Устоз хаттахтага 1 рақамини ёзди ва ўқувчиларга қараб: “Бу сизнинг инсонийлигингиз”, деди. Сўнг 1 рақами ёнига 0 рақамини ёзиб: “Бу сизнинг бойлигингиз” деди. Яна бир 0 ёзар экан: “Бу сизларнинг мартабангиз”, деди.
Устоз шу зайл рақамни йириклаштириб бораркан, инсон ҳаётда эришиши мумкин бўлган ютуқларни санарди. Кейин эса... Бошланишдаги 1 рақамини ўчириб ташлади. Хаттахтада ҳеч бир қийматга эга бўлмаган ноллар қолди. Шунда устоз шогирдларига: “Агар сизда инсонийлик бўлмас экан, қолган ютуқларнинг бари ҳеч бир қийматга эга бўлмайди”, деди.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳаётнинг ўзи бир дарсхона. Бирини кўриб фикр қил, бирини кўриб шукр қил, деган нақл бежиз айтилмаган. Аллоҳ бизга берган умрни Ўзи рози бўладиган, бошқаларга наф келтирадиган, дунё ва охиратда фойдали бўлган ишларга сарфлайлик.
Акбаршоҳ Расулов
Инсон ер юзидаги энг гўзал яратиқ ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши суратда яратдик” (Тийн сураси, 4-оят).
Шундай экан, нега замон тараққий этгани сайин инсонлар бир-бирини етарлича қадрламай қўймоқда. Бари инсон учун хизмат қилишга яратилган бойлик, тилла-темир ва бошқа матоҳлар баъзан инсондан кўра кўпроқ авайлаб-асралмоқда. Бир чинни идишни авайлаганчалик бир кўнгилни авайламайдиган насллар пайдо бўляпти...
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари қаламига мансуб “Инсон қадри” асарини ўқир эканман, шулар ҳақида ўйладим. Ушбу асар азиз ва мукаррам қилинган инсоннинг қадр-қиммати билан боғлиқ муаммолар муолажасига хизмат қилади. Унда одамийлик фазилатларига риоя қилиш, инсон шаънини юксалтириш, унга муносиб эҳтиром кўрсатиш, ёмон хулқ ва фитналардан узоқ юриш йўл-йўриқлари кўрсатилади.
Зеро, бугун ахборот тўқнашуви авж олган, ер юзининг турли нуқталари бир зумда алоқа боғлай оладиган бир пайтда инсоният низо ва можаролар гирдобида қолмоқда. Шундай экан, ҳозирги тараққиёт даврида одамийлик мезонларига риоя этиш, ўзаро аҳиллик муҳити яратиб, саодатли ҳаёт кечириш йўлида ушбу асар ҳам бир маёқ вазифасини ўтайди, иншоаллоҳ.
“Инсон қадри” китоби ҳар бир ватандошимизга муборак ва манфаатли бўлсин!
Акбаршоҳ Расулов