Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Апрел, 2026   |   12 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:07
Пешин
12:32
Аср
16:56
Шом
18:52
Хуфтон
20:06
Bismillah
01 Апрел, 2026, 12 Шаввол, 1447
Мақолалар

Мўмин лоқайд бўлмайди

11.02.2025   10227   3 min.
Мўмин лоқайд бўлмайди

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « لاَ تَكُونُوا إِمَّعَةً تَقُولُونَ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَحْسَنَّا وَإِنْ ظَلَمُوا ظَلَمْنَا، وَلَكِنْ وَطِّنُوا أَنْفُسَكُمْ إِنْ أَحْسَنَ النَّاسُ أَنْ تُحْسِنُوا وَإِنْ أَسَاءُوا فَلاَ تَظْلِمُوا» (رواه الترمذي)

 

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан бирингиз: “Агар одамлар яхшилик қилса – яхшилик қиламан, ёмонлик қилса – ёмонлик қиламан”, дейдиган лоқайд, беўй бўлмасин. Лекин ўзларингизни одамлар яхшилик қилса – яхшилик қилишга, агар ёмонлик қилса – уларга зулм қилмасликка одатлантиринг», дедилар (Имом Термизий ривояти).


Ушбу ҳадиси шарифнинг арабча матнида келган إِمَّعَةٌ [иммаъатун] сўзи “лоқайд”, “фикрсиз”, беўй”, “ким нима деса, ўйлаб кўрмасдан унинг ортидан эргашиб кетаверадиган”, “журъатсиз”, “қатъиятсиз”, “субутсиз”, “ўзгарувчан”, деган маъноларни англатади.


Ўзининг қатъий фикри, тутуми йўқ, бурдсиз одамларни огоҳлантириш мақсадида Набий алайҳиссалом: «Сизлардан бирингиз: “Агар одамлар яхшилик қилса – яхшилик қиламан, ёмонлик қилса – ёмонлик қиламан”, дейдиган лоқайд бўлмасин», деганлар. Чунки бундай одамлар, Аллоҳ асрасин, ўзга дин вакиллари билан сафарда ёки бошқа сабаб билан бирга бўлиб қолса, ўзи тушуниб-тушунмаган ҳолда муомала-муносабатларда, ибодатларда уларга тақлид қилиб қўйиши ҳам мумкин. Бу жуда хавфлидир.


Алий Қори раҳимаҳуллоҳ айтади: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадиси шариф орқали ахлоқ-одоб, юриш-туриш, муомалада ҳам ўзга маданият, дин вакилларига тақлид қилишдан қайтардиларми, демак, ақида ва ибодат масалаларида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Чунки ақида ва ибодат масалалари жуда нозик. Мўмин киши бир сўз билан иймонидан ажраб қолиши мумкин”.


Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “Сунани Термизий” асарига ёзилган “Туҳфатул Аҳвазий” китобида мазкур ҳадис шарҳланиб: «Одамлар нима деса, шунга эргашиб кетаверадиган кимса “муқаллид” дейилади. Мулоҳазасиз, фикри йўқ, беўй одамдан эҳтиёт бўлиш керак. Мўмин киши ҳеч қачон эътиборсиз бўлмайди. Ҳар бир ишини мулоҳаза билан Яратганнинг розилигини кўзлаб амалга оширади. Айниқса, ақида ва ибодат масалаларида ҳар доим ихлосли бўлади.


“...Лекин ўзларингизни одамлар яхшилик қилса – яхшилик қилишга, агар ёмонлик қилса – уларга зулм қилмасликка одатлантиринг”, яъни яхши иш қилишга ва вазият қандай бўлишидан қатъи назар, эзгуликни давом эттиришга одатланишимиз керак. Одамлар бировларга зулм қилса, уларга эргашиб кетиш мўминнинг иши эмас. Зулм қилмасликнинг ўзи яхшиликдир.


Ҳадиси шарифда ёмон хулқларга кўр-кўрона эргашиш чиройли хулқни тақиқлашнинг бир белгиси экани эслатилган. Аллоҳ ва Расули эзгуликни яхши кўради. Шу боис Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар қандай ҳолатда ҳам яхшилик қилишни васият этганлар. 

Манбалар асосида Толибжон НИЗОМ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан олинди.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда

01.04.2026   1386   1 min.
Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқаролар билан мулоқотни янада мустаҳкамлаш, аҳолини қийнаётган масалаларни тинглаш ва уларга ечим топиш мақсадида навбатдаги қабул бўлиб ўтди. 

Муфтий ҳазратнинг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков қабул жараёнида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларнинг оилавий муносабатлар, хайрия ва саховат ишларини ташкил этиш, ижтимоий кўмак олиш, шунингдек, диний-маърифий масалаларга оид мурожаатларини тинглади.

Ҳар бир мурожаат мазмунан чуқур ўрганилиб, фуқароларни қизиқтирган саволларга асосли ва батафсил жавоблар берилди. Айрим муаммолар шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш, таҳлил ва мувофиқлаштириш талаб этиладиган масалалар тегишли бўлимлар ва масъул мутахассисларга йўналтирилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

Шу билан бирга, мурожаатчиларга амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, диний-маърифий меъёрлар ва жорий тартиблар асосида ҳуқуқий ва амалий тавсиялар берилди. Бу эса фуқароларнинг ўз муаммоларига тўғри ёндашувни шакллантиришида муҳим аҳамият касб этади.

Фуқаролар қабул давомида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли дардига қулоқ тутиш борасидаги бундай мулоқотларни юқори баҳолаб, миннатдорлик билдиришди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда Аҳоли мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда
Янгиликлар