IQNA – Мисрда Қуръон оятларини тўғри ўқиш, талаффузни тўғрилаш ва тажвид қоидаларини ўзлаштиришни ўргатиш мақсадида “Мақраъат ал-Мажлис” (Мажлис тиловати) деб номланган миллий Қуръон тиловатини тузатиш лойиҳаси йўлга қўйилди.
IQNA сайтининг “newsroom.info” ахборот порталига таяниб хабар беришича, Миср Ислом ишлари бўйича Олий Кенгаш “Мақраъат ал-Мажлис” (Мажлис қироати) номли янги лойиҳани ишга туширган. Ушбу лойиҳадан Аллоҳнинг каломига хизмат қилиш ва унинг илмларини кишилар ўртасида тарғиб қилиш, Қуръонни тўғри тиловат қилишни ўргатиш, талаффузини тўғрилаш, тажвид қоидаларини ўзлаштириш мақсад қилинган.
Мазкур лойиҳа Ислом ишлари бўйича олий кенгашнинг Қуръон карим маданиятини тарқатиш ва тўғри қироатни ўрганишга кўмаклашиш бўйича мажбуриятларининг бир қисмидир. У интерфаол ўқув учрашуви шаклида ўтказилмоқда.
Иштирокчилар ушбу йиғилиш орқали тўғри талаффуз ва қироатни тўғрилашни ўрганадилар, шунингдек, қироатини мукаммаллик ва тўлиқликка яқинлаштириш учун тажвиднинг асосий тамойиллари билан танишадилар.
“Мажлис тиловати билан... Талаффузингни тўғирла ва Қуръон тиловатингни мукаммал қил” шиори остидаги ушбу дастур Ислом ишлари бўйича Олий кенгаш Медиа маркази аъзоси Шайх Марвон Яҳё томонидан тақдим этилмоқда.
Ушбу дастур орқали Мисрдаги Ислом ишлари бўйича Олий Кенгаш диний оммавий ахборот воситаларини Қуръон таълими хизматига жалб этиш ва уни ўқитишни осонлаштириш, шунингдек, қироат, фикр юритиш ва жидду жаҳд билан ғайрат қилиш орқали авлодларни Aллоҳнинг Китоби билан боғлашни мақсад қилган.
Илёсхон Аҳмедов
тайёрлади