Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кеча Иордания вақф, ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад Мсаллам Ал-Халаила билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.
"Иорданияга ташрифимиз давомида Вақф, Ислом ишлари ва муқаддас қадамжолар вазири Муҳаммад Аҳмад Мсаллам Ал-Халаила жаноблари билан учрашдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг tеlеgrаm-каналида. – Халқларимизни умумий дин ва анъаналар боғлаб туради. Таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, жаҳон тенденциялари бўйича мунтазам фикр алмашишни ташкил этиш, юз бераётган чақириқларни ҳал этиш бўйича илғор тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилдик".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати