Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Масжидда таҳоратни 2 нарса кетказади

15.01.2025   9701   3 min.
Масжидда таҳоратни 2 нарса кетказади

Динимизда покликка алоҳида эътибор қаратилган. Ибодатларнинг улуғларидан бири намоз амалини дуруст бўлиши таҳоратга боғлиқ. Намозда таҳорат тўлиқ ва мукаммал бўлиши керак. Таҳорат масаласи ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб ҳукмлар келган.

Хусусан аждодимиз, буюк муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асарида алоҳида бўлим очиб унга «Таҳорат китоби» деб ном берган. Ва энг аввал бобни таҳорат ҳақида келган Моида сурасининг Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар” деган 6-оятини келтирган. Ва давомида “Набий алайҳиссалом таҳоратни бир марта, икки марта ва уч марта қилинишини баён қилдилар”, деган.

Кейин эса “Таҳоратсиз намоз қабул бўлмайди” деб иккинчи бобга ном берди ва унда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисини келтирди. У ҳадисни Имом Бухорийга устози Исҳоқ ибн Иброҳим Ҳанзалий айтди, унга Абдурраззоқ, унга Маъмар, унга Ҳаммом ибн Мунаббиҳ айтди, у Абу Ҳурайрадан эшитган. Абу Ҳурайра айтади: “Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, бетаҳорат киши таҳорат қилмагунича намози қабул қилинмайди, дедилар. Бир киши шу вақтда “Эй Абу Ҳурайра, таҳоратни нима синдиради?" деди. У зот, овозли ва овозсиз ел", дедилар.

Ҳадисда “қабул бўлмайди” дейилди. Аллома Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ, бу ердаги намоз қабул қилинмасилиги “қабули исобат” топилмагани учундир, деганлар. Яъни, намоз фиқҳий қоидалар асосида адо қилинмаган, сабаби намозни шарти бўлган таҳорат бўлмагани учун ибодат қабул бўлмайди.

Аслида “қабул” сўзи Аллоҳ таоло қабул қилган амалга ишлатилади. Намозхон ибодатни “қабули исобат” билан, яъни фиқҳий қоидалар асосида адо қилган бўлса-да, унга риё аралаштирса, Аллоҳ қабул қилмаган бўлади, бунда “қабули ижобат” топилмаган ҳисобланади.

Матндаги “ла туқбалу – қабул қилинмайди” деган жумлани “қабули исобат” ёки “қабули ижобат” деб тақсимлашга ҳожат йўқ. Чунки “ла туқбалу” “мардуд” маъносида, яъни намоз таҳоратсиз рад қилинади, деганидир.

Ҳадисда Абу Ҳурайра таҳоратни бузадиган икки  нарсани санади, у зотнинг наздида шу икковигина таҳоратни бузадими, дейилса, бунга уламолар жавоб беришади:

Биринчи эҳтимол: Ҳа, фақат шу иккиси бўлиши мумкин;

Иккинчи эҳтимол: Аломма Кашмирий айтади, бу савол-жавоб масжидда бўлган. Масжидда эса таҳорат синиши шу иккиси билан бўлади. Ва яна одамларни наздида бу иккиси таҳорат синдирадиган нарса эмас, деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Шу иккинчи эҳтимол уламолар наздида биринчи эҳтимолдан рожиҳ – афзалроқ.

Демак, таҳорат намозни дуруст ё нодуруст бўлишига сабаб бўлиб, ҳар бир намозхон таҳоратга катта эътибор қаратиш лозим.

Абдулбосит Мелибоев,
Тошкент Ислом институти талабаси.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

07.08.2026   17441   1 min.
Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.

Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.

“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.

Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини  якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари