Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Болаларни эркалатиш керакми?

04.02.2025   12095   2 min.
Болаларни эркалатиш керакми?

Долзарб мавзу

“Қор маликаси” фильмида бир гап айтилади: “Болаларни эркатой қилиб ўстириш керак. Шунда улар буюк қароқчи бўлиб етишади...”  Атрофга боқиб, эркатой болаларнинг бир кўзини боғлаб, бировларнинг молини зулм билан тортиб оладиган қароқчига айланишини кутдим. Ўшанда бола эканман-да... Сўзларни тўппа-тўғри тушуниб олибман.

Мен “қароқчи” бўлишини кутган эркатойларнинг аксари оддийгина болалар каби улғайишди, ўқишга киришди, кейин фарзанд­ли бўлишди, турли ташкилотларда ишлаб кетишди.

Хуллас, бу эркатойликнинг зарари йўқдек кўрина бошлади. Бироқ бир куни эркатой бир танишим ўқишга кириши тарихини гапириб берди. Суҳбат орасида ҳамкасбларининг ёмон муносабатларидан ҳам нолиб ўтди...

Шу пайт миямда “ярқ” этиб чақин чаққандек бўлди...

Барчага бирдек аёнки, қароқчилар ўзгаларнинг мол-мулкини зўравонлик, зулм билан тортиб олишади. Мен аслида тўғридан-тўғри тушунган сўзнинг бироз теранроқ, бироз фалсафийроқ маъноси бор экан. Ўйлаб кўрилса, эркатойлар нафақат моддий, балки маънавий ҳақларга ҳам дахл қилишаркан. 

Отасининг даврида билими етмаса ҳам, таълим даргоҳига “киради”. Билимли бир етук мутахассиснинг ўрнини эгаллайди.  Ишга “жойлашади”. Яна ўша манзара... Етук билим ва салоҳиятга эга корхонага ҳам, юртга ҳам манфаат келтира оладиган – бир мутахассис ишсиз. Корхона эса, иш бермайдиган бир ходимга ойлик тўлайди. Унинг вазифаси, масъулияти ўзгалар зиммасига юкланади. Натижада иш сифати пасаяди, корхонада муҳит издан чиқади. Зеро, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва саллам: “Иш ўз эгасининг қўлидан бош­қасига ўтса, қиёматни кутаверинг”, дея огоҳлантирганлар (Имом Бухорий ривояти).  

...Аслида биз санаб ўтган ва яна тилга олмаган бу каби иллатлар охир-оқибат жамият кишилари орасида норозилик, бир-бирига бўлган ёмон муносабат, душманлик каби вазиятларни келтириб чиқаради. Алал-оқибат, эркатойлар ҳам тараққиётга, ҳам тинч­ликка рахна солади. 

Тўғри, бола тарбиясининг маълум босқичларида болани ёшига яраша эркалаш, рағбатлантириш, су­йиш фойдали. Лекин уни кейинчалик ҳам ёш боладай эркалаб, айтганини муҳайё қилавериш салбий оқибатларга олиб келади.
Айниқса, меҳри тўлиб-тошиб турадиган оналар бу нарсани доимо эсда тутиш­лари оилага ҳам, жамиятга ҳам наф беради.

Нигора МИРЗАЕВА

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Сирдарёда имомлар ўртасида “Заковат” турнири ўтказилди

17.08.2026   49121   1 min.
Сирдарёда имомлар ўртасида “Заковат” турнири ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.

Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.

Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.

Якуний натижаларга кўра:

1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси


Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.



Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари