Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2026   |   2 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:28
Аср
17:20
Шом
19:27
Хуфтон
20:52
Bismillah
15 Август, 2026, 2 Рабиъул аввал, 1448

ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (2-қисм)

04.02.2025   20081   12 min.
ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (2-қисм)

ТАОМЛАНИШ  СИРЛАРИ (7 қисмдан иборат)ни

 УЛУҒ  УСТОЗ  УЛАМОЛАРИМИЗ  баён  қилиб  берганлар:

(2-қисм)

УЛУҒЛАРДАН   ҲИКМАТЛАР:

  •    Ота-онасидан чиройли тарбия кўрган инсонлар нон қўлдан ерга тушиб кетса, дарҳол уни олиб, уч марта ўпиб, пешоналарига сурадилар. Нон ушоғи дастурхонга тушганда, улуғ устозлар бармоқни ҳўллаб, ушоқ устига босиб олиб, оғизга солишни ўргатишган.
     
  •    Улуғ мутафаккир, фалакиёт олими, одил маърифатпарвар, султон Мирзо Улуғбек мулозимлари билан кетаётганида, йўл ёқасида ётган бир бурда нонни кўриб қолади-да, дарров отдан тушиб, уни қўйнига солади. Мулозим­лардан бири: “Ҳазратим, нега бизга буюрмай, отдан тушдингиз?” деб сўраганида: “Нонни биринчи бўлиб мен кўрдим, шундай экан, уни ердан олишни бошқа бировга буюриш нонга нисбатан ҳурматсизлигим бўлар эди. Ноннинг улуғлиги олдида менинг подшоҳлигим нима бўлибди?!” деб жавоб қайтарган экан.
     
  •    “Наводирул усул” китобида келтирилган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нонни ҳурмат қилинглар! Чунки Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотидан чиқарди”, – деб марҳамат қилганлар. Ҳадиси шарифнинг шарҳларида: “Нонни босмаслик, ташламаслик унинг икромидан ҳисобланади. Агар уни улоқтирса, нопок жойларга ташласа, неъматларни инкор қилиб, ўзига жафо қилганлардан бўлади. Ризқнинг кенглиги – дин учун катта қувватдир. Агар неъматга жафо қилса, катта неъматлар нафратга айланади. Неъмат кетгандан сўнг қайтмайди. Зеро улар жафо билан муҳрлангандир”– дейилган.
     
  •    Асарларда келтирилишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Ҳасан ибн Али таҳорат олиш мақсадида бир манзилга кирган пайтларида нопок жойда ётган нон бўлагига кўзлари тушди. Дарҳол уни олдилар-да, тозалаб ювдилар. Сўнгра ёнидаги хизматчиларига узатиб, “таҳорат қилиб бўлганимдан сўнг берасиз”, – дедилар. Таҳоратни тугатганларидан кейин хизматкорларидан нон бўлагини сўрадилар. У эса: “Мен уни еб қўйдим...” – деди. “Ундай бўлса, сизни озод қилдим”, – дедилар Ҳасан ибн Али. Хизматкор ажабланиб, озод қилиниши сабабини сўради. Жавобига Ҳасан ибн Али: «Фотима онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким нопок ерда ётган бир бўлак нонни олиб, тозалаб еса, нон ҳазм бўлиб улгурмасдан олдин гуноҳлари кечирилади”, деган эдилар”, деб айтгандилар. Шундай экан, мен гуноҳлари кечирилган, жаннат аҳли бўлган кишини хизмат қилдира олмайман...» – дедилар (Имом Абу Яъло ривоятлари).
     
  •    “Кимки дастурхондан  тўкилган нон ушоғини териб еса, ҳаёти фаровон бўлади ва фарзанд, набиралари ҳеч ҳам танглик кўрмайди”.
     
  •    Улуғ аллома, муҳаддис ва муфассирлар Имом Ибн Асокир ва Имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилишларича, Ҳадийя ибн Холид ўз бошидан кечирган воқеани ҳикоя қилади: «Бир куни мен Амирул мўъминин Маъмуннинг мажлисларидан бирида ҳозир бўлган эдим. У жойда меҳмонларга дастурхон ёзилди.


Зиёфат тугаганидан сўнг дастурхон йиғиб олинди.

Айни шу пайтда менинг кўзим ерда ётган нон ушоқларига тушди ва уни тера бошладим.


Шунда Маъмун менга қарата: “Тўймадингизми?” – деб савол қилди.


Мен: “Тўйдим, лекин дастурхондан тўкилган нон бурдасини кўриб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шариф кўнглимдан ўтди. Ҳаммод ибн Салама Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким дастурхон остидаги тушган нонларни еса, фақирликдан омонда бўлади” деган эканлар”, – дедим.


Шунда менинг ҳадиси шарифга бўлган эътиборим ёки одоб ахлоққа амал қилганимдан хурсанд бўлиб, Маъмун менга 1000 динор совға қилди.
 

  •     Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу: “Бир неча кунга етиши мумкин бўлган озуқани бир кунда сарфлаган оила аҳлидан нафратланаман”, – деганлар.
  •     Асарларда келтирилишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Ҳасан ибн Али таҳорат олиш мақсадида бир манзилга кирган пайтларида нопок жойда ётган нон бўлагига кўзлари тушди. Дарҳол уни олдилар-да, тозалаб ювдилар. Сўнгра ёнидаги хизматчиларига узатиб, “таҳорат қилиб бўлганимдан сўнг берасиз”, – дедилар. Таҳоратни тугатганларидан кейин хизматкорларидан нон бўлагини сўрадилар. У эса: “Мен уни еб қўйдим...” – деди. “Ундай бўлса, сизни озод қилдим”, – дедилар Ҳасан ибн Али. Хизматкор ажабланиб, озод қилиниши сабабини сўради. Жавобига Ҳасан ибн Али: «Фотима онамиз ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким нопок ерда ётган бир бўлак нонни олиб, тозалаб еса, нон ҳазм бўлиб улгурмасдан олдин гуноҳлари кечирилади”, деган эдилар”, деб айтгандилар. Шундай экан, мен гуноҳлари кечирилган, жаннат аҳли бўлган кишини хизмат қилдира олмайман...» – дедилар (Имом Абу Яъло ривоятлари).
     
  •    Мўмин кишидан ортиб қолган таом – иккинчи бир мўмин учун аниқ шифодир. Чунки ундан ортиб колган таомда хайр, барака ва дардларга шифо ва даво бордир”.
  •     Агар керакли-кераксиз нарсаларга пала-партиш пул сарфланаверса, исроф ва харажат эшиги катталашиб кетади.
  •     Исроф бор ерда ҳеч қачон барака бўлмайди.
  •     Барча динларда яхши одоб-ахлоқли бўлиш – савоб, унга тескари ишлар эса – гуноҳ ҳисобланади. Бинобарин, одоб ва тарбия динимизнинг мағзини ташкил этади.
  •     Ахлоқ-одобга доир манбаларда айтилишича, жамият аъзолари дабдабаларга берилмаслиги учун уларга одобу тарбия сув ҳамда ҳаводек зарур, дейилади. Дабдабага берилиш – одамни тўғри йўлдан оздиради.
  •  Ақл-идрокли киши барча ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёрни маъқуллайди. Ҳаддан ошиш, исроф ва риё каби иллатлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади.
  •    Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Еган таомингизни зикр ва намоз ўқиш билан эритинглар!.
  •    Ҳалол бойлик топиш – катта бир тошни тоғ тепасига олиб чиқиш. Ўринсиз сарфлаш эса – уни пастга осонгина юмалатиб юборишга ўхшайди.
  •    Маънавий озуқа инсон ақли ва руҳиятини юксалтиришда қанчалик муҳим бўлса, моддий эҳтиёжларнинг меъёр ва чегарасидан ошмаслик ҳам шунчалик аҳамиятлидир.
  •    Исроф иллати ҳам оилада пайдо бўлади, бунинг олдини олиш ҳам оиладан бошланади. Демак, оиланинг раҳбарлари – ота-оналар бу вазифада масъул саналади. Улар, аввало, ҳалол ишлаб ризқ топишда ва уни ўрни-ўрнига, исроф қилмасдан ишлатишда болаларига ибрат бўлишлари зарур.
  •  Фарзандларингизни одобли қилиб тарбияланг, уларни ўз ҳолларига ташлаб, ҳою-ҳавасларга берилиб кетишларига йўл қўйманг!
  •    “Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши, олдига қўйганни емоқ – ҳайвоннинг иши”.
  •    Довуд пайғамбарнинг ўттизта ўғиллари бўлибди...


Бир куни пешин намозига одамлар кечика бошлабди. Довуд пайғамбар орқаларига қарасалар, ўнг томонларида ўн бешта ўғиллари, чап томонларида ўн бешта ўғиллари ўтирибди экан.


Шунда сал мақтанчоқликка бўй олдириб:

  • Ўзимиз ҳам бир жамоа эканмиз-ку, элни кутмасдан намозимизни бошлайверамиз... Худо хоҳласа, ўттиз ўғлим бор, ҳақ динни бутун элга ўзим етказаман, деган ўй келиб, намозни бошлаб кетибдилар.

    
...Худога Довуд пайғамбарнинг бу ишлари ёқмади. Довуд пайғамбар намоз вақтида “Ассалому алайкум вараҳматуллоҳ!” деб, ўнг томонга салом берганларида ўн бешта ўғиллари жон топширди. Чап томонга салом берганларида, қолган ўн бешта ўғиллари бандаликни бажо келтирди.

Хатосини уққан Довуд пайғамбар алайҳиссалом кўз ёшларини дарё қилиб, Яратгандан кечирим сўрадилар...

Раҳми чексиз Аллоҳ таоло:

  • Ўттизта ўғлингизни қайтариб берайми ё ўттизини ўрнини босадиган битта ўғил берайми? – деб сўради.
  • Сенинг амринг икки бўлмайди... Ўттиз ўғлимнинг жонлари жаннатда бўлсин... Менга уларнинг ўрнини босадиган битта ўғил берсанг бас...
  • Айтганингиз бўлсин! Лекин боланинг умри қисқа бўлади. Мен унга фақат тўққиз йил умр бераман.
  • Майли, шунисига ҳам шукр! – деб, Довуд пайғамбар келаси йил ўғил кўрадилар.

 

У боланинг исми Сулаймон эди. Сулаймон иш буюришга яраб қолган пайтида Довуд пайғамбар унинг қўлига қумғон (обдаста), елкасига сочиқ осиб:

  • Ўғлим, сен энди бизнинг уйга келган меҳмонларнинг ёш-ми, қари-ми ҳаммасининг қўлига сув қуйиб тургин! Сувни уч марта узиб-узиб қуясан. Тўртинчи марта, агар меҳмон сўраса, қуясан.
  • Ота, нега узиб қуйишим керак?
  • Сабаби – ўликни ювишганда сувни узмай қуяди. Сен ахир сувни тирик одамларга қуясан-да, ўғлим... Иккисини фарқи бор – дедилар.

 

Довуд пайғамбарга келган ёш-қарининг ҳаммаси, сув қуйиб турган Сулаймонга “Юзга кир, болам!”,  “Қўлинг дард кўрмасин!”, “Катта олим бўлгин!”, “Подшо бўлгин!”, “Улуғ инсон бўлгин!”, “Умринг узоқ, ризқинг бутун бўлсин!”, деб раҳматлар айтарди.

 

Бир куни Сулаймон тўққиз ёшга тўлди.

У пайтларда боласи тўққизга тўлгач, уни бир қизга унаштириб қўйиш лозим эди. ...Лекин Аллоҳнинг “болага фақат тўққиз йил умр бераман” дегани Довуд алайҳиссаломнинг эсларида эди.

Бир куни Довуд пайғамбар саҳарда Аллоҳни зикр қилиб ўтирар эдилар... Сулаймоннинг ёши тўққиздан ошди. У энди жон таслим қилиши керак эди. Бунинг тирик қолганининг сабабини сўради ва агар жонини олмайдиган бўлса, болани унаштириш лозимлигини айтди...


Шунда Хақ Таоло:

  • Менинг исмларимдан бири – Раҳимдур! Минглаб одамлар сизнинг болангизга узоқ умр тилади. Мен шунча халқнинг дуосини қайтара олмайман... Сулаймон узоқ умр кўради, У барча ердаги махлуқларни, осмондаги қушларнинг ва барча денгиздаги балиқларнинг тилини биладиган бўлади. Барча одамлар ва жинларга ҳукмронлик қилади, – деб жавоб берди.


Ана шундан бошлаб ёш болалар қарияларнинг дуосини олсин, деб, тўй-маросимларда уларга сув қуйдириб қўядиган бетакрор ва беқиёс гўзал урф-одат пайдо бўлибди...

  •    Кимки дастурхондан тўкилган нон ушоғини териб еса, ҳаёти фаровон бўлади ва фарзанд, набиралари ҳеч ҳам танглик кўрмайди.
  •    Нонни ҳурмат қилинглар! Аллоҳ таоло уни осмон баракотидан нозил қилди, ер баракотини унинг учун бўйсундириб қўйди”.
  •    Оила аъзоларига овқатланиш одобларини айтиб туриш, дастурхон атрофида ўзаро яхши мулоқотда бўлиш, ўрни билан ёшларнинг камчиликларини билдириб қўйиш – катталарнинг бурчидир. Хусусан, нон ва озиқ-овқатларни истеъмол қилиш тартибларини, нон ва нон маҳсулотларини исроф қилмасликни ўргатиш ва талаб этишдан ҳеч бир ота-она чарчамаслиги даркор.

               (2 – қисм тугади. Давоми бор...).

Иброҳимжон домла Иномов 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Чин уста қолдими? (қидиряпман)

10.08.2026   13696   8 min.
Чин уста қолдими? (қидиряпман)

Бугуннинг гапи

“Уч хонали хонадонимни таъмирлатиш учун икки ой муддатга келишиб уста туширгандим, олти ойда зўрға чала-чулпа қилиб ишини тугатди...”
 

“Усталар нега бунақа-а? Уйини таъмирлатиб, усталардан розиман, деган одамни учратмадим...”
 

 “Кўпчилиги одамга фириб беради: ишни вақтида бажармайди, таъмир ишлари тугагач, бошида келишилган нархдан икки баробар кўп маблағ сўрайди...”
 

Юқоридаги гаплар – уйини, хонадонини таъмирлатиб, усталардан куйган кишиларнинг дод-фарёдлари.


Бугунги кунда жамиятда айрим усталарнинг ўз ишини виждонан бажармаслиги, сифатсиз материаллар ишлатиши, вақтни чўзиши ёки турли найранглар билан буюртмачини алдаши, афсуски, кўпчиликни ташвишга солиш баробарида шу касб эгаларига нисбатан ишончнинг сусайишига ёки бутунлай йўқолишига олиб келяпти.


Яхши ниятда уйини, хонадонини таъмирлатмоқчи бўлган киши уста ишлатган танишларидан сўраб-суриштириши тайин. Яқинда мен ҳам хонадонимни таъмирлатмоқчи бўлиб уста изладим. Таниш-билишлардан, дўстларимдан сўрасам, ярмидан кўпи усталардан нолиди. Бу ҳолат нафақат молиявий зарар, айни пайтда инсонлар ўртасидаги ишончнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлмяптими?!


Ислом таълимотида ҳалол меҳнат, омонатдорлик ва ростгўйлик юксак фазилат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).


Усталик – яхши касб. Уста омонатдор бўлса, одамларнинг ҳожатини раво қилади, кўпга фойдаси тегади. Буюртмачи ўз молини, маблағини устага ишониб топширади. Уста шу ишончни оқлаши, ишни пухта ва виждонан бажариши шарт.


Уй – инсоннинг бошпанаси. Унинг ҳар бир ғишти эзгу ният билан қўйилади, ҳар бир девори умид билан кўтарилади. Аммо, афсуски, баъзан айрим усталар иморат қуриш ёки таъмирлашда найранг қиладилар. Уста ташқи томондан деворни силлиқ сувайди, аммо ичидаги ёриқларни беркитади. Бўёқнинг ялтироғи кўзни қувнатади, лекин ортидаги нуқсон вақт ўтиши билан кўзга ташланади.


Янги таъмирланган хонадондан ҳали бўёқ ҳиди кетмай туриб шифтда ёриқлар пайдо бўлади, эшиклар қийшайиб қолади, пол эса ғичирлаб иморат эгасининг асабини бузади. Буюртмачи устага берган маблағига ичи ачийди.


Баъзи усталар сифатли қурилиш материали олиш учун берилган пулга арзон маҳсулот сотиб олади. Қолган маблағни эса “меҳнат ҳақим” деб ўмаради. Цементга қумни ортиқча қўшади, темир ёки арматурани ингичкароғига алмаштиради, мис симлар ўрнига альюминини тортади.


Яна шундай усталар ҳам борки, бир ҳафтада тугатишга келишилган ишни бир ойгача чўзади. Баҳона ҳам тайёр: “Материал келмади”, “Ёрдамчим бетоб бўлиб қолди”, “Эртага тугатиб берамиз” ва ҳоказо.


Энг ёмони, устанинг қўлидан чиққан уй бир йил ўтар-ўтмас яна таъмирга муҳтож бўлиб қолади. Бу ҳунар эмас, ҳийладир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни алдаса, биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Бу ҳадис ҳар қандай соҳадаги фирибгарликни қамраб олади. Агар уста арзон ёки сифатсиз материални қимматбаҳо деб кўрсатса, ишни атайлаб чала бажарса ёки кейин яна таъмирга муҳтож бўладиган қилиб ишласа, бу алдамчиликдан, фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Афсуски, бугун кўпчилик усталар ҳийла ва найрангни касб қилиб олганлар. Бунинг оқибатида на ўзлари барака топадилар, на буюртмачи уларга берган маблағига рози бўлади.


Ҳақиқий уста, ўз ишини виждонан қиладиган киши бошқача бўлади. У ҳар бир ишини бекаму кўст бажаради. Чунки у одамлардан яширган нуқсонни, албатта, Аллоҳ таоло кўриб, билиб туришини яхши англайди. Ундай усталар ўзларига Аллоҳ таолонинг: “Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара сураси, 195) оятини ҳамда Набий алайҳиссаломнинг: “Аллоҳ таоло ўз ишини чиройли, пухта қиладиган кишини яхши кўради” (Имом Табароний ривояти), деган муборак ҳадисларини ўзларига шиор қилиб олган бўладилар. Лекин, афсуски, ҳозир бундай усталарни топиш амримаҳол. Борлари ҳам “қўлма-қўл”.


Омонатдор усталар қурган уйлар, йиллар ўтса ҳам, яхшилик билан эсланади. Уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилинади. Биргина мисол, бизнинг Сангижумон қишлоғимиздаги кўп уйларни пачирлик уста Турдимурод бобо (Аллоҳ маконини жаннат қилсин!) қурган. Ўша пайтларда (1960–1990 йиллар) вассажуфт қилинган шифтларга устанинг иморатни қуриб битирган санасини битиш анъана бўлган. Ҳар сафар қишлоққа бориб уйга кирсам, уста бобонинг “имзоси”га кўзиб тушади ва Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, у кишининг руҳларига бағишлайман.


Бугун баъзи усталарнинг ишни келишилган муддатда тугатмаслиги; сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиши; нархни асоссиз ошириши; камчиликларни яшириши; бир неча ой ўтиб яна таъмир қилишга мажбур бўладиган даражада иш тутиши катта гуноҳдир. Бундай хатти-ҳаракатлар оқибатида буюртмачи моддий зарар кўради, асабийлашади, вақт йўқотади ва энг ачинарлиси, одамлар ўртасидаги ишонч сусаяди.


Ҳалол ризқнинг баракаси унинг кўплигида эмас, балки поклигидадир. Алдамчилик билан, ҳийла-найранг ишлатиб топилган маблағ фойда бўлиб кўринса-да, унда барака бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир уста ўз қўли билан топаётган ризқининг ҳалоллиги ҳақида ўйлаши, ҳар бир мих, ҳар бир ғишт, ҳар бир сим ёки ҳар бир таъмир учун қиёмат куни ҳисоб берилишини унутмаслиги керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ:

  •  Мен ҳам (ҳар бир шахс) жамиятнинг аъзосиман. Уй қурмоқчиман, лекин қурувчилик қўлимдан келмайди. Демак, устага эҳтиёжим бор. Унинг олдига бориб, уй қурмоқчиман, шартнома тузайлик, дейман. Усталар касби ортидан ризқ топади. Улар билан келишиб, бугунги нахр бўйича муайян сумма белгиланади. Муддати ва сифат кўрсаткичлари келишиб олинади. Ҳозирга кунда, Аллоҳ билувчироқ, устаман деганларнинг 70 фоизи алдамчи, найрангбоз, ҳийлакор: келишилган кунда белгиланган манзилга етиб келмайди, ишга кеч келиб, эрта кетади, вазифасини пухта бажармайди, ишини битирмасдан олдин пул сўрайди. Такасалтанг, таралла-бедод қилиб юради. Уйнинг эгаси ҳам хижолатда қолади. Аксарияти шунақа. Бундай усталарга ким ишонади? Уларга ким иш беради? Бундай тоифалар ўзига ўзи қилади, улар омадсизликни ўзларига чорлаб оладилар.


Ўттиз фоиз ҳақиқий усталар бор. Улар ўз касби билан фахрланади. Гуруҳлари бор, шогирдлари, устозлари бор. Ҳаммасини қойиллатиб, асбоб-анжомларини чиройли қилиб қўйишган. Шартнопмани тузади, вақтида ишга келади, белгиланган муддатда қурилишни ёки таъмир ишларини тугатади, иш ҳақини олиб кетади. Буюртмачи ҳам рози, уста ҳам рози. Бундай кишиларнинг ишида унум, барака бўлади. Топган пуллари баракали бўлади.


Ҳақиқий уста фақат қурилиш ёки таъмирлашни эмас, балки одамларнинг ишончини ҳам қозонади. Виждон билан қилинган ҳар бир иш ибодатга айланади. Алдамчилик ва найранг билан бажарилган иш эса вақтинчалик фойда келтирса ҳам, дунёда обрўни тўкади, ризқ қийилишига сабаб бўлади, охиратда эса жавобгарликни келтиради.

 

Толибжон НИЗОМ

Мақолалар