Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўмин ва мўминага ўзи, фарзанди ва мол-дунёси борасида доим мусибат етиб туради (булар гуноҳларни ўчириб тураверганидан) ҳатто Аллоҳ таолога зиммасида бирор гуноҳсиз ҳолатда йўлиқади” (Имом Термизий ривоят қилган).
Ҳадис шарҳи: Аллоҳ таоло бандаларини мусибат ва балолар билан синашни уларнинг гуноҳларига каффорат ва хатолари ўчирилиши учун жорий қилди. Бунинг сабаби Аллоҳ таоло бандасини яхши кўрар экан, гуноҳларини мағфират қилиш учун уни синайди. Натижада банда Аллоҳ таолога зиммасида бирор гуноҳсиз йўлиқади.
Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мўмин ва мўминага доим мусибат етиб туради” яъни: мўмин банда балолардан ажрамасдан доим мусибатда бўлиб, унга синовлар тушиши бардавом бўлади, “ўзида” яъни: руҳий ва жисмоний соғлиғида, “фарзандида”, яъни: фарзандларининг касал бўлиши, вафоти, оқ бўлиши ва бошқаларда, “молу дунёсида”, яъни: камбағаллик, тижоратини касодга учраши ва ризқ-рўзғоридаги қийинчиликларда бўлади, “ҳатто Аллоҳ таолога зиммасида бирор гуноҳсиз ҳолатда йўлиқади” дедилар, яъни Аллоҳ таоло бандадан бу синовлар сабабли барча гуноҳ ва хатоларини кечиради ва банда Аллоҳ таолога қилган барча гуноҳ ва хатоларидан пок ҳолатда йўлиқади. Бундай бандаларга қиёмат кунида гўзал мукофот бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бу дунёдаги офиятда яшаганлар дунёда мусибатлар билан синалганларга Қиёмат куни мусибатлари эвазига кўп ажр-савоб берилганини кўриб ўзлари ҳам дунёда қайчилар билан терилари қийилишини ва эвазига мусибатдорлар қаторида бўлишни орзу қилиншади”.
Тоҳиржон СОБИРОВ,
Ҳадис илми мактаби талабаси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги "Кўкалдош" ўрта махсус ислом таълим муассасасида кўп йиллар ҳалол ва фидокорона меҳнат қилган ходимамиз Аҳмаджонова Нилуфар Ҳабибуллаевнанинг 50 ёшлик юбилейи муносабати билан таълим муассасаси ҳамда касаба уюшмаси томонидан тадбир ўтказилди.
Тадбирда таълим муассасаси мудири М. Эркаев, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Н. Джалолов ва манавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари, таълим муассасаси касаба уюшмаси раиси А.Ғаниев иштирок этишди. Муассаса мудири М. Эркаев муҳтарама опамизни шахсан ўзи табрикнома билан тақдирлади. Эсдалик совғалари билан ҳам мукофотланди.
Нилуфар опа ҳар куни тонг саҳардан илм даргоҳига келиб, унинг озода, шинам ва покиза бўлишига йилларида сабр, ихлос ва садоқат билан ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бундай камтарин, аммо қадри баланд меҳнат барчамиз учун ибрат намунасидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Покизалик иймондандир", деб марҳамат қилганлар. Илм ва марифат масканининг таъминлаш — талабалар устозларнинг тинч, тоза ва баракали илм олишига муносиб ҳисса қўшадиган эзгу ишдир. Ана беминнат хизмат ҳар қандай эътироф ва эҳтиромга лойиқдир.
Билим юртимиз ўз ёрдамга ғамхўрлик қилишни муҳим бурч деб билади. Зеро, илм даргоҳига қилинган ҳар бир хизмат — Аллоҳнинг розилиги йўлидаги савобли амалдир. Ким илм аҳлига ва илм масканига хизмат қилса, ўша илмдан таралаётган эзгуликнинг ажридан баҳраманд бўлиши умид қиламиз.
Муҳтарама опамизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, узоқ умр, оила бахти ва ишларида барака тилаймиз. Аллоҳ таоло ҳалол меҳнатларини ажру мукофотсиз қолдирмасин, қилган эзгу ишлари ва меҳнатларининг роҳатини кўриш узоқ йиллар давомида насиб этсин!
"Кўкалдош" ўрта махсурс ислом таълим муассасаси
матбуот хизмати