Савол: Қуръон ўқиётганда фарзандлар шовқин қилиб қолса, уларга жим бўлинглар дейилади-да, кейин яна Қуръон тиловатида давом этиб кетилади. Шунда қайта аъузу ёки бисмиллаҳ айтиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда "Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожийм"ни айтиб тиловатни давом эттириш мустаҳабдир. Чунки Қуръон тиловати асносида қироатга алоқаси бўлмаган гапларни гапирса, қироатни аъузуни айтиб давом эттиради. Агар Қуръон қироатига алоқадор гапларни гапиргандан кейин қироатни давом эттирса, аъузуни айтмасдан давом этаверади. Бу икки ҳолатда ҳам "бисмиллаҳ" айтилмайди (“Ан-нашр фил қироатил ашр” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Бугун, 14 май куни Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида “Ёшлар – янги Ўзбекистон келажаги бунёдкори” шиори остида иш берувчи ташкилот вакиллари ва талабалар учрашуви ўтказилди. Унда турли иш берувчи вазирликлар, ташкилот, корхона ва муассасалар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги Тошкент ислом институти, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Ҳадис илми мактаби масъул вакиллари иштирок этди.
Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов диний-маърифий соҳадаги сўнгги янгиликлар, ёшлар таълим-тарбиясига берилаётган эътибор, олийгоҳ фаолияти тўғрисида сўзлаб берди.
Учрашув давомида 2024-2025-ўқув йилида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясини бакалавр босқичини 309 нафар, магистратура босқичини 95 нафар талаба тамомлаётгани айтиб ўтилди.
Ҳамкор ташкилотлар кўлами йил сайин кўпайиб бораётгани, ҳозирги кунга қадар Академия ва ташкилотлар ўртасида 100 дан ортиқ ҳамкорлик бўйича меморандум ва шартномалар имзолангани баён этилди.
Тадбирнинг амалий қисмида иш берувчиларнинг битирувчилар билан суҳбатлари ташкил этилди. Мазкур жараёнда 70 га яқин давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, жумладан, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти, Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон Миллий архиви, Алфраганус университети ва бошқа кўплаб ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашди. 100 дан зиёд талаба билан меҳнат шартномалари тузилди.
Тадбирда фаоллик кўрсатган иш берувчи ташкилотлар вакилларига Академия томонидан эсдалик совғалари, ташаккурномалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати