Долзарб мавзу
“Қор маликаси” фильмида бир гап айтилади: “Болаларни эркатой қилиб ўстириш керак. Шунда улар буюк қароқчи бўлиб етишади...” Атрофга боқиб, эркатой болаларнинг бир кўзини боғлаб, бировларнинг молини зулм билан тортиб оладиган қароқчига айланишини кутдим. Ўшанда бола эканман-да... Сўзларни тўппа-тўғри тушуниб олибман.
Мен “қароқчи” бўлишини кутган эркатойларнинг аксари оддийгина болалар каби улғайишди, ўқишга киришди, кейин фарзандли бўлишди, турли ташкилотларда ишлаб кетишди.
Хуллас, бу эркатойликнинг зарари йўқдек кўрина бошлади. Бироқ бир куни эркатой бир танишим ўқишга кириши тарихини гапириб берди. Суҳбат орасида ҳамкасбларининг ёмон муносабатларидан ҳам нолиб ўтди...
Шу пайт миямда “ярқ” этиб чақин чаққандек бўлди...
Барчага бирдек аёнки, қароқчилар ўзгаларнинг мол-мулкини зўравонлик, зулм билан тортиб олишади. Мен аслида тўғридан-тўғри тушунган сўзнинг бироз теранроқ, бироз фалсафийроқ маъноси бор экан. Ўйлаб кўрилса, эркатойлар нафақат моддий, балки маънавий ҳақларга ҳам дахл қилишаркан.
Отасининг даврида билими етмаса ҳам, таълим даргоҳига “киради”. Билимли бир етук мутахассиснинг ўрнини эгаллайди. Ишга “жойлашади”. Яна ўша манзара... Етук билим ва салоҳиятга эга корхонага ҳам, юртга ҳам манфаат келтира оладиган – бир мутахассис ишсиз. Корхона эса, иш бермайдиган бир ходимга ойлик тўлайди. Унинг вазифаси, масъулияти ўзгалар зиммасига юкланади. Натижада иш сифати пасаяди, корхонада муҳит издан чиқади. Зеро, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва саллам: “Иш ўз эгасининг қўлидан бошқасига ўтса, қиёматни кутаверинг”, дея огоҳлантирганлар (Имом Бухорий ривояти).
...Аслида биз санаб ўтган ва яна тилга олмаган бу каби иллатлар охир-оқибат жамият кишилари орасида норозилик, бир-бирига бўлган ёмон муносабат, душманлик каби вазиятларни келтириб чиқаради. Алал-оқибат, эркатойлар ҳам тараққиётга, ҳам тинчликка рахна солади.
Тўғри, бола тарбиясининг маълум босқичларида болани ёшига яраша эркалаш, рағбатлантириш, суйиш фойдали. Лекин уни кейинчалик ҳам ёш боладай эркалаб, айтганини муҳайё қилавериш салбий оқибатларга олиб келади.
Айниқса, меҳри тўлиб-тошиб турадиган оналар бу нарсани доимо эсда тутишлари оилага ҳам, жамиятга ҳам наф беради.
Нигора МИРЗАЕВА
Тошкент ислом институти магистратура босқичи ҳамда Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган талабгорлар учун жорий йилнинг 11 август куни ижодий имтиҳонлар ўтказилади.
Талабгорлар танлаган йўналишлари бўйича қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:
Теология (Тафсир ва Қуръон илмлари): Қуръони карим ва тажвид, Тафсир;
Теология (Ҳанафийлик ва фиқҳ илмлари): Фиқҳ, Усулул-фиқҳ;
Ҳадис илми мактаби: Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис.
Имтиҳонлар 11 август куни соат 8:00 да Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти биносида бошланади. Талабгорларни рўйхатга олиш жараёни соат 7:30 дан старт олади.
Муҳим эслатма: Абитуриентлар имтиҳонга паспорт (ёки ID-карта) асли ҳамда «Имтиҳон рухсатномаси» билан келишлари шарт. Ушбу ҳужжатлардан бири бўлмаган талабгорлар имтиҳонга киритилмайди.
Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўчаси, 47-уй.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати