Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Фатво маркази ходими Фурқатжон Тўхтасиновнинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Охират сафарига кузатилган онахон эл-юрт корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига, хусусан, Фурқатжон Тўхтасиновга ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози Наманган вилояти Косонсой тумани, "Бўйибаланд" маҳалласида жойлашган "Мулла Отавой Охун" жоме масжидида аср намозидан кейин ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги «Оқ масжид» жоме масжидининг янги биноси пойдеворига илк ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Хайрли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов, туман имом-хатиблари, маҳалла фаоллари ва кўп сонли намозхонлар иштирок этди.
Йиғилганлар мазкур эзгу ташаббуснинг бардавом бўлишини, қурилиш ишларининг кўнгилдагидек, бехатар ва тез фурсатларда якунланишини тилаб, Аллоҳ таолодан хайр-барака сўраб дуолар қилдилар.
Таъкидланганидек, янги бино қад ростлаши натижасида ҳудуд аҳолиси ва масжид қавми учун янада кенг, қулай ва замонавий шароитлар яратилади.
Шунингдек, масжид қурилишига холис ҳисса қўшаётган барча саховатпеша юртдошларимиз ҳамда қурувчи-мутахассислар ҳаққига эзгу дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати