Рамазонни шукуҳли кунларида кишилар қалбига қувонч улашиши хайрли амаллардан саналади. Айниқса, эҳтиёжманд, етим, бева-бечора ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни хурсанд қилиш, уларга меҳр-мурувват, ҳадялар тақдим этиш ниҳоятда савобли ишдир.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб бундай саховат ишлари кенг қулоч ёйди.
Шу кунларда Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ташаббуси билан Самарқанд шаҳар “Ўзбеккенти” МФЙда жойлашган, “Келажак ворислари” номидаги оилавий болалар мурувват уйида уларнинг қалбида хурсандчилик ва бахтиёрлик ҳиссини уйғотиш мақсадида ифторлик дастурхони ташкил қилинди. Унда Самарқанд шаҳар ва Оқдарё туманларидан келган 19 нафар ўғил-қизлар ва уларнинг васийлари иштирок этди.
Тадбирда иштирок этаётган ҳар бир оилавий болалар мурувват уйлари тарбияланувчилари ҳамда васийлик ва ҳомийликка олинган болаларга телевизор қурилмаси ҳамда бошқа эҳтиёжи бор буюмлар “Рамазон ҳадяси” сифатида топширилди.
Бундай хайрия ишлари Самарқанд шаҳар “Имом Восе” ва “Зоминий” МФЙларда давом этди. У ерда яшовчи, кам таъминланган оилалардан хабар олиинди. Ифторлик дастурхонида Зайниддин домла йиғилганларга “Рамазон ойининг баракоти ва фазилатлари” ҳамда “Сабр қилувчиларга Аллоҳ таолодан улкан ажрлар бор” мавзуларида маъруза қилди. Шу билан бирга хонадон эгаларига “Рамазон ҳадялари”ни топширди.
Шу кунларда вилоятдаги бошқа ҳудудларда ҳам фаолият олиб бораётган имом-хатиблар томонидан аҳолининг 100 га яқин ногиронлиги бор, кам таъминланган, бемор, боқувчисини йўқотган ҳолидан хабар олиниб, уларга “Рамазон ҳадя”лари улашилди.







Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мисрнинг нуфузли оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон муфтийси, шайх Нуриддин Холиқназарнинг Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган муқаддас Рабиул аввал ойига бағишланган туркум мақолалари чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, Мисрнинг “Al Gomhuria” нашри саҳифаларида Рабиул аввал ойи мусулмонлар қалбида алоҳида ўрин тутиши ва Умманинг Пайғамбаримизга бўлган чексиз муҳаббати туфайли бу ой анъанавий равишда “Мавлид ойи” деб аталиши ҳақидаги фикрлар кенг ёритилган. Материалда Муфтийнинг ушбу даврни янги маънавий кўтаринкилик билан кутиб олиш, уни “Набавий сийрат ойи” ва “Ибратли уммат ойи”га айлантириш, ибодат, ахлоқ ва маданият масалаларида Пайғамбаримиз ўгитларини амалий ўзлаштиришга қаратилган даъвати алоҳида таъкидланган.
“Ya7dosal2an” нашри ҳам Ислом эътиқодининг ажралмас қисми ва чин имоннинг асосий шарти бўлган Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат сабаблари ҳақидаги методологик масалани қайд этган. Мақолада саҳобаларнинг садоқатига оид тарихий мисоллар ва гувоҳликлар келтирилган.
“Aldawlanews” ресурсида Исломни амалий тушунишнинг олий манбаи сифатида Набавий сийратни ўрганишнинг аҳамияти кўриб чиқилган бўлиб, унда шунчаки саналарни ёдлаш ўрнига ҳар бир тарихий воқеадан сабр, адолат ва раҳмат каби ҳаётий сабоқларни чиқариш зарурлиги урғуланган.
“Al Diplomacy” нашри эса Пайғамбаримизга бўлган чин муҳаббатнинг уч асосий белгисига — сийрат ҳақида тафаккур қилиш, суннатга сўзсиз эргашиш ва руҳлар шифоси ҳамда жамиятда ахлоқни мустаҳкамлашнинг маънавий асоси бўлган кўп салавот айтишга эътибор қаратди.
“Sada El Balad” расмий ресурси Ўзбекистон муфтийсининг Рабиул аввал ойини оилалар ва таълим муассасалари учун кенг қамровли тарбиявий лойиҳага айлантириш ташаббусини ёритиб, мусулмонларни ушбу ойни юксак ахлоқ ва жипсликнинг олий намунасига эргашиш йўлидаги янги дебочага айлантиришга чақирди.
“Eldameer” ахборот портали ҳам Ўзбекистон муфтийсининг асарларини атрофлича тақдим этиб, Рабиул аввал ойининг чуқур мазмуни ва суннатга эргашиш орқали маънавий покланишнинг муҳимлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати