Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Сентябр, 2025   |   30 Рабиъул аввал, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:52
Қуёш
06:10
Пешин
12:21
Аср
16:33
Шом
18:24
Хуфтон
19:37
Bismillah
22 Сентябр, 2025, 30 Рабиъул аввал, 1447
Мақолалар

Лаб қимирлатмасдан Қуръон ўқиш хатмга ўтадими?

04.02.2025   7154   1 min.
Лаб қимирлатмасдан Қуръон ўқиш хатмга ўтадими?

Cавол: Тил ва лабни ишлатмасдан Қуръони каримни ўқиб чиқса, хатм қилган ҳисобланадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони каримни хатм қилган бўлиши учун ҳарфларни тил билан талаффуз қилиб, камида ўзи эшитадиган даражада ўқиган бўлиши керак. Чунки нутққа тегишли ҳукмларда энг камида ўзи эшитиши шартдир. Шунга кўра бирор шахс сажда оятини ичида, ўзи эшитмайдиган даражада ўқиса, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлмайди. “Шарҳул виқоя” ва унинг шарҳи “Умдатур ривоя” китобида қуйидагилар айтилган:

“Махфийликнинг энг ками ўзига эшиттиришдир. Саҳиҳ гап ҳам шу. Бу Абу Жаъфар Ҳиндувоний розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Чунки тилнинг ўзини овоз чиқармасдан қимирлатиш бу кишининг наздида қироат ҳисобланмайди”.

Гапира олмайдиган одамлар, агар тилини қимирлата олса, шундай ўқийди. Буни ҳам қила олмаса, кўзнинг ўзи билан, қалби билан ўқийди. Фақиҳларимиз соқов инсоннинг намози, такбир айтиши, қироат қилишини баён қила туриб, уларнинг тил билан такбири таҳрима айтиши шарт эмас дейишган. Шунга кўра гапира олмайдиган кимсалар Қуръони каримни кўзи билан ўқиб, хатм қилаверадилар.

“Соқов каби гапира олмайдиган одамнинг тилини қимирлатиши вожиб эмас. Қироат қилишидаги ҳукм ҳам мана шу ва бу гап саҳиҳдир. Чунки у вожиб бўлган амални қила олмайди”. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Диний-маърифий соҳа вакиллари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида

20.09.2025   15841   3 min.

Мамлакатимизнинг бир гуруҳ диний-маърифий соҳа вакилларидан иборат делегация Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида амалий ташриф билан бўлиб турибди.

Делегация таркибида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими ходими Муҳаммадамин Насриев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси Ўқув ишлари бўйича проректор Зокиржон Рўзиев ва бир нечта соҳа мутахассислари бор.

 

 

Дастлаб Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири ўринбосари Абдуллоҳ Аъқийл ҳамда Подшоҳ Абдуллоҳ II номидаги Имомлар тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази вакили Исмоил Ҳаббат билан мулоқот ўтказилди. Самимий мулоқотда томонлар ўртасида соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, илмий тадқиқот ҳамда ўқув-услубий, шунингдек, экстремизм ҳамда радикализмнинг олдини олиш йўналишида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳокама қилинди. Шунингдек, Иордания олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар учун стипендия, грант ажратиш ва ётоқхона билан таъминлаш масалалари ҳақида сўз юритилди. Суҳбат давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш юзасидан эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ишчи режасини тасдиқлаш кераклиги таъкидланди.

Ташриф давомида Иордания халқаро ислом фанлари университети ректори Жаъфар ал-Фанатсеҳ билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Икки мамлакат олий диний таълим муассасаларида ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини аниқлаш, ўқув дастурларини ўрганиш ва бир-бирига мувофиқлаштириш ҳақида сўз юритилди. Педагоглар, илмий тадқиқотчилар ва мутахассисларни ўзаро жалб қилиш, малака ошириш ва стажировка, маҳорат дарсларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини амалга оширишга келишиб олинди. Суҳбатда Иордания халқаро ислом фанлари университети, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Тошкент ислом институти ўртасида Англашув меморандумларини имзолаш масаласи бўйича сўз юритилди.

Иордания халқаро ислом фанлари университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан ҳам учрашув ташкил этилди. Тадбирда “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати консепцияси”, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзуларида фикр алмашилди. Мамлакатнинг мавжуд қонунлари ва университет ички тартиб қоидаларига риоя этиш тушунтирилди, Иорданияда юртимиз алломалари илмий мероси ва туризм салоҳияти тарғиботини амалга ошириш тавсия қилинди.

Делегация аъзолари мазкур университетнинг Шариат ва қонун факультети декани, профессор Шайх Салоҳ Абулҳож ва ҳанафий мазҳаби мутахассислари билан учрашдилар. Мулоқот чоғида Шайх Салоҳ Абулҳож юртимиз вакилларини Иорданияда кўриб турганидан мамнунлигини билдирди. Учрашувда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.

Бундан ташқари, вакилларимиз томонидан Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясида тутган ўрни, буюк алломаларни етиштириб чиқарган юрт экани, ўзбек халқининг бағрикенг ва меҳмондўстлиги Иорданиялик профессор-ўқитувчиларга таништирилди.

Манба: https://www.iiau.uz

Диний-маърифий соҳа вакиллари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида Диний-маърифий соҳа вакиллари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида Диний-маърифий соҳа вакиллари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида Диний-маърифий соҳа вакиллари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида Диний-маърифий соҳа вакиллари Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлигида