Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов бошчилигида Бекобод шаҳридаги «Нўъмон ибн Собит» жоме масжидида маънавий-маърифий йиғилиш ўтказилди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъуллари, Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Зиёвуддин домла Нортожиев, вакиллик ходимлари, туман бош имом-хатиби ва отинойилари, шунингдек, отинойилар, “Ҳаж – 2024” зиёратчилари, маҳаллалар раислари иштирок этди.
Сўнгра ҳудуддаги оилаларга кирилиб, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинди. Айрим сабабларга кўра аразлашиб қолган оилалар яраштирилди.
Жисмоний имконияти чекланган икки фуқарога "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан ногиронлик аравачаси, ҳассалар ва бошқа зарур воситалар етказиб берилди.
Туман имом-хатиблари ташаббуси билан хонадонларга диний-маърифий, маънавий-ахлоқий мавзулардаги китоблар, хусусан, Қуръони карим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг «Фитна – кўз илғамас хатар», «Аллоҳ мени кўриб турибди», «Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ», «Раббоний нидолар», ЎМИ Фатво маркази нашрга тайёрлаган «Фиқҳ ва ақоидга оид ихтилофли масалалар ечими», «Фатволар тўплами» ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Бахтиёр оила» каби асарлари ҳадя қилинди.
Аллоҳ таоло хайрли ишнинг бошида турган барча азизларимиздан рози бўлсин!
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Американинг нуфузли “National Geographic” журналининг электрон ва босма шаклларида Буюк Ипак йўлида Ўзбекистоннинг тутган ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Материал муаллифи Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива ҳақида ҳикоя қилиб, уларни қадимий Ипак йўлининг энг муҳим шаҳарлари ва замонавий сайёҳлик йўналишлари сифатида талқин этган.
Мақолада Ўзбекистондаги туризм ривожи, хорижлик сайёҳлар сонининг ортиши, янги объектлар қурилиши ҳамда шаҳарлар ўртасида тезюрар темирйўл қатновининг йўлга қўйилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкентнинг Чорсу бозори Ипак йўли савдо анъаналари бугунгача сақланиб қолган маскан, Самарқанд эса Регистон майдони ва қадимий Улуғбек расадхонаси билан илм-фан ҳамда ислом маданиятининг тарихий маркази сифатида таърифланади.
Нашрда Бухоро фаол туристик ўзгаришлар жараёнини бошдан кечираётган шаҳар сифатида кўрсатилган бўлса, Хива ўтмиш руҳияти айниқса кучли сезиладиган жой дея таъкидланган.
Шунингдек, Ипак йўли меъморчилиги услубида барпо этилаётган янги сайёҳлик лойиҳаларига эътибор қаратилиб, тарихий муҳитни асраб қолиш юзасидан бўлаётган баҳс-мунозаралар ҳам тилга олинган.
Умуман олганда, материалда Ўзбекистон ўз тарихий меросини асраган ҳолда замонавий сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириб, дунёга қайта юз очаётган мамлакат сифатида эътироф этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати