Устоз хаттахтага 1 рақамини ёзди ва ўқувчиларга қараб: “Бу сизнинг инсонийлигингиз”, деди. Сўнг 1 рақами ёнига 0 рақамини ёзиб: “Бу сизнинг бойлигингиз” деди. Яна бир 0 ёзар экан: “Бу сизларнинг мартабангиз”, деди.
Устоз шу зайл рақамни йириклаштириб бораркан, инсон ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларни санарди. Кейин эса... Бошланишдаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Хаттахтада ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ноллар қолди. Шунда устоз шогирдларига: “Агар сизда инсонийлик бўлмас экан, қолган ютуқларнинг бари ҳеч бир қийматга эга бўлмайди”, деди.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётнинг ўзи бир дарсхона. Бирини кўриб фикр қил, бирини кўриб шукр қил, деган нақл бежиз айтилмаган. Аллоҳ бизга берган умрни Ўзи рози бўладиган, бошқаларга наф келтирадиган, дунё ва охиратда фойдали бўлган ишларга сарфлайлик.
Акбаршоҳ Расулов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Қозоғистондаги “Нур-Муборак” Миср ислом маданияти университети ташкил топганининг 25 йиллигига бағишланган “Қозоғистонда ислом цивилизацияси анъаналари: ўтмиши ва бугуни” мавзусидаги XXXII халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этди.
Миср ва Марказий Осиё давлатлари диний идоралари етакчилари, таниқли уламолар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашган нуфузли тадбирда Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг анжуман қатнашчиларига йўллаган қутловини етказди.
Табрикда университетнинг чорак аср давомида соф маърифатни ёйиш, малакали кадрлар тайёрлаш ва қардош халқлар ўртасидаги илмий-маънавий ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни юқори баҳоланди.
Сафар давомида мазкур олийгоҳда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар билан алоҳида учрашув ташкил этилди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган суҳбатда ёшларнинг ўқиш шароитлари, илмий изланишлари тингланиб, соф диний билимларни чуқур эгаллаш ҳамда юрт равнақига камарбаста етук мутахассис бўлиб етишиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати