Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2026   |   20 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2026, 20 Зулҳижжа, 1447

Рибо ва унинг турлари

28.01.2025   12763   9 min.
Рибо ва унинг турлари

Ислом шариатида рибо Қуръони Карим, суннат ва ижмо билан ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сураси 275-оятида бундай марҳамат қилади:

وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا

Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган [1]. Бундан бошқа оятларда ҳам рибодан қайтарилиб, охиратда рибохўрларнинг аянчли ҳолатлари баён қилинган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рибо еювчини, едирувчисини, котибини ва икки гувоҳини лаънатладилар ва Улар баробардир дедилар [2].

Рибонинг ҳаромлигини билиб олдик, энди рибо ўзи нима, қандай молларда рибо бўлади, рибонинг иллати нима эканлигини ўрганиб чиқамиз.

Рибо сўзи луғатда зиёдалик деган маънони англатади. Фақиҳлар истилоҳида эса:

الربا هو الفضل المستحق لأحد المتعاقدين في المعاوضة، الخالي عن عوض شرط فيه [3]

“Рибо – бу мол алмаштириш жараёнида икки ақдлашувчининг бири учун шарт қилинган эваздан холи зиёдаликдир”.

Содда қилиб айтганда бир кишининг 100 минг сўм бериб 120 минг олиши айни рибодир. Мана шу 20 минг таърифдаги “эваздан ҳоли зиёдалик”дир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рибога қуйидагича таъриф берган: “Рибо – молни молга алмаштиришда эвазсиз ортиқча мол олишдир” [4].

Кўпчилик мусулмонлар рибо деганда  қарз бериб фоизи билан қайтариб олишни ёки баъзи банклардаги фоизли кредитлар келади. Лекин жамиятимизда рибонинг бундан бошқа кўринишлари ҳам борки, уларга кўпчилик эътибор бермайди ёки риболигини ҳам билмайди. Бу ҳолатларни баён қилишдан олдин рибодаги асл қоида билан танишиб олишимиз керак. Рибо тўғрисида фақиҳлар ҳужжатланган асосий далил қуйидаги ҳадиси шарифдир:

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз тенгма тенг, қўлма қўл (сотинглар). Энди агар ушбу моллар бир хил бўлмаса-ю қўлма-қўл бўлса, хоҳлаганингиздек сотаверинглар дедилар [5].

Ҳадисда 6 та рибовий мол саналди ва уларни бир бирига фақатгина зиёдасиз тенг миқдорда ва “қўлма-қўл” бир вақтда, насия қилмай сотиш мумкинлиги, агар зиёда қилса рибо бўлиши ҳамда жинслари турлича бўлган вақт – масалан олтинга буғдой сотилса қўлма қўл бўлиш шарти билан зиёдалик жоизлиги айтиб ўтилди. Шу ва бошқа ҳадисларга асосланиб фақиҳлар рибо бўлиши учун қандай моллар бўлиш кераклигини ҳамда рибо икки турга бўлинишини аниқлаганлар.

Дастлаб қандай нарсаларда рибо бўлишини ўрганиб чиқамиз. “Ан-ниқоя мухтасарул виқоя” асарида қуйидагича келтирилади:

علته القدر أي الكيل والوزن مع الجنس [6[

Рибонинг иллати миқдор яъни кайл ёки вазн билан жинснинг бир бўлишидир”.

Яъни шу сифатларга эга бўлган молларда рибо бўлади.

Кайл ва вазн – ўлчов бирлиги бўлиб, юқоридаги ҳадисда келтирилган буғдой, арпа, хурмо, туз каби махсулотлар кайл билан ўлчанган, тилла, кумуш кабилар эса вазн билан ўлчанган.  Демак, рибо фақатгина кайл ёки вазн билан ўлчанадиган, жинси бир хил бўлган нарсаларда бўлар экан. Ҳозирги кунимизда эса тарозида тортиб ҳисобланадиган маҳсулотларни рибовий мол дейишимиз мумкин. Лекин доналаб ёки метрлаб ўлчанадиган нарсаларда рибо бўлмайди. Масалан, битта тухумни иккита тухумга, ёки 1 метр матони 2 метр матога алмаштириш мумкин, бу рибо ҳисобланмайди.[7] Аммо 10 кг унни 15 кг ҳудди шундай унга алмаштирса рибо бўлади. Чунки ун кайлий маҳсулотдир.

Фиқҳ китобларида рибонинг иллатларини баён қилгач, айтиладики:

"إذا بيع الوكيل أو الموزون بجنسه مثلا بمثل: جاز البيع. و إن تفاضل لم يجز.  و إذا عدم الوصفان حل التفاضل و النساء و إذا وجدا حرم التفاضل والنساء . و إذا وجد أحدهما و عدم الآخر:حل التفاضل و حرم النساء."[8]

Агар кайлий ёки вазний нарса ўз жинсига тенгма-тенг сотилса, савдо жоиз бўлади. Агар ортиқча бўлса, жоиз эмас. Агар иккала сифат (кайл ёки вазн ва жинс бир бўлиши) топилмаса зиёдаси ҳам насия қилиш ҳам ҳалол бўлади. Агар иккала сифат топилса – зиёда ҳам, насия қилиш ҳам ҳаром бўлади. Агар бир сифат топилиб, бири йўқ бўлса зиёда жоиз, насия ҳаром бўлади.

Мана шу рибо ҳақидаги энг муҳим қоидадир.

Юқорида рибо бўлиши учун вазний ёки кайлий маҳсулот бўлиши ҳамда жинси бир бўлиши кераклигини айтиб ўтдик. Бундай маҳсулот ўз жинсига тенгма тенг сотилса, савдо жоиз. Яъни 100 кг хурмони ҳудди шунча хурмога алмаштириш жоиз. Агар ортиқча бўлса, жоиз эмас. Яъни 100 кгни 150 кг га алмаштирса. Бунда маҳсулотларнинг сифати фарқли бўлиши аҳамиятли эмас. Агар иккала сифат топилмаса зиёдаси ҳам насия қилиш ҳам ҳалол бўлади. Масалан, ун эвазига нон алмаштирса, бунда иккиси тенг миқдорда бўлиши шартмас ва насия қилиш ҳам жоиз. Агар иккала сифат топилса – зиёда ҳам, насия қилиш ҳам ҳаром бўлади.  Масалан, тиллани тиллага алмаштиришда тенгма-тенг бўлсин, ортиқчаси ҳаром ҳамда қўлма қўл бир вақтда бўлса, насия бўлмасин, насия қилиш ҳаром. Агар бир сифат топилиб, бири йўқ бўлса зиёда жоиз, насия ҳаром бўлади". Масалан, тилла кумушга алмаштирилса, ортиқчаси жоиз, тенг миқдорда бўлиши шарт эмас, лекин насия қилиш ҳаром. Чунки тилла ва кумуш вазний, лекин жинси бошқа-бошқа. Булардан бошқа ҳолатларда ҳам рибо бўлиш-бўлмаслигини шу қоидага асосланиб чиқариш мумкин.

Ҳозирги пайтда рибо асосан пул билан боғлиқ масалаларда кузатилади. Олдинги даврларда тижорат масалаларида олтин ва кумуш ишлатилган. Ҳозирда биз кенг фойдаланадиган қоғоз пуллар, банк пластик карталаридаги пуллар ҳам олтин ва кумуш ҳукмидадир. Мисол учун замонамиздаги фиқҳий китоблардан бири бўлган "Ал-фиқҳул ҳанафий фий савбиҳил жадийд" китобида: "Рибо барча нақд пулларда ҳаромдир, улар олтин ё кумуш бўладими ёки қоғоз пуллар бўладими фарқи йўқ" [9] дейилган. Юқоридаги қоидадан келиб чиқадики кундалик ҳаётимизда кўп дуч келадиганимиз пул алмаштириш жараёнида ҳам икки тараф бир вақтда алмашинаётган пул миқдорларини бир-бирларига қўлма-қўл беришлари зарур. Насия қилиш ҳаром бўлади. Пластик картадаги пулни нақд пулга алмаштиришда ҳам шу қоидага асосан пул алмашиш жараёни бир вақтда содир бўлиши талаб этилади. Агар икки тарафдаги пул жинси бир хил бўлса, яъни сўмга сўмни ёки долларга долларни алмаштирса зиёда қилиш ҳам ҳаром бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки кундалик ҳаётимизда тез-тез дуч келадиган савдо-сотиқ ва бошқа муомалат масалаларида янада эътиборли бўлишимиз, қайси ҳолатларда ҳалол савдо бўладию,  қайси ҳолатларда рибо бўлишини билишимиз ва шунга кўра иш тутишимиз лозим.  Зеро рибо гуноҳи кабиралардан саналади, барча мусулмонлар бундан сақланишга ҳаракат қилишлари вожибдир.

Жаннатхон САЙДИЛЛАЕВА,
Тошкент Ислом институти талабаси.
 

Фойдаланилган адабиётлар:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ҳадис ва ҳаёт. 11-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2022. – 304 б.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 3-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, – 640 б.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2008. – 664 б.
الإمام الحافظ أبوالحسين مسلم بن الحجاج النيسابوري. صحيح مسلم. – رياض: بيت الأفكار الدولية، ١٩٩٨.-١٤٧٣ص
الإمام علي بن أبي بكر المرغيناني. الهداية. الجزء الرابع. – المدينة المنورة: دار السراج. ٢٠١٩. ٦٠٨ ص
الفقه الحنفي في ثوبه الجديد. عبد الحميد محمود طهماز. الجزء الرابع. – بيروت: الدار الشامية. ٢٠١٨. ٥٠٤ ص
عبيد الله بن مسعود. النقاية مختصر الوقاية. دار الإيمان للمعرفة. ٢٠١٨. ٢٢٤ ص

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол. 1-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр, 2008. 286-б.
[2] Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. 3-жуз. – Т.: Ҳилол-Нашр.2023. 133-б.
[3]. الإمام علي بن أبي بكر المرغيناني. الهداية. الجزء الرابع. – المدينة المنورة: دار السراج. ٢٠١٩. – ٥٣٣ ص

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ҳам Аллоҳ муҳофазасидадир

04.06.2026   7089   12 min.
Ҳадислар ҳам Аллоҳ муҳофазасидадир

Ҳадисларнинг исломдаги юксак аҳамияти ва асосий йўриқнома экани, муқаддас динимизнинг барча жиҳатлари Суннатга боғлиқлиги худди Қуръони каби ҳадисларни ҳам Аллоҳ ҳимоя қилишини тақозо этади. Буни қуйидаги далиллар мисолида кўриш мумкин.

Биринчидан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – охирги Пайғамбар, у зот келтирган шариат қиёматгача қолувчи сўнгги шариатдир. Бу шариат ҳадислар билангина мукаммал бўлиб, унга фақат Суннат орқали комил амал қилиш мумкин. Демак, шариат қиёматгача ўзгаришларга учрамай сақланиши учун унинг икки асоси бўлмиш Қуръон ҳам, ҳадислар ҳам муҳофаза қилинган бўлиши шарт.

Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида бунинг тасдиғи яққол намоён бўлади: «Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир» [Тавба сураси, 32-33-оятлар].

«Аллоҳнинг нури» – Расулига юборган ҳидоят ва ҳақ дин. Бунга ҳам ваҳийнинг икки тури – Қуръон ва ҳадис киради. Бу нурни фақат Қуръон билан чеклашга ҳеч қандай асос йўқ, чунки ислом дини ҳадиссиз тўлиқ бўлмайди. Чунки, уни ҳадислардан айро ҳолда тасаввур қилиш имконсиздир.

Юқоридаги оятнинг маъносини қуйидагича тушуниш мумкин: «Кофирлар Аллоҳнинг динини ёлғон ва урушлар билан йўқ қилмоқчи бўлади, лекин буни уддалай олмайди. Улар қуёш нурини пуфлаб ўчирмоқчи бўлган нодонларга ўхшайди. Аллоҳ таоло Ўз динини муқаррар ғолиб қилади».

Учинчидан, Аллоҳ таолонинг мана бу каломи: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» [Ҳижр сураси, 9- оят].

Ушбу далил “зикр” сўзининг маъносига боғлиқ. Луғат китобларида, хусусан, «Ал-Қомус»да бу калима “дин тафсилотлари ва қонун-қоидалари баён қилинган китоб” деб таърифланган. Имом Роғибнинг «Муфрадот» асарида: «Ҳар бир ҳақ сўз зикр дейилади», деб айтилган.

Ибн Форис “китоб” сўзининг асли бир нарсани бошқасида жамлашни англатишини айтиб ўтган. Имом Роғиб эса, ёзувда ҳарфларни бир-бирига қўшиб тизиш «китобат» (ёзиш) дейилишини, бу сўз баъзан оғзаки нутққа нисбатан ҳам ишлатилишини қўшимча қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, гарчи ўша кезлари ҳали қоғозга туширилмаган бўлса-да, оятларда «китоб» деб номланган.

«Дин тафсилотлари баён қилинган китоб» сўзларига кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик» оятидаги “зикр” Қуръони карим экани аён бўлади. Кўпчилик уламо ва муфассирлар шу фикрда якдилдир. Бироқ “зикр” сўзи фақат Қуръонга хос эмас, балки кенг маъноли бўлиб, у бошқа нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан, «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўрангиз» оятидаги «зикр аҳли» олимлардир.

Шунга кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» ояти Қуръони каримнинг ўзгаришдан сақланишини очиқ-ойдин билдиради. Лекин фақат Қуръонни сақлашини англатмайди. Чунки Ҳақ таоло бошқа нарсаларни ҳам сақлаган, масалан, Пайғамбаримизни душманлар суиқасдидан асраган, шунингдек, Аршни, осмонлар ва ерни заволга юз тутишдан сақлаб туради.

Оятдаги муҳофаза қилиш ваъдаси аввалги илоҳий китобларга нисбатан қўлланган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло аввалги китобларни сақлашни ўша қавмларнинг ўзига топширган, улар эса буни уддалай олмаган эди. Оқибатда олдинги илоҳий китоблар ўзгартириб юборилганди. Қуръонни сақлашни эса Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олди.

Оятнинг маъно ва мақсадига қаралса, у исломни барча жиҳатлари билан сақлашни ўз ичига олади. Муқаддас динимизнинг иккинчи асоси бўлган ҳадислар ҳам шулар жумласидандир. Чунки Қуръонни сақлашдан мақсад исломни муҳофаза қилиш экан, у ҳадиссиз тўлиқ сақланиб қолмайди.

Қуръони каримни муҳофаза қилишдан асосий мақсад бандаларнинг унга амал қилишидир. Мусҳафи шарифдаги кўплаб ҳукмлар умумий ва қисқа берилган, уларни уларга ҳадис орқали батафсил тушунгачгина амал қилиш мумкин. Масалан, Аллоҳ азза ва жалла: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу Қуръон билан бирга унинг “баёни”ни – маъносини, тафсилотларини, яъни ҳадисларни ҳам Аллоҳ сақланишини тасдиқлайди.

Айнан шунинг учун ҳам улуғ имом Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадиснинг муҳофаза қилинишига мана шу оятни далил қилиб келтирган. У кезларда уйдирма ҳадислар кўпайиб кетган эди. Бир куни одамлар: «Бу тўқилган ҳадислар нима бўлади?» деб сўрашганида, у: «Улар учун билимдон мутахассислар бор», деб жавоб бериб, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятини қироат қилган.

Бу билан улуғ имом ҳадислар ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканини тушунтирган. Ҳадислар мажмуидан ташкил топган Суннатни сақлаш эса билимдон муҳаддис олимлар орқали амалга оширилади. Улар ҳадисларни илм элагидан ўтказиб, саралаб, саҳиҳини заифидан, аслини уйдирмасидан ажратиб беради. Ислом тарихи давомида муҳаддислар айнан шу ишни қилди ва бу Аллоҳнинг ҳадисни сақлаш ҳақидаги ваъдасининг исботи бўлди.

Суннатнинг муҳофаза қилинишига бошқа далиллар ҳам бор.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканлари, у зотнинг дини қиёматгача боқий бўлиши учун исломнинг асоси бўлган ҳадислар ҳам сақланиши шарт.

Диннинг мукаммал қилингани Аллоҳ таолонинг «Бугун динингизни мукаммал қилиб бердим» [Моида сураси, 3-оят] деган сўзлари билан собит бўлган. Бу хитоб қиёматгача бўладиган барча замонларга тегишли. Диннинг мукаммаллиги эса ҳадислар сақлангандагина тамомига етади.

Аллоҳ Ўз нурини батамом қилиши – «Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» [Тавба сураси, 32-оят] ояти ҳам исломнинг барча асослари сақланишини англатади.

Ҳадиснинг ваҳий экани бундай тасдиқланади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Гунглар огоҳлантирилган вақтда даъватни эшитмаслар денг» [Анбиё сураси, 45-оят], деган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ҳам Қуръон, ҳам ҳадис билан огоҳлантирганлар. Демак, ҳадис ҳам Қуръон каби ваҳийдир. Суннатдан эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзлари далил бўлади: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича берилди”.

Қуръони каримдаги кўплаб ҳукмлар умумий бўлиб, улар ҳадисларда келган тафсилотларга муҳтож. Суннат муҳофаза қилинмаганида, Қуръон ҳукмларига амал қилиб бўлмас эди.

Аллоҳ таоло: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу оят ҳам ҳадиснинг сақланишини тақозо қилади, чунки тушунтирувчи манба йўқолса, Қуръони каримнинг мақсади амалга ошмай қолади.

Ҳақ таоло бундай марҳамат қилган: «Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир» [Оли Имрон сураси, 85-оят]. Бу ҳукм қиёматгача яшайдиган барча инсонларга тааллуқли. Уларнинг дин бўйича ҳужжати тўлиқ бўлиши учун у аввало ўша авлодларга тўлиқ ҳолида етиб бориши керак. Ислом дини эса ҳадиссиз тўлиқ етиб бормайди. Демак, қиёматгача дин сақланиши учун ҳадислар муҳофаза қилиниши шарт.

Ҳадиснинг илоҳий муҳофазаси фаразнамо таъкид эмас, балки олимлар, айниқса, ҳадис илми ва ровийлар бўйича мутахассислар аниқ биладиган ҳаётий ҳақиқатдир. Ислом уммати ҳадисларни сақлашга, тўғрисини хатосидан ажратишга мисли кўрилмаган даражада катта аҳамият берган. Ҳадисларнинг мукаммал сақланганига фақат бу илмлардан бехабар бўлган жоҳиллар ё исломга зарар етказишни кўзлаган ғаламисларгина шубҳа қилади. Бу шубҳа замирида аслида илмий-мантиқий шубҳа-гумон эмас, ғараз ётган бўлади.

Ислом уламолари юқоридагилардан келиб чиқиб, Суннат ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳнинг ҳимоясида, деган хулосага келган.

Имом Шофеий таъкидлаганидек, Суннат уламолар орасида тўлалигича сақланган. Тўғри, бир олим барча ҳадисларни билмаслиги мумкин, лекин у бехабар бўлган ривоятдан бошқа бир олим, албатта, бохабар бўлади. Шу тариқа барча олимларнинг билганлари жамланса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари тўла-тўкис намоён бўлади. Ҳеч бир ҳадис бутунлай йўқолиб кетмайди.

Имом Ибн Ҳазм ҳадисларнинг Қуръони карим каби Аллоҳ томонидан сақланишига бир қанча оятларни далил қилиб келтирган. Аввало айтиш керакки, у ҳам «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятидаги зикр сўзини барча ваҳийларга тегишли деб билади.

Олимнинг фикрича, Қуръон ва ҳадислар бир-бирини тўлдиради. Иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келгани учун ҳам шундай. Мана шундан келиб чиқиб, иккисидаги ҳукмларга бирдек итоат қилиш лозим.

Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Ҳақ таоло инсонларни тўғридан-тўғри эмас, пайғамбарлар орқали огоҳлантиради. Пайғамбарлар, хусусан, Набий алайҳиссалом инсонларни нафақат оятлар билан, балки ҳадислар билан ҳам огоҳлантирганлар. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ваҳийдир. Ваҳий (зикр) эса Қуръондаги илоҳий ваъда билан муҳофазага олинган.

Аллоҳ таоло бир нарсани сақлашни ўз зиммасига олдими, демак, у йўқолиб ҳам кетмайди, ўзгариб ҳам қолмайди. Диннинг қайсидир бир жиҳати йўқ бўлиб кетса ёки у ҳақ билан ботилни ажратиб бўлмайдиган даражага тушиб қолса, илоҳий ваъда қуруқ гап бўлиб қолар эди. Ваҳоланки, Қодир Парвардигордан Унинг Ўзига маломат келтирадиган калом нозил бўлиши ҳар қандай мантиққа зиддир.

Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин қандай бўлган эса, қиёматга қадар шундайлигича қолади. У зот айтган динга оид бирор сўз йўқолиши ёки унга биронта уйдирма гап мутлақо ажралмайдиган бўлиб аралашиб қолиши асло мумкин эмас.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, Аллоҳ таоло Мусҳафи шарифда намоз, закот ва ҳаж каби амаллар қисқа тарзда айтилган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни одамларга тушунтириб беришни буюрган. Эътибор берсак, уларнинг қандай бажарилиши фақат ҳадислар орқали маълум бўлади. Бу кўрсатмалар сақланмаганида, ишончли бўлмаганида эди, дин арконларига амал қилишнинг имкони қолмас, фарз амаллар қатъий қоидалар асосида эмас, пала-партиш ва бетартиб бажариладиган бўларди. Баъзилари ҳатто бекор бўлиб ё унутилиб, йўқолиб ҳам кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Бу шуни англатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин борасида айтган ҳар бир сўзлари Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қачон ёт нарсалар ажратиб бўлмайдиган даражада аралашиб кетмайди.

Сўз сўнгида халқ орасидаги “жўн гап”га ҳам мурожаат қилсак. Исломда “Қуръонда зикр қилинган нарса қиёматгача йўқолмайди” деган тушунча бор. Бунинг маъноси шуки, Қуръони карим муҳофазада экан, унда қайд этилган нарсалар келгуси авлодлар учун тушунарсиз, мавҳум, унутилган бўлиб қолмайди, балки Мусҳафи шарифдек сақланади. Шунга мувофиқ фикр юритадиган бўлсак, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш – буюрганларини бажариш, нимадан қайтарган бўлсалар, уларни тарк қилиш – амри бор. Бу илоҳий амр ҳам – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари қиёматгача сақланишини англатади. Негаки, Суннат сақланмаса, унга амал қилишни амр этишда маъно ва мантиқ қолмасди. Ҳақ таолонинг амри эса, боя таъкидланганидек, Унинг Ўзига маломат келтирадиган гап эмас, балки илоҳий ҳикматдир.

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими