Савол: Қуръон ўқиётганда фарзандлар шовқин қилиб қолса, уларга жим бўлинглар дейилади-да, кейин яна Қуръон тиловатида давом этиб кетилади. Шунда қайта аъузу ёки бисмиллаҳ айтиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм"ни айтиб тиловатни давом эттириш мустаҳабдир. Чунки Қуръон тиловати асносида қироатга алоқаси бўлмаган гапларни гапирса, қироатни аъузуни айтиб давом эттиради. Агар Қуръон қироатига алоқадор гапларни гапиргандан кейин қироатни давом эттирса, аъузуни айтмасдан давом этаверади. Бу икки ҳолатда ҳам "бисмиллаҳ" айтилмайди (“Ан-нашр фил қироатил ашр” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Уйдан фақирликни қувишда Ихлос сурасини ўқиш ҳақида
Саҳл ибн Саъд Суъадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, ансорлардан бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб фақирлик ва яшаш қийинлигидан шикоят қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Уйингга кирсанг, уйда бирон ким бўлса салом бер. Ҳеч ким бўлмаса менга саловот айт ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқи”, дедилар.
У киши шундай қилганди, Аллоҳ таоло унга мўл ризқ ато этди, ризқини кўпайиб берди ва ҳатто (орттириб) қўшниларига эҳсон қила бошлади.
“Тафсири Абул футуҳ” ва “Мустадрок”дан