Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ аталган маҳрнинг ярмини вожиб қилади.
Бу ҳукм Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай деб марҳамат қилади:
«Агар уларга қўл теккизмай туриб талоқ қилсангиз ва маҳрни белгилаб қўйган бўлсангиз, белгиланганнинг ярмини берасиз, магар улар афв қилса ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса», (бермайсиз) (237-оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдинги талоқда «мутъа», ундан кейингида «маҳри мисл» вожиб бўлади.
Бу ҳукм ҳам Қуръони каримда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида бундай марҳамат қилади:
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ» (236-оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.
«Агар хотинларни, уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб, талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».
Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб, талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳали тайин бўлмаганлиги учун бу келинга «мутъа» (фойда) деб номланган молиявий тақдирлаш бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб, кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.
Уламоларимиз: «Мутъа ўз даврларининг ўлчовида берилади: бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош берсин», деганлар.
Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади, кўнгиллари таскин топади. Дўст-душманнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас.
Оятда:
«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг», дейиляпти.
Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак, шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом экани:
«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», деб яна бир бор таъкидланяпти.
«Маҳри мисл» ўша юртда, ўша замонда бошқа келинларга одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдордаги маҳрдир.
"Бахтиёр оила" китобидан
МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ
ни
УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:
(1-қисм)
МУТАХАССИСЛАР СТАТИСТИКАСИ МАЪЛУМОТЛАРИ:
Ø Дунё бўйича ҳар куни 3 мингдан зиёд инсон йўл-транспорт ҳодисаси қурбонига айланмоқда.
Ø Дунё бўйича ҳар куни 100 мингдан ортиқ киши турли даражада тан жароҳати олмоқда.
Ø Республикамиз ҳудудида ҳар йили ўртача 9-10 мингта йўл-транспорт ҳодисаси рўй беради.
Ø Уларнинг 2 мингдан ортиғи одамлар қурбон бўлишига олиб келмоқда.
Ø Юртимизда 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари сабабли 2282 киши вафот этган.
Ø Йўл ҳаракати ҳодисаларининг таҳлиллари бўйича 54,5 % ҳодисалар пиёдалар билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.
БИРЛАШГАН МИЛЛАТЛАР ТАШКИЛОТИ (БМТ) маълумотларига кўра:
è Ҳар йили дунёда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,35 миллион киши ҳалок бўлади, яъни ҳар 24 сонияда бир киши ҳалок бўлади.
è Бунга яна 20-50 миллион атрофидаги одам тан жароҳати олиши, баъзилари умрбод ногирон бўлиб қолиши ҳам қўшилса, фалокат кўлами янада кенгаяди.
è Бундай бахтсиз ҳодисалар 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабидир.
è Жабрланувчиларнинг аксариятини пиёдалар, мотоцикл ва велосипед ҳайдовчилари ташкил этади.
è Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар сони бутун дунё бўйлаб, айниқса ривожланаётган мамлакатларда кўпайишда давом этаётганидан хавотир билдириб, 26.10.2005 йилда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/60/5 - Қарори билан ноябр ойининг учинчи якшанбасини “Бутунжаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни” деб эълон қилиш таклифини қабул қилди.
è Ҳар йили 15 май – БМТ Бош Ассамблеясининг буйруғига биноан “Йўл ҳаракати хавфсизлиги глобал ҳафталиги” ўтказилади.
è БМТ Бош Ассамблеяси “2021-2030 йилларда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳаракатлар 10-йиллиги”ни эълон қилиб,
– йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ва жароҳатларни олдини олиш;
– 10 йил мобайнида камида 50 % га камайтириш;
– 2030 йилга келиб йўл-транспорт ҳодисаларидан ўлим ва жароҳатларнинг камида 50 фоизини олдини олиш
га қаратилган улкан мақсадлар билан
2020 йил сентябр ойида «Бутун дунёда йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш» номли A/RES/74/299 - Резолюциясини қабул қилди.
КАЛОМУЛЛОҲНИНГ ОЯТИ КАРИМАЛАРИДА
ХУДОИМ ТАОЛО МАРҲАМАТ ҚИЛАДИ:
Z «Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен оёқларинг билан зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан» (Исро сураси 17/37 оят);
Z «Аллоҳ наздида энг азизу мукаррамроғингиз – тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир» (Ҳужурот сураси 49/13 оят);
Z «Эй, мўминлар! Қачонки, сизларга йиғилишларда: «даврани кенгайтирингиз!» – дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам керак пайтида кенг жой берур. Яна қачонки, «турингиз!» – дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни баланд даража мартабаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган барча яхши ва ёмон амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси 58/11 оят);
Z «Кимки бир савобли иш қилса, унга ўн баробар кўпайтириб ёзилур. Кимки бир ёмон (гуноҳ иш) қилса, фақат ўша гуноҳ миқдорида (бир гуноҳга яраша) жазоланур. Уларга ноҳақлик қилинмагай» (Анъом сураси 6/160 оят).
ЖАНОБИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ
МЕҲР-МУРУВВАТ ТАРИҚАСИДА МАРҲАМАТ ҚИЛАДИЛАР:
¯ «Бир киши йўлда кетаётиб, тиканли бутоқни кўрса ва уни четга олиб ташласа, Аллоҳ уни бу иши учун мукофотлаб, гуноҳларини кечиради» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Яримта хурмо билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг! Агар кимки буни тополмаса – ширин сўз билан!»;
¯ «Ҳақ бўла туриб, жанжални тарк этган кишига Жаннат ёнидаги бир уйга кафилман! Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига Жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман! Гўзал хулқли кишига Жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман!» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Одамларнинг яхшиси – кишиларга манфаати кўп текканидир»;
¯ «Йўлнинг ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Мўминларнинг имони энг мукаммали – хулқи гўзал бўлганларидир» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Ер юзидагиларга раҳм қилинг, осмондаги Зот сизга раҳм қилгусидир»;
¯ «Мен улуғ хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман» (Имом Баззор ривоятлари);
¯ «Ота-онага дуо қилишни тарк этиш ризқни кесади»;
¯ «Албатта, одамларга гўзал хулқдан афзалроқ нарса берилмаган» (Имом Табароний ривоятлари);
¯ «Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш – садақадир» (Имом Бухорий ривоятлари);
¯ «Қўшниларингиз сизни “яхши одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – яхшисиз. Агар улар сизни “ёмон одам” дейишаётган бўлса, демак, сиз – ёмон одамсиз»;
¯ «Садақанинг афзали – келишолмай қолганларнинг ўртасини ислоҳ қилишдир» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Мусулмон кишини сўкиш – фосиқликдир. У билан урушиш – кофирликдир» (Муттафақун алайҳ);
¯ «Бирор киши бор айбингизни айтиб, сизни ҳақоратласа, сиз уни унда бор айби билан ҳам ҳақоратламанг. Шунда бунинг савоби сизга, гуноҳи унга бўлур»;
¯ «Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин!» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади» (Имом Ибн Можа ривоятлари);
¯ «Поклик – имондандир»;
¯ «Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қилмасдан дунёдан кетмайди»;
¯ «Кимики бирор мўмин кишининг айби ёки гуноҳини билиб туриб, уни фош этмай яширса, гўё тиригича кўмилган гўдакни тирилтирганчалик савобга эга бўлур» (Имом Байҳақий ривоятлари);
¯ «Одамларга миннатдорчилик изҳор этаолмаган одам, Худога ҳам шукр қилаолмайди» (Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Кимки бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унинг айбини яширади»;
¯ «Ҳар бир қилинадиган яхшиликка садақа савоби берилур»;
¯ «Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни улуғламаган – бизлардан эмас» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари);
¯ «Қайси киши ўзганинг айбини кўриб, уни яширса, худди тириклай кўмилган қизни қабридан қутқарган каби бўлади» (Имом Абу Довуд ривоятлари);
¯ «Кимки бир чумчуқни бекордан-бекор ўлдирса, Қиёмат кунида у чумчуқ Арш олдига келиб, баланд овоз билан: “Парвардигорим, бу бандадан сўрагин, нима учун мени беҳуда ўлдирди экан?” – дейди»;
¯ «Ким мусулмонни қўрқитса, Қиёматда Аллоҳ уни қўрқитади»;
¯ «Золим билан бирга юрган одам жиноят содир қилибди»;
¯ «Биродарингиз золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдам беринг!» (зулм илдизига болта уриш – ҳам золимга, ҳам мазлумга ёрдамдир);
¯ «Кимки бирор гуноҳ иш қилишни ният қилса-ю, сўнгра ниятидан қайтса, унга бир яхшилик савоби ёзилажак»;
¯ «Бирор банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни унинг айбларини яширади» (Имом Муслим ривоятлари);
¯ «Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча, мўмин бўла олмайди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
¯ «Маслаҳатни ақл эгаларидан сўранглар – тўғри йўл топасизлар. Уларнинг айтганидан чиқманг – пушаймон бўласизлар»;
¯ «Ким бир мусулмоннинг гуноҳини яширса, Аллоҳ унинг гуноҳини дунёда ҳам, охиратда ҳам яширади»;
¯ «Сиз яхшиликни унга муносиб бўлганга ҳам, бўлмаганга ҳам қилаверинг. Агар сиз эзгуликка лойиқ одамни топсангиз, демак, у эзгулик аҳлидир, агар ундай одамни топмасангиз, демак, сиз ўзингиз эзгулик аҳлидансиз»;
¯ «Бутун умр эзгуликни тиланглар!»;
¯ «Кимки яхшилик кўчатини қадаса, орзу қилган ҳосилини йиғиб олади ва кимки ёмонлик уруғини сепса, афсус-надомат мевасини териб олади»;
¯ «Умматимнинг раҳмдилларидан ва шафқатлиларидан фазилат истанглар! Чунки сизлар уларнинг қанотлари остида яшайсизлар»;
¯ «Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қилади»;
¯ «Кимники Аллоҳ Таоло дўст тутса, унга одамларнинг ҳожатлари тушадиган қилиб қўяди»;
¯ «Аллоҳнинг неъматлари билан яхши қўшничилик қилинглар, зеро у бирор оиладан кетиб қолса, қайтиб келмаслиги мумкин»;
¯ «Мазлумнинг дуосидан сақланинглар, гарчи у кофир бўлса ҳам. Чунки унинг дуоси тўсиқсиздир»;
¯ «Қачон бирортангиз мол-дунё ва хилқатда ўзидан афзалроқ кишини кўрса, ўзидан пастроққа қарасин!..» (Имом Бухорий ривоятлари).
(1 – қисм тугади. Давоми бор...).
Иброҳимжон домла Иномов