидир.
Т. Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати