Устоз хаттахтага 1 рақамини ёзди ва ўқувчиларга қараб: “Бу сизнинг инсонийлигингиз”, деди. Сўнг 1 рақами ёнига 0 рақамини ёзиб: “Бу сизнинг бойлигингиз” деди. Яна бир 0 ёзар экан: “Бу сизларнинг мартабангиз”, деди.
Устоз шу зайл рақамни йириклаштириб бораркан, инсон ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларни санарди. Кейин эса... Бошланишдаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Хаттахтада ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ноллар қолди. Шунда устоз шогирдларига: “Агар сизда инсонийлик бўлмас экан, қолган ютуқларнинг бари ҳеч бир қийматга эга бўлмайди”, деди.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётнинг ўзи бир дарсхона. Бирини кўриб фикр қил, бирини кўриб шукр қил, деган нақл бежиз айтилмаган. Аллоҳ бизга берган умрни Ўзи рози бўладиган, бошқаларга наф келтирадиган, дунё ва охиратда фойдали бўлган ишларга сарфлайлик.
Акбаршоҳ Расулов
Саудия Арабистони пойтахтида Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Миниатюра санъати: Бухородан Арабистон ярим оролигача. Муқаддас қадамжолар йўлидаги тарих” номли маданий кеча ва кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир Ўзбекистон элчихонаси томонидан ташкил этилди. Унда дипломатик корпус, давлат идоралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари иштирок этди.
Кўргазмада ўзбек усталарининг 35 та ижодий иши намойиш этилиб, улар ташриф буюрувчиларни Ўзбекистон миниатюра рангтасвири тарихи, бадиий хусусиятлари ва анъаналари билан таништиради.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов халқлар ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлаш ва ўзбек-саудия маданий-гуманитар алоқаларини ривожлантиришда маданиятнинг ўрнини таъкидлади.
“AlMashtal” креатив маркази раҳбари, малака Нура бинт Сауд бин Наиф Ал Сауд Ўзбекистонни мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, миниатюра санъатини ислом бадиий меросининг бир қисми сифатида сақлаб қолиш аҳамиятини алоҳида қайд этди.
Тадбир доирасида таълим ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди. Саудия университетлари вакиллари Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан академик алмашинувлар, қўшма тадқиқотлар ва касбий алоқаларни ўз ичига олган шерикликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Кўргазма ташриф буюрувчилар учун икки кун давомида очиқ бўлади. Шунингдек, ўзбек мутахассислари раҳбарлигида 35 нафар саудиялик ҳаваскор рассомлар ва ёш усталар учун амалий маҳорат сабоқлари ўтказилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати