Барчани дунёга келтирган, дуогўй бўлган мўътабар оналар, қадрдон опа-сингиллар ва ғамхўр қизларнинг оилада, жамиятда тутган ўрни беқиёсдир. Аллоҳ таоло Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳ васаллам орқали муҳтарама аёлларнинг қадр-қимматини юксакларга кўтариб, Ўзининг каломи шарифида ҳам улар учун алоҳида сура нозил қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг ҳадиси шарифларида аёлларга оид барча масалаларни, жумладан, уларнинг жамиятдаги ўрни, оиладаги, фарзанд тарбиясидаги роли, илм тарқатишдаги масъулияти кабиларни батафсил баён қилиб бердилар. Саодат асридан то замонамиз уламоларигача, барчалари ўзларининг илмий асарлари ва китобларида аёллар учун алоҳида боблар ажратишган.
Бугунги кунга келиб, аёлларнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларни ўрганиш, турли салбий оқибатларнинг олдини олиш ишларига эътибор кучайиб бормоқда.
Ислом дини озода ва кўркам ташқи кўринишни маъқуллайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадисда у зот: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади”, деганлар (Имом Муслим “Саҳиҳ”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. 147-ҳадис).
Одамзоднинг табиатида гўзалликка интилувчанлик бор бўлгани учун ўзгалар кўзига чиройли кўринишни хоҳлаб, ўзига оро беришда вақтини аямайди. Айниқса ҳозирги косметология саноати ривожланиб, унинг маҳсулотлари дунё бўйлаб кенг тарқалган бир пайтда.
Юқорида айтганимиздек, Ислом дини ташқи кўринишни яхшилашни тўлиқ тақиқламайди. Аксинча, шундай ҳолатлар борки, ўзига оро бериш шарт ёки матлуб бўлади. Масалан: эр-хотинлик алоқаларини яхшилаш мақсадида Ислом дини аёлнинг эр учун, эрнинг аёл учун безаниб юришини тавсия қилади. Бу борада Абдуллоҳ ибн Аббоснинг қуйидаги сўзлари ривоят қилинади: “Аёлимнинг мен учун зийнатланишини яхши кўрганимдек, мен ҳам аёлим учун зийнатланишни яхши кўраман”[1].
Шунинг учун ҳам Исломда ташқи кўринишга оро бериш умумий ҳолда рухсат этилган. Бироқ бу ишда ҳаром қилинган айрим ҳолатлар мавжуд. Сабаблари эса қуйидагилардир:
а) агар кофир ёки ахлоқсиз одамларга ўхшаш учун қилинса;
б) агар Аллоҳ яратган ташқи кўринишнинг ўзгариб кетишига олиб келадиган ғайритабиий нарсалар билан ўз ҳолатини ўзгартирса, мана шу сабаблардан биргинаси мавжуд бўладиган бўлса ҳам, ташқи кўринишни яхшилаш жоиз эмас.
Энди гўзаллик салонларида аксарият қўлланиладиган муолажалар ҳамда уларнинг меъёрлари билан танишиб чиқсак:
Бошқа жинс вакилларининг сочини олиш ёки турмаклаш. Бу ман қилинган.
Соч бўяш. Тим қора, шунингдек, аёл кишини ахлоқсиз ёки бузуқ кўринишга олиб келувчи рангларга бўялмаса, соч бўяшга рухсат бор.
Сочни бутунлай қора рангга бўяшнинг ман қилинганлиги қуйидаги ҳадисда келтирилган: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қайси қавмга ўхшаса (яъни ўзини ўхшатса), у ўшалардандир” (Абу Довуд, 4031-ҳадис. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).
Қош териш ва шаклини ўзгартириш. Бу иш тақиқланган, чунки бунда қошнинг асл табиий шаклига аралашиш бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қош терувчи ва қош тердирувчи аёлларни очиқ-ойдин лаънатлаганлар.
Ибн Маъсуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мижознинг аврат бўлмаган жойларидан тукларни кетказиш гуноҳ эмас. Масалан: юздан (қошлардан ташқари), қўлдан, оёқдан ва ҳоказо. Худди шу меъёрлар лазерли эпиляцияга ҳам тааллуқлидир.
Сочни кесиш ҳамда турмаклаш. Аёлларга соч кестириш ва турмак қилишга рухсат берилган. Аммо шарти шуки, турмак услуби эркакларникига ўхшамаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарама-қарши жинс вакилларига тақлидни ман қилганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Жаҳаннам аҳлидан бўлмиш, мен уларни кўрмаган икки тоифа кишилар бор. Уларнинг биринчиси, сигирларнинг думига ўхшайдиган қамчиларни кўтариб юрувчилар бўлиб, улар билан одамларни урадилар. Бошқалари эса кийинган бўлсалар ҳам, лекин яланғоч аёллардир. Улар (ўзларининг бундай кўринишлари билан) бошқаларни Аллоҳнинг амрларига итоатсизликка ундайдилар ва ўзлари ҳам (беҳаёликлари билан) Унга итоатсиз бўладилар. Уларнинг боши туянинг ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмайдилар ва унинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар, ваҳоланки, унинг ҳиди жуда ҳам узоқ масофадан сезилади” (Муслим “Саҳиҳ”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. 2128-ҳадис).
Ҳадиснинг шарҳи. “Кийинган бўлсалар-да, яланғоч” иборасида шариат талабларига жавоб бермайдиган тарзда кийинган аёллар назарда тутилган. Улар ўта юпқа матодан тикилган ёки баданга жуда ёпишиб тургани сабабли тананинг шаклини яққол кўрсатиб турувчи кийимларни кийишади. Агар кўйлак, иштон ёки ҳаттоки плаш ҳам баданга ёпишиб, унинг шакли кўриниб турган бўлса, мазкур ҳадисда айтилган огоҳлантириш ушбу аёлларга тааллуқли бўлади.
Шунингдек, ҳарир бўлмаса-да, баданни тўлиқ бекитмайдиган (масалан, йиртиқлар, V шаклидаги қирқимлар, калта ёки билакни ёпмайдиган енглар ва ҳоказо) кийимлар ҳам шулар жумласидандир.
Сочларга келадиган бўлсак, уларни бошнинг тепа қисмига йиғиб олиш ҳаромдир. Чунки бундай турмакда бош аслидан кўра каттароқ кўриниб, туянинг ўркачини эслатади. Одатда сочлар энса(гардан)да йиғилади, ҳадисда келган тарзда эмас. Агар сочлар бошнинг пастки қисмида, рўмол тагидан кўриниб қолмайдиган қилиб йиғилса, ана шу услуб афзалдир. Айрим муҳаддисларнинг айтишича, юқоридаги ҳадис номаҳрам эркакларнинг ҳузурида бошини эгмасдан, кўзини ерга қаратмайдиган аёлларга ҳам тааллуқли бўлади. Бундай аёллар жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар [2].
Макияж. Агар суртилаётган моддаларда ҳаром ҳисобланган бирикмалар бўлмаса, бунга рухсат бор (Косметологик воситаларда синтетик спирт ишлатилгани сабабли улардан фойдаланишга рухсат берилади).
Аёлнинг ташқи кўринишини яхшилашга ўз-ўзидан ижозат берилган бўлиб, макияж ҳам мана шу жумлага киради. Бу ишнинг ҳаром бўлиши эса зеб берилган тана аъзоларини номаҳрам эркакларга кўрсатувчи аёлларга тааллуқлидир. Бу унинг гуноҳи бўлиб, бунинг учун ўзи жавоб беради. Шу сабабли косметологнинг мижозга макияж қилишига рухсат берилади. Агар мижоз макияжни нотўғри ишлатадиган бўлса, яъни безатилган юзини номаҳрамларга кўрсатса, у ҳолда бу гуноҳга косметолог эмас, балки ўша аёлнинг ўзи масъул бўлади.
Педикюр ва маникюр. Агар оёқларга ва қўлларга ҳаром моддалар суртилмайдиган бўлса, бунга рухсат этилади. Шуни айтиб ўтиш керакки, таҳоратнинг ҳақиқий бўлишининг шартларидан бири тирноқнинг устига сув тегиши ҳисобланади. Унинг устига бўёқ (лак) суртилган бўлса, сув унга етиб бормайди. Шу боис, таҳорат қилишдан олдин лакни кетказиш лозим бўлади. Агар таҳорат қилиш вақтида тирноқда лак бўлса, таҳорат ҳақиқий ҳисобланмайди [3].
Энди косметик жарроҳликка тегишли ҳукмлар билан танишиб чиқилади:
Бу мавзу бўйича тақдим қилинган илмий ишлар муноқаша қилиниб, у ҳақда бўлиб ўтган тортишувларни эшитиб, Ислом Конференцияси Ташкилоти қошидаги халқаро Ислом Фиқҳи Академияси қуйидагича қарор қилади.
Биринчи: Косметик жарроҳликнинг таърифи: Косметик жарроҳлик инсонни зоҳирий жисмидаги бўлакларидан бирини ўзгартириш орқали чирой киритиш ёки шикаст етганлиги сабабли вазифасини қайта изга тушириш учун хизмат қиладиган жарроҳлик
Иккинчи: Косметик жарроҳлик мобайнидаги умумий шартлар ва нормаларга амал қилиш:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у зот: «Игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ халқ қилган нарсани ўзгартирувчини лаънатлаган», деб айтдилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда келтирилишича, соч уловчи аёл ва соч улатувчи аёл, игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздирувчи, оғриқсиз баданига сурат чизувчи лаънатланган. (Абу Довуд ривояти). Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатувчи эркакка ҳамда ўзини эркакка ўхшатувчи аёлга бундай қилишни ман этганлар.
Учинчи: Шаръий аҳкомлар:
Аллоҳ Қуръонда бу ҳақида: «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг гўзал тузилишда яратдик», деб айтган (Тийн сураси, 4-оят).
Ислом Аллоҳ таолонинг мукаммал барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал суратда яратган. Уни сабабларсиз ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай экан, бошқа дин вакилларига тақлид қилиб, хилқатни ўзгартириш мусулмоннинг иши эмас.
Нафосат РАҲМАТОВА,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
[1] “Тафсир ибн Касийр”, I жилд, 459-бет.
[2] Нававийнинг “Саҳиҳи Муслим”га шарҳи, XVII жилд, 190-бет; “Иҳяат Турас” нашр.
[3] Муфтий Суҳайл Тармаҳомед Муфтий Иброҳим Десоийнинг мулоҳазалари ила Жамиатул Улама, Дарул Ифта.
[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Кифоя. III жуз. – Т: “Ҳилол-Нашр”, 2021. – Б. 640.
Юртимизга Ёз ойлари кириб келди. Шукрлар бўлсин.
Мактабларда ўкув йили тамомланди. Кеча биринчи синфга қадам қўйган битирувчига ҳам айланди.
Мактабги тамомлаганлар Олий даргоҳларига талаба булиш умидида аризалар топшириш тараддудида.
Битирувчи ўкувчилардан бошқа фарзандларимиз ёзги таътил даврида оила бағрида. Аммо минг афсуски, ўкув йили тугади дегани, таълим олиш тарбия олиш тугамади.
Зеро, Расулуллох алайхиссалом: “Бешикдан кабргача илм изла!” дедилар.
Эътибор берайлига, бешикдан кабргача деган замон уз ичига ёз ойларини хам олади.
Доно халқимизда ажиб накл бор.
“Дўстни ғафлати душманни ганимати”
Дарҳақиқат фарзандларимизни назоратсиз қолдирсак, ҳохлаган ишларига қўл уришлари аниқ.
Аллоҳ таоло инсонни илм билан шарафлади. Илм – қалбларни ёритадиган нур, жаҳолат зулматидан нажот берадиган йўлдир. Шу сабабли мўмин банда илм олишни маълум бир фаслга, ёшга ёки вақтга боғлаб қўймайди. Чунки илм олиш ибодати умрнинг охиригача давом этадиган шарафли вазифадир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят).
Яна бир оятда: “Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилган зотларни баланд даражаларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Бу оятлар илм аҳлининг Аллоҳ ҳузуридаги юксак мақомини кўрсатади. Илм эгаллаш учун ёзнинг иссиғи, қишнинг совуғи, таътил ёки бошқа баҳоналар тўсиқ бўла олмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алаҳҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” (Ибн Можа ривояти).
Ҳадисда илм талаб қилиш учун муддат ёки чеклов белгиланмаган. Демак, мусулмон киши доимо ўрганишда, изланишда ва ўзини камолга етказишда давом этиши керак.
Салаф улуғларимиз илм йўлида мислсиз сабр ва матонат кўрсатганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ каби буюк алломалар умрларининг сўнгги дамларигача илм билан машғул бўлганлар. Улар учун “дам олиш” илмни тарк қилиш эмас, балки илмни янада мустаҳкамлаш воситаси эди.
Афсуски, баъзан айрим кишилар таътил кунларини бекорчилик, фойдасиз машғулотлар ёки вақтни беҳуда сарфлаш билан ўтказадилар. Ҳолбуки, бир дақиқа ҳам қайтиб келмайди. Вақт – Аллоҳнинг энг улуғ неъматларидан биридир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алаҳҳи васаллам айтадилар: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларда алданиб қоладилар: соғлиқ ва бўш вақт” (Имом Бухорий ривояти).
Шунинг учун таътил кунлари Қуръон тиловати, диний ва дунёвий фойдали китобларни мутолаа қилиш, илмий суҳбатларда қатнашиш, янги кўникмаларни ўрганиш билан безатилиши лозим.
Илмнинг энг гўзал жиҳати шундаки, у инсонни дунёда ҳам, охиратда ҳам бахт-саодатга элтади. Мол-дунё сарфланса камаяди, илм эса улашилган сари зиёда бўлади. Шунинг учун ҳақиқий муваффақият эгаси – вақтини илм билан қадрлаган кишидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтмоқчимиз.
Таътил мактабда, олийгоҳда ёки иш фаолиятида бўлиши мумкин. Аммо илм олишда таътил бўлмайди. Мўмин инсон ҳар куни янги бир фойдали маълумот ўрганишга, Қуръон ва суннат илмларини эгаллашга интилади. Чунки илм йўли – жаннат йўлидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким илм излаш йўлига кирса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни илмни севувчи, унга амал қилувчи ва уни бошқаларга етказувчи бандаларидан қилсин.
Шуҳратилла Исроилов,
Учқўрғон тумани бош имом-хатиби.