Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Июн, 2026   |   20 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:07
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:36
Шом
19:58
Хуфтон
21:34
Bismillah
07 Июн, 2026, 20 Зулҳижжа, 1447

Аёлларга хос замонавий фиқҳий масалалар

29.01.2025   11842   13 min.
Аёлларга хос замонавий фиқҳий масалалар

Барчани дунёга келтирган, дуогўй бўлган мўътабар оналар, қадрдон опа-сингиллар ва ғамхўр қизларнинг оилада, жамиятда тутган ўрни беқиёсдир. Аллоҳ таоло Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳ васаллам орқали муҳтарама аёлларнинг қадр-қимматини юксакларга кўтариб, Ўзининг каломи шарифида ҳам улар учун алоҳида сура нозил қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларининг ҳадиси шарифларида аёлларга оид барча масалаларни, жумладан, уларнинг жамиятдаги ўрни, оиладаги, фарзанд тарбиясидаги роли, илм тарқатишдаги масъулияти кабиларни батафсил баён қилиб бердилар. Саодат асридан то замонамиз уламоларигача, барчалари ўзларининг илмий асарлари ва китобларида аёллар учун алоҳида боблар ажратишган.

Бугунги кунга келиб, аёлларнинг жамиятдаги ўрни кенгайиб, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби масалаларни ўрганиш, турли салбий оқибатларнинг олдини олиш ишларига эътибор кучайиб бормоқда.

Ислом дини озода ва кўркам ташқи кўринишни маъқуллайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган бир ҳадисда у зот: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади”, деганлар (Имом Муслим “Саҳиҳ”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. 147-ҳадис).

Одамзоднинг табиатида гўзалликка интилувчанлик бор бўлгани учун ўзгалар кўзига чиройли кўринишни хоҳлаб, ўзига оро беришда вақтини аямайди. Айниқса ҳозирги косметология саноати ривожланиб, унинг маҳсулотлари дунё бўйлаб кенг тарқалган бир пайтда.

Юқорида айтганимиздек, Ислом дини ташқи кўринишни яхшилашни тўлиқ тақиқламайди. Аксинча, шундай ҳолатлар борки, ўзига оро бериш шарт ёки матлуб бўлади. Масалан: эр-хотинлик алоқаларини яхшилаш мақсадида Ислом дини аёлнинг эр учун, эрнинг аёл учун безаниб юришини тавсия қилади. Бу борада Абдуллоҳ ибн Аббоснинг қуйидаги сўзлари ривоят қилинади: “Аёлимнинг мен учун зийнатланишини яхши кўрганимдек, мен ҳам аёлим учун зийнатланишни яхши кўраман”[1].

Шунинг учун ҳам Исломда ташқи кўринишга оро бериш умумий ҳолда рухсат этилган. Бироқ бу ишда ҳаром қилинган айрим ҳолатлар мавжуд. Сабаблари эса қуйидагилардир:

а) агар кофир ёки ахлоқсиз одамларга ўхшаш учун қилинса;

б) агар Аллоҳ яратган ташқи кўринишнинг ўзгариб кетишига олиб келадиган ғайритабиий нарсалар билан ўз ҳолатини ўзгартирса, мана шу сабаблардан биргинаси мавжуд бўладиган бўлса ҳам, ташқи кўринишни яхшилаш жоиз эмас.

Энди гўзаллик салонларида аксарият қўлланиладиган муолажалар ҳамда уларнинг меъёрлари билан танишиб чиқсак:

Бошқа жинс вакилларининг сочини олиш ёки турмаклаш. Бу ман қилинган.

Соч бўяш. Тим қора, шунингдек, аёл кишини ахлоқсиз ёки бузуқ кўринишга олиб келувчи рангларга бўялмаса, соч бўяшга рухсат бор.

Сочни бутунлай қора рангга бўяшнинг ман қилинганлиги қуйидаги ҳадисда келтирилган: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қайси қавмга ўхшаса (яъни ўзини ўхшатса), у ўшалардандир” (Абу Довуд, 4031-ҳадис. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).

Қош териш ва шаклини ўзгартириш. Бу иш тақиқланган, чунки бунда қошнинг асл табиий шаклига аралашиш бордир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қош терувчи ва қош тердирувчи аёлларни очиқ-ойдин лаънатлаганлар.

Ибн Маъсуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мижознинг аврат бўлмаган жойларидан тукларни кетказиш гуноҳ эмас. Масалан: юздан (қошлардан ташқари), қўлдан, оёқдан ва ҳоказо. Худди шу меъёрлар лазерли эпиляцияга ҳам тааллуқлидир.

Сочни кесиш ҳамда турмаклаш. Аёлларга соч кестириш ва турмак қилишга рухсат берилган. Аммо шарти шуки, турмак услуби эркакларникига ўхшамаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарама-қарши жинс вакилларига тақлидни ман қилганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Жаҳаннам аҳлидан бўлмиш, мен уларни кўрмаган икки тоифа кишилар бор. Уларнинг биринчиси, сигирларнинг думига ўхшайдиган қамчиларни кўтариб юрувчилар бўлиб, улар билан одамларни урадилар. Бошқалари эса кийинган бўлсалар ҳам, лекин яланғоч аёллардир. Улар (ўзларининг бундай кўринишлари билан) бошқаларни Аллоҳнинг амрларига итоатсизликка ундайдилар ва ўзлари ҳам (беҳаёликлари билан) Унга итоатсиз бўладилар. Уларнинг боши туянинг ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмайдилар ва унинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар, ваҳоланки, унинг ҳиди жуда ҳам узоқ масофадан сезилади” (Муслим “Саҳиҳ”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. 2128-ҳадис).

Ҳадиснинг шарҳи. “Кийинган бўлсалар-да, яланғоч” иборасида шариат талабларига жавоб бермайдиган тарзда кийинган аёллар назарда тутилган. Улар ўта юпқа матодан тикилган ёки баданга жуда ёпишиб тургани сабабли тананинг шаклини яққол кўрсатиб турувчи кийимларни кийишади. Агар кўйлак, иштон ёки ҳаттоки плаш ҳам баданга ёпишиб, унинг шакли кўриниб турган бўлса, мазкур ҳадисда айтилган огоҳлантириш ушбу аёлларга тааллуқли бўлади.

Шунингдек, ҳарир бўлмаса-да, баданни тўлиқ бекитмайдиган (масалан, йиртиқлар, V шаклидаги қирқимлар, калта ёки билакни ёпмайдиган енглар ва ҳоказо) кийимлар ҳам шулар жумласидандир.

Сочларга келадиган бўлсак, уларни бошнинг тепа қисмига йиғиб олиш ҳаромдир. Чунки бундай турмакда бош аслидан кўра каттароқ кўриниб, туянинг ўркачини эслатади. Одатда сочлар энса(гардан)да йиғилади, ҳадисда келган тарзда эмас. Агар сочлар бошнинг пастки қисмида, рўмол тагидан кўриниб қолмайдиган қилиб йиғилса, ана шу услуб афзалдир. Айрим муҳаддисларнинг айтишича, юқоридаги ҳадис номаҳрам эркакларнинг ҳузурида бошини эгмасдан, кўзини ерга қаратмайдиган аёлларга ҳам тааллуқли бўлади. Бундай аёллар жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар [2].

Макияж. Агар суртилаётган моддаларда ҳаром ҳисобланган бирикмалар бўлмаса, бунга рухсат бор (Косметологик воситаларда синтетик спирт ишлатилгани сабабли улардан фойдаланишга рухсат берилади).

Аёлнинг ташқи кўринишини яхшилашга ўз-ўзидан ижозат берилган бўлиб, макияж ҳам мана шу жумлага киради. Бу ишнинг ҳаром бўлиши эса зеб берилган тана аъзоларини номаҳрам эркакларга кўрсатувчи аёлларга тааллуқлидир. Бу унинг гуноҳи бўлиб, бунинг учун ўзи жавоб беради. Шу сабабли косметологнинг мижозга макияж қилишига рухсат берилади. Агар мижоз макияжни нотўғри ишлатадиган бўлса, яъни безатилган юзини номаҳрамларга кўрсатса, у ҳолда бу гуноҳга косметолог эмас, балки ўша аёлнинг ўзи масъул бўлади.

Педикюр ва маникюр. Агар оёқларга ва қўлларга ҳаром моддалар суртилмайдиган бўлса, бунга рухсат этилади. Шуни айтиб ўтиш керакки, таҳоратнинг ҳақиқий бўлишининг шартларидан бири тирноқнинг устига сув тегиши ҳисобланади. Унинг устига бўёқ (лак) суртилган бўлса, сув унга етиб бормайди. Шу боис, таҳорат қилишдан олдин лакни кетказиш лозим бўлади. Агар таҳорат қилиш вақтида тирноқда лак бўлса, таҳорат ҳақиқий ҳисобланмайди [3].

Энди косметик жарроҳликка тегишли ҳукмлар билан танишиб чиқилади:

Бу мавзу бўйича тақдим қилинган илмий ишлар муноқаша қилиниб, у ҳақда бўлиб ўтган тортишувларни эшитиб, Ислом Конференцияси Ташкилоти қошидаги халқаро Ислом Фиқҳи Академияси қуйидагича қарор қилади.

Биринчи: Косметик жарроҳликнинг таърифи: Косметик жарроҳлик инсонни зоҳирий жисмидаги бўлакларидан бирини ўзгартириш орқали чирой киритиш ёки шикаст етганлиги сабабли вазифасини қайта изга тушириш учун хизмат қиладиган жарроҳлик

Иккинчи: Косметик жарроҳлик мобайнидаги умумий шартлар ва нормаларга амал қилиш:

  1. Жарроҳлик шаръий эътибор билан амалга оширилган бўлмоғи лозим. Масалан, вазифани қайта йўлга қўйиш, айбни ислоҳ қилиш ва хилқатни аслига қайтариш.
  2. Жарроҳлик умид қилинган манфаат ўрнига зарарни ошириб юбормаслиги керак. Бу ишни мутахассис ва ишончли кишилар амалга оширмоғи лозим.
  3. Жарроҳлик амалиётини қилувчи табиб ёки ҳамшира ўша касбнинг аҳли ва мутахассиси бўлиши ва бу масъулият Академиянинг 142-рақамли қарорига мувофиқ бўлиши.
  4. Жарроҳлик амалиёти беморнинг изни билан бўлиши.
  5. Табиб онгли ва воқе бўлиши мумкин бўлган хатарларни кўра-била оладиган бўлиши лозим.
  6. Жарроҳликдан таъсири оз бўлган бошқа муолажа бўлмаслиги лозим
  7. Шаръий манбаларга мухолиф бўлмаслиги керак.
  8. Даволаниш қоидаларига амал қилмоғи. Номаҳрам биқан холи колмаслик, авратларни очмаслик ва шунга ўхшаш нарсалардан четланиш. Зарурат учун ёки мажбур бўлиб қолганда зарари йўқ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у зот: «Игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздирувчини, соч улайдиганни ва улатадиганни, ҳусн учун тишларининг орасини очувчини ва Аллоҳ халқ қилган нарсани ўзгартирувчини лаънатлаган», деб айтдилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда келтирилишича, соч уловчи аёл ва соч улатувчи аёл, игна билан баданига сурат чизувчи аёл ва чиздирувчи, оғриқсиз баданига сурат чизувчи лаънатланган. (Абу Довуд ривояти). Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзини аёлларга ўхшатувчи эркакка ҳамда ўзини эркакка ўхшатувчи аёлга бундай қилишни ман этганлар.

Учинчи: Шаръий аҳкомлар:

  1. Косметик жарроҳлик зарурат ва ҳожат юзасидан шаръан жоиздир.
  2. Жисмдаги аъзонинг шаклини Аллоҳ халқ қилган ҳолатига қайтариш;

Аллоҳ Қуръонда бу ҳақида: «Батаҳқиқ, Биз инсонни энг гўзал тузилишда яратдик», деб айтган (Тийн сураси, 4-оят).

  1. Жисм аъзосига таниқли маълум вазифасини қайтариш;
  2. Халқий айбларни ислоҳ қилиш. Масалан, йиртилган лаб, қийшиқ бурун, хол, бармоқ ва тишларнинг ортиқчаси ёки бармоқ ёпишиб қолиб, унинг шу тарзда туриши моддий ёки маънавий зарар келтирса;
  3. Бахтсиз ҳодисалар сабабли, мисол учун, ёнғин, маълум бир касаллик ва бошқа шунга ўхшаш нарсалар натижасида шикастланган терини олиб ташлаб, соғ терини ямаш амалиёти; кўкрак бези касалликка олиб боришидан хавфга тушилса, унинг баъзи қисмини ёки барчасини олиб ташлаш; соч тўкилиб кетганда соч экиш.
  4. бадбашараликни йўқотиш, хусусан, бу нафсий азиятга сабаб бўлса.
  5. Косметик жарроҳлик амалиёти тиббий муолажа бўлмай, балки инсоннинг текис хилқатини ўз ҳавойи нафсига эргашиб ёки бошқаларга тақлид қилиб, рағбатларини рўёбга чиқариш мақсадида бўлса, жоиз эмас. Жумладан, юзни муайян кўринишда кўриниш учун ёки фириб қасди ва адолатни бузиш маъносида бошқача тусга киритиш, бурун шаклини ўзгартириш, лабни катта ёки кичик қилиш ва кўз шаклини ўзгартириш, лунжни кенгайтириш кабилар.
  6. Агар вазн бирор касалликни келтириб чиқарса, уни илмий воситалар билан камайтириш. Жарроҳликдан бошқа йўл қолмаса, зарардан омонда бўлиш шарти билан жарроҳлик амалиёти ўтказиш жоиз.
  7. Ажинни жарроҳлик йўли орқали ёки укол орқали модомики касаллик ҳолати бўлмаса, зарардан омонда бўлиш шарти билан жоиз эмас.
  8. Қизлик пардаси бахтсиз ҳодиса ёки зўравонлик оқибатида ёки мажбурлаш билан йиртилиб кетган бўлса, уни тикиш жоиз. Аммо фоҳишалик сабабли ўша қилган гуноҳини ёпиш учун бўлса, шаръан жоиз эмас. Бу амалиётда шифокор аёллар бошчилик қилишлари лозим.
  9. Мутахассис табиб тиббий амалларда шаръий қоидаларга амал қилиши ва жарроҳлик қилдираётганларга насиҳат қилиши лозим. Чунки «Дин насиҳатдир», дейилган [4].

Ислом Аллоҳ таолонинг мукаммал барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал суратда яратган. Уни сабабларсиз ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шундай экан, бошқа дин вакилларига тақлид қилиб, хилқатни ўзгартириш мусулмоннинг иши эмас.

Нафосат РАҲМАТОВА,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

[1] “Тафсир ибн Касийр”, I жилд, 459-бет.
[2] Нававийнинг “Саҳиҳи Муслим”га шарҳи, XVII жилд, 190-бет; “Иҳяат Турас” нашр.
[3] Муфтий Суҳайл Тармаҳомед Муфтий Иброҳим Десоийнинг мулоҳазалари ила Жамиатул Улама, Дарул Ифта.
[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Кифоя. III жуз. – Т: “Ҳилол-Нашр”, 2021. – Б. 640.

 

Аёлларга хос замонавий фиқҳий масалалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ҳам Аллоҳ муҳофазасидадир

04.06.2026   7166   12 min.
Ҳадислар ҳам Аллоҳ муҳофазасидадир

Ҳадисларнинг исломдаги юксак аҳамияти ва асосий йўриқнома экани, муқаддас динимизнинг барча жиҳатлари Суннатга боғлиқлиги худди Қуръони каби ҳадисларни ҳам Аллоҳ ҳимоя қилишини тақозо этади. Буни қуйидаги далиллар мисолида кўриш мумкин.

Биринчидан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам – охирги Пайғамбар, у зот келтирган шариат қиёматгача қолувчи сўнгги шариатдир. Бу шариат ҳадислар билангина мукаммал бўлиб, унга фақат Суннат орқали комил амал қилиш мумкин. Демак, шариат қиёматгача ўзгаришларга учрамай сақланиши учун унинг икки асоси бўлмиш Қуръон ҳам, ҳадислар ҳам муҳофаза қилинган бўлиши шарт.

Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзларида бунинг тасдиғи яққол намоён бўлади: «Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир. У гарчи мушриклар ёқтирмаса ҳам, Ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан ҳамма диндан устун қилиш учун юборган Зотдир» [Тавба сураси, 32-33-оятлар].

«Аллоҳнинг нури» – Расулига юборган ҳидоят ва ҳақ дин. Бунга ҳам ваҳийнинг икки тури – Қуръон ва ҳадис киради. Бу нурни фақат Қуръон билан чеклашга ҳеч қандай асос йўқ, чунки ислом дини ҳадиссиз тўлиқ бўлмайди. Чунки, уни ҳадислардан айро ҳолда тасаввур қилиш имконсиздир.

Юқоридаги оятнинг маъносини қуйидагича тушуниш мумкин: «Кофирлар Аллоҳнинг динини ёлғон ва урушлар билан йўқ қилмоқчи бўлади, лекин буни уддалай олмайди. Улар қуёш нурини пуфлаб ўчирмоқчи бўлган нодонларга ўхшайди. Аллоҳ таоло Ўз динини муқаррар ғолиб қилади».

Учинчидан, Аллоҳ таолонинг мана бу каломи: «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» [Ҳижр сураси, 9- оят].

Ушбу далил “зикр” сўзининг маъносига боғлиқ. Луғат китобларида, хусусан, «Ал-Қомус»да бу калима “дин тафсилотлари ва қонун-қоидалари баён қилинган китоб” деб таърифланган. Имом Роғибнинг «Муфрадот» асарида: «Ҳар бир ҳақ сўз зикр дейилади», деб айтилган.

Ибн Форис “китоб” сўзининг асли бир нарсани бошқасида жамлашни англатишини айтиб ўтган. Имом Роғиб эса, ёзувда ҳарфларни бир-бирига қўшиб тизиш «китобат» (ёзиш) дейилишини, бу сўз баъзан оғзаки нутққа нисбатан ҳам ишлатилишини қўшимча қилган. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг каломи, гарчи ўша кезлари ҳали қоғозга туширилмаган бўлса-да, оятларда «китоб» деб номланган.

«Дин тафсилотлари баён қилинган китоб» сўзларига кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик» оятидаги “зикр” Қуръони карим экани аён бўлади. Кўпчилик уламо ва муфассирлар шу фикрда якдилдир. Бироқ “зикр” сўзи фақат Қуръонга хос эмас, балки кенг маъноли бўлиб, у бошқа нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилади. Масалан, «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўрангиз» оятидаги «зикр аҳли» олимлардир.

Шунга кўра, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» ояти Қуръони каримнинг ўзгаришдан сақланишини очиқ-ойдин билдиради. Лекин фақат Қуръонни сақлашини англатмайди. Чунки Ҳақ таоло бошқа нарсаларни ҳам сақлаган, масалан, Пайғамбаримизни душманлар суиқасдидан асраган, шунингдек, Аршни, осмонлар ва ерни заволга юз тутишдан сақлаб туради.

Оятдаги муҳофаза қилиш ваъдаси аввалги илоҳий китобларга нисбатан қўлланган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Аллоҳ таоло аввалги китобларни сақлашни ўша қавмларнинг ўзига топширган, улар эса буни уддалай олмаган эди. Оқибатда олдинги илоҳий китоблар ўзгартириб юборилганди. Қуръонни сақлашни эса Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олди.

Оятнинг маъно ва мақсадига қаралса, у исломни барча жиҳатлари билан сақлашни ўз ичига олади. Муқаддас динимизнинг иккинчи асоси бўлган ҳадислар ҳам шулар жумласидандир. Чунки Қуръонни сақлашдан мақсад исломни муҳофаза қилиш экан, у ҳадиссиз тўлиқ сақланиб қолмайди.

Қуръони каримни муҳофаза қилишдан асосий мақсад бандаларнинг унга амал қилишидир. Мусҳафи шарифдаги кўплаб ҳукмлар умумий ва қисқа берилган, уларни уларга ҳадис орқали батафсил тушунгачгина амал қилиш мумкин. Масалан, Аллоҳ азза ва жалла: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу Қуръон билан бирга унинг “баёни”ни – маъносини, тафсилотларини, яъни ҳадисларни ҳам Аллоҳ сақланишини тасдиқлайди.

Айнан шунинг учун ҳам улуғ имом Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадиснинг муҳофаза қилинишига мана шу оятни далил қилиб келтирган. У кезларда уйдирма ҳадислар кўпайиб кетган эди. Бир куни одамлар: «Бу тўқилган ҳадислар нима бўлади?» деб сўрашганида, у: «Улар учун билимдон мутахассислар бор», деб жавоб бериб, «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятини қироат қилган.

Бу билан улуғ имом ҳадислар ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканини тушунтирган. Ҳадислар мажмуидан ташкил топган Суннатни сақлаш эса билимдон муҳаддис олимлар орқали амалга оширилади. Улар ҳадисларни илм элагидан ўтказиб, саралаб, саҳиҳини заифидан, аслини уйдирмасидан ажратиб беради. Ислом тарихи давомида муҳаддислар айнан шу ишни қилди ва бу Аллоҳнинг ҳадисни сақлаш ҳақидаги ваъдасининг исботи бўлди.

Суннатнинг муҳофаза қилинишига бошқа далиллар ҳам бор.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўнгги пайғамбар эканлари, у зотнинг дини қиёматгача боқий бўлиши учун исломнинг асоси бўлган ҳадислар ҳам сақланиши шарт.

Диннинг мукаммал қилингани Аллоҳ таолонинг «Бугун динингизни мукаммал қилиб бердим» [Моида сураси, 3-оят] деган сўзлари билан собит бўлган. Бу хитоб қиёматгача бўладиган барча замонларга тегишли. Диннинг мукаммаллиги эса ҳадислар сақлангандагина тамомига етади.

Аллоҳ Ўз нурини батамом қилиши – «Аллоҳ эса, гарчи кофирлар ёқтирмаса ҳам, ўз нурини батамом қилишдан бошқа ҳар нарсадан бош тортадир» [Тавба сураси, 32-оят] ояти ҳам исломнинг барча асослари сақланишини англатади.

Ҳадиснинг ваҳий экани бундай тасдиқланади. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Гунглар огоҳлантирилган вақтда даъватни эшитмаслар денг» [Анбиё сураси, 45-оят], деган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни ҳам Қуръон, ҳам ҳадис билан огоҳлантирганлар. Демак, ҳадис ҳам Қуръон каби ваҳийдир. Суннатдан эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу сўзлари далил бўлади: “Менга Қуръон билан бирга унинг мислича берилди”.

Қуръони каримдаги кўплаб ҳукмлар умумий бўлиб, улар ҳадисларда келган тафсилотларга муҳтож. Суннат муҳофаза қилинмаганида, Қуръон ҳукмларига амал қилиб бўлмас эди.

Аллоҳ таоло: «Ва сизга (эй Муҳаммад!) одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришингиз учун зикрни нозил қилдик», деган. Бу оят ҳам ҳадиснинг сақланишини тақозо қилади, чунки тушунтирувчи манба йўқолса, Қуръони каримнинг мақсади амалга ошмай қолади.

Ҳақ таоло бундай марҳамат қилган: «Ким исломдан бошқа динни хоҳласа, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўргувчилардан бўладир» [Оли Имрон сураси, 85-оят]. Бу ҳукм қиёматгача яшайдиган барча инсонларга тааллуқли. Уларнинг дин бўйича ҳужжати тўлиқ бўлиши учун у аввало ўша авлодларга тўлиқ ҳолида етиб бориши керак. Ислом дини эса ҳадиссиз тўлиқ етиб бормайди. Демак, қиёматгача дин сақланиши учун ҳадислар муҳофаза қилиниши шарт.

Ҳадиснинг илоҳий муҳофазаси фаразнамо таъкид эмас, балки олимлар, айниқса, ҳадис илми ва ровийлар бўйича мутахассислар аниқ биладиган ҳаётий ҳақиқатдир. Ислом уммати ҳадисларни сақлашга, тўғрисини хатосидан ажратишга мисли кўрилмаган даражада катта аҳамият берган. Ҳадисларнинг мукаммал сақланганига фақат бу илмлардан бехабар бўлган жоҳиллар ё исломга зарар етказишни кўзлаган ғаламисларгина шубҳа қилади. Бу шубҳа замирида аслида илмий-мантиқий шубҳа-гумон эмас, ғараз ётган бўлади.

Ислом уламолари юқоридагилардан келиб чиқиб, Суннат ҳам худди Қуръони карим каби Аллоҳнинг ҳимоясида, деган хулосага келган.

Имом Шофеий таъкидлаганидек, Суннат уламолар орасида тўлалигича сақланган. Тўғри, бир олим барча ҳадисларни билмаслиги мумкин, лекин у бехабар бўлган ривоятдан бошқа бир олим, албатта, бохабар бўлади. Шу тариқа барча олимларнинг билганлари жамланса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари тўла-тўкис намоён бўлади. Ҳеч бир ҳадис бутунлай йўқолиб кетмайди.

Имом Ибн Ҳазм ҳадисларнинг Қуръони карим каби Аллоҳ томонидан сақланишига бир қанча оятларни далил қилиб келтирган. Аввало айтиш керакки, у ҳам «Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз» оятидаги зикр сўзини барча ваҳийларга тегишли деб билади.

Олимнинг фикрича, Қуръон ва ҳадислар бир-бирини тўлдиради. Иккаласи ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келгани учун ҳам шундай. Мана шундан келиб чиқиб, иккисидаги ҳукмларга бирдек итоат қилиш лозим.

Мен сизларни фақат ваҳий орқалигина огоҳлантирурман. Ҳақ таоло инсонларни тўғридан-тўғри эмас, пайғамбарлар орқали огоҳлантиради. Пайғамбарлар, хусусан, Набий алайҳиссалом инсонларни нафақат оятлар билан, балки ҳадислар билан ҳам огоҳлантирганлар. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари ваҳийдир. Ваҳий (зикр) эса Қуръондаги илоҳий ваъда билан муҳофазага олинган.

Аллоҳ таоло бир нарсани сақлашни ўз зиммасига олдими, демак, у йўқолиб ҳам кетмайди, ўзгариб ҳам қолмайди. Диннинг қайсидир бир жиҳати йўқ бўлиб кетса ёки у ҳақ билан ботилни ажратиб бўлмайдиган даражага тушиб қолса, илоҳий ваъда қуруқ гап бўлиб қолар эди. Ваҳоланки, Қодир Парвардигордан Унинг Ўзига маломат келтирадиган калом нозил бўлиши ҳар қандай мантиққа зиддир.

Шунинг учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин қандай бўлган эса, қиёматга қадар шундайлигича қолади. У зот айтган динга оид бирор сўз йўқолиши ёки унга биронта уйдирма гап мутлақо ажралмайдиган бўлиб аралашиб қолиши асло мумкин эмас.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, Аллоҳ таоло Мусҳафи шарифда намоз, закот ва ҳаж каби амаллар қисқа тарзда айтилган, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни одамларга тушунтириб беришни буюрган. Эътибор берсак, уларнинг қандай бажарилиши фақат ҳадислар орқали маълум бўлади. Бу кўрсатмалар сақланмаганида, ишончли бўлмаганида эди, дин арконларига амал қилишнинг имкони қолмас, фарз амаллар қатъий қоидалар асосида эмас, пала-партиш ва бетартиб бажариладиган бўларди. Баъзилари ҳатто бекор бўлиб ё унутилиб, йўқолиб ҳам кетиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Бу шуни англатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин борасида айтган ҳар бир сўзлари Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қачон ёт нарсалар ажратиб бўлмайдиган даражада аралашиб кетмайди.

Сўз сўнгида халқ орасидаги “жўн гап”га ҳам мурожаат қилсак. Исломда “Қуръонда зикр қилинган нарса қиёматгача йўқолмайди” деган тушунча бор. Бунинг маъноси шуки, Қуръони карим муҳофазада экан, унда қайд этилган нарсалар келгуси авлодлар учун тушунарсиз, мавҳум, унутилган бўлиб қолмайди, балки Мусҳафи шарифдек сақланади. Шунга мувофиқ фикр юритадиган бўлсак, Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш – буюрганларини бажариш, нимадан қайтарган бўлсалар, уларни тарк қилиш – амри бор. Бу илоҳий амр ҳам – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари қиёматгача сақланишини англатади. Негаки, Суннат сақланмаса, унга амал қилишни амр этишда маъно ва мантиқ қолмасди. Ҳақ таолонинг амри эса, боя таъкидланганидек, Унинг Ўзига маломат келтирадиган гап эмас, балки илоҳий ҳикматдир.

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими