Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُمْنَعُهَا مَنْ يَأْتِيهَا وَيُدْعَى إِلَيْهَا مَنْ يَأْبَاهَا، وَمَنْ لَمْ يُجِبِ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таомнинг энг ёмони келган одам ман қилиниб, бош тортган одам даъват этиладиган валийма таомидир. Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур», дедилар».
وَكَانَ أَبُو هُرَيْرَةَ عُمَرَ ñ يَقُولُ: شَرُّ الطَّعَامِ طَعَامُ الْوَلِيمَةِ يُدْعَى لَهَا الْأَغْنِيَاءُ وَيُتْرَكُ الْفُقَرَاءُ. وَمَنْ تَرَكَ الدَّعْوَةَ فَقَدْ عَصَى اللهَ وَرَسُولَهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُمَا الثَّلَاثَةُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу:
«Таомнинг энг ёмони бойлар даъват қилиниб, камбағаллар тарк қилган валийма таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», дер эдилар.
Икковини учовлари ривоят қилдилар.
Шарҳ: Исломда валиймалар, умуман, бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларнинг кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам унга келган камбағалга қарамай, бойларнинг эшигига бориб, «Менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса, бахтиёр бўлар эдим», деб илтижо қилиши жуда ўринсиз ишдир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундай валийманинг таомини энг ёмон таом, демоқдалар. Демак, валийма қилувчи киши ҳам кимларни чақиришни билиши керак. Кўпроқ камбағал, бева-бечораларни даъват қилса, улар зиёфатдан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса, эҳсон ўрнига тушади. Бойлигига зеб берган, бировни назар-писанд қилмайдиган манманларни даъват қилишдан эса фойда йўқ.
Афсуски, валийма қилаётганимизда ушбу набавий насиҳатларни ёдимиздан чиқариб қўямиз. Валиймамизга иложи борича казо-казоларни чақиришга ҳаракат қиламиз. Эшикларига бориб, ёлворамиз. Юзимизни сарғайтирамиз. Фақиру фуқароларни эса айтгимиз келмайди. Агар улар ўзлари келиб қолсалар ҳам кўнглимизга оғир ботади.
Аввал билмасак, энди билиб олдик. Бундан буён Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб, валийма – зиёфатларимизга камбағалларни ҳам даъват қилишни унутмайлик.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида «Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлур», дейилиши валиймага қилинган даъватни қабул қилиб, унга бориш вожиб эканлигини англатади. Чунки Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлиш тарки вожиб туфайли содир бўлади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати