ВАҚТЛАРНИ ЁҚУТЛАР ЭВАЗИГА ТОПИБ БЎЛМАС...
Бурҳониддин Зарнужий “Таълим ал-мутааллим” китобида бундай дейдилар:
ٱلْيَوَاقِيتُ تُوجَدُ بِٱلْمَوَاقِيتِ، وَٱلْمَوَاقِيتُ لَا تُوجَدُ بِٱلْيَوَاقِيتِ
"Ёқутларни вақтлар эвазига топиш мумкин, аммо вақтларни ёқутлар эвазига топиб бўлмас".

ИЛМ БИЛАН ЗИЙНАТЛАНГАН ДИН
Зуннун ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло Ислом динини илм билан зийнатлади”.

ИЛМДАН БИР БОБНИ ЎРГАНИБ...
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Илмдан бир бобни ўрганиб бирор мусулмонга ўргатишим, мен учун бутун дунёни Аллоҳ йўлида садақа қилишимдан яхшироқдир”, деганлар.

ИЛМ ТАНҲОЛИКДА ҲАМРОҲ, ХИЛВАТДА – ДЎСТ...
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: "Илм ўрганиш – Аллоҳ таолодан қўрқиш; уни талаб қилиш – ибодат; билмаганга ўргатиш – садақа; уни ўз аҳлига ўргатиш қурбатдир. Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда – дўст, тўғри йўлни кўрсатувчи далил, жаннат йўлининг минорасидир".

ИЛМ ИЗЛАНГЛАР...
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: "Илм изланглар. Илм олишдан ожиз бўлиб қолсангиз, илм аҳлини яхши кўринглар. Уларни яхши кўра олмасангиз, унда ҳеч бўлмаса ёмон кўрманглар!".

МЕН ИЛМДАН БИР СЎЗ ЭШИТСАМ...
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳидан “Қандай қилиб бундай олим бўлгансиз?” деб сўралганда: “Мен илмдан бир сўз эшитсам бутун вужудим қулоққа айланиб, эшитган ҳар бир сўзимдан танам ҳузур олади” деганлар.

ИНСОННИНГ ИЛМГА БЎЛГАН ЭҲТИЁЖИ
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Инсоннинг илмга бўлган эҳтиёжи ичимлик ва таомга бўлган эҳтиёжидан кўпроқдир”.

ИНСОН БИР НЕЧА ЮЗ ЙИЛ УМР КЎРИШИ МУМКИНМИ?..
Бир ҳакимдан: “Инсон бир неча юз йил умр кўриши мумкинми?” деб сўрашибди.
У: “Ҳа”, деб жавоб берибди.
“Қандай қилиб?” дейишибди.
Шунда ҳаким: “Китоб ўқиб. Чунки китоб бир инсоннинг бир неча йил, балки бир умрлик тажриба ва билимларининг хулосаси ўлароқ дунёга келади. Уни ўқиган киши ўшанча умр кўрган ҳисобланади”, деб айтган экан.

ЯХШИЛАР БИЛАН БИРГА БЎЛИШГА ИНТИЛИНГ
Луқмони Ҳаким раҳимаҳуллоҳ ўғлига васият қилиб: “Эй ўғлим, бирга юрсанг сенга безак бўладиган, унинг олдида бўлмаганинг пайт сени ҳимоя қиладиган киши билан дўст тутин”, деган экан.

ҚИЁМАТ КУНИ ЭНГ КЎП ҲИСОБ ҚИЛИНАДИГАН КИМСА...
Тобеъин Муовия ибн Қурра раҳимаҳуллоҳ: "Қиёмат куни энг кўп ҳисоб китоб қилиниб, сўроққа тутиладиган киши соғлом бўлатуриб бекорчи бўлган кимсадир", дедилар.

ИСРОФДА ЯХШИЛИК ЙЎҚДИР...
Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқдир.”

БИРОВГА ФОЙДАНГ ТЕГМАСА, ЗАРАРИНГ ҲАМ ТЕГМАСИН...
Яҳё ибн Муоз раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: "Бировга фойданг тегмаса, зараринг ҳам тегмасин. Ўзгани хурсанд қила олмасанг, уни хафа ҳам қилма! Бировни мақташ қўлингдан келмаса, у ҳолда уни мазаммат ҳам қилма!".

ИЛМНИНГ ЭРТА КЕЧИ ЙЎҚ...
Қубайса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Расулуллоҳ алайҳиссалом: "Бу ерга нимага келдинг?" дедилар. "Ёшим улғайиб, суякларим нозиклашди. Менга Аллоҳ наф берадиган илмни ўргатишингиз учун келдим", деб жавоб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳой Қубайса, сен ёнидан ўтган тош, дарахт ва деворлар сенга истиғфор айтди", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

ИЛМ ОЛИШ ГЎЁКИ ДАРАХТ МИСОЛИДИР...
Уламолар айтадилар: "Илм олиш гўёки дарахт мисолидир. Инсон қанча кўп илм олса шунча кўп дарахт эккан бўлади. Амал эса ушбу дарахтларнинг мевасидир".

ИЛМ ОЛИШ ДУНЁ ЛАЗЗАТЛАРИДАН БИРИДИР...
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Илм олиш дунё лаззатларидан биридир. Агар унга амал қилинса, охират лаззатига айланади".

ЯРАТГАН РОББИНГ НОМИ БИЛАН ЎҚИ...
1. Яратган Роббинг номи билан ўқи.
2. У инсонни алақдан яратди.
3. Ўқи! Роббинг Карамлиларнинг карамлисидир.
4. У, қалам билан илм ўргатгандир.
5. У, инсонга билмаган нарсасини ўргатди (Алақ сураси, 1-5-оятар).

ФОЙДАЛИ ИЛМ ОЛАЁТГАН ТОЛИБИ ИЛМ ХУРМО ДАРАХТИГА ЎХШАЙДИ...
"Фойдали илм олаётган толиби илм хурмо дарахтига ўхшайди. Хурмо дарахтининг мевалари қанча кўп бўлса, шунча эгилиб боради. Талабанинг илми кўпайган сари у шунча тавозели бўлиб, камтарлиги ортиб бориши лозим".

ИЛМНИНГ 12 ФОЙДАСИ
1. Илм орқали Аллоҳ танилади ва Унга ибодат қилинади.
2. Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир.
3. Илм талаб қилиш ибодатдир.
4. Илм жаннатга етиш йўлидир.
5. Илм ўз эгасига Аллоҳдан қўрқишни касб қилдиради.
6. Илм ўз эгасига халойиққа нисбатан тавозеъ бўлишни ўргатади.
7. Илмдан, аввало, эгаси, кейин бошқалар ҳам фойда олади.
8. Илмнинг ажри унинг эгасининг ажалидан кейин ҳам боқий қолади.
9. Илм ўз эгасини Пайғамбарлардан кейинги энг юқори мартабага эриштиради.
10. Илм пастни баланд, хорни азиз ва синганни бутун қилади.
11. Илм кишини жаҳолат зулматидан маърифат нурига чиқаради.
12. Илм туфайли силаи раҳм қилинади ва ҳақ-ҳуқуқлар адо этилади.

НАФЛ ИБОДАТДАН АФЗАЛДИР
Тобеъин Қатода Садусий раҳимаҳуллоҳ дедилар: "Киши ўзининг ва ўзидан кейингиларнинг салоҳияти учун илмдан бирон бобни ёдлаб, ўрганиши бир йил нафл ибодат қилгандан кўра афзалдир".

ИЛМНИНГ ЛАЗЗАТИ...
Шайх Муҳаммад Сиддиқ ибн Ҳасан Қиннавжий илмнинг лаззати ҳақида қуйидаги сўзларни айтган: "Шуни билингки, бир нарсанинг шарафи ё айни ўзида бўлади ёки унинг натижасида келиб чиқади. Илмда эса бу икки ҳолатдаги шараф ҳам мавжуд. Чунки илмнинг айнан ўзи лаззатли, шунинг учун ҳам унинг ўзи талаб қилинади ва яна унинг натижаси ҳам шириндир. Айни шу натижа учун ҳам илм ўрганилиши мумкин".

ИНЪОМЛАРНИНГ ЭНГ УЛУҒИ ВА МАРТАБАЛАРНИНГ ЭНГ БУЮКИ...
Ибн Молик Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Албатта, инсоният учун берилган илм инъомларнинг энг улуғи ва мартабаларнинг энг буюкидир. Зеро, у улкан бахт-саодатнинг сабабчисидир. Дунёда жаҳолатдан нажот, охиратда эса олий даражаларга эришиш йўлидир".

ИЛМ УСТУНСИЗ УЙЛАРНИ БУНЁД ҚИЛАР...
Илм устунсиз уйларни бунёд қилар,
Жаҳолат эса иззат ва шараф биноларин вайрон этар.

ИЛМГА МУНТАЗАМ МУРОЖААТ ҚИЛИШ...
Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ баён қилади: «Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди» ("Адаб ал-ихтилаф", 172-бет).

МУЛОЙИМЛИК – ИЛМНИНГ ОТАСИ...
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳилм – илмнинг вазири. Мулойимлик – илмнинг отаси. Тавозеъ эса илмнинг либосидир”.
Ҳилм – қийинчиликларга сабрли ва матонатли бўлиб, ғазабни ичга ютиш, одамлар билан муомалада юмшоқ бўлишдир. Бунинг акси – ғазаб, жиззакилик ва сержаҳлликдир.
Мулойимлик – юмшоқлик, оғир-босиқлик билан муомала қилиш. Унинг акси – дағаллик, қўполлик, бағритошлик, қўрсликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўрадир”, деганлар.
Тавозеъ – ўзини катта тутмаслик. Бунинг акси – такаббурлик, ўзини катта санаш, ғурурланиш.

ТЎРТ ХИСЛАТ БАНДАНИ ЮКСАК ДАРАЖАГА КЎТАРАДИ...
Сиррий Сақтий раҳматуллоҳи алайҳи бундай деганлар: “Тўрт хислат бандани юксак даражага кўтаради: илм, одоб, омонатдорлик ҳамда ҳаё ва иффат”.

Ёмонликдан қайтариш
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Раслуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаклу шамойилларини, суратларию сийратларини таърифлаб: «Биринчи бор кўрган киши у зотдан ҳайбатланар эди. У зот билан аралашиб, таниган киши эса яхши кўриб қоларди. У зотни сифатлаган киши: “Ундан олдин ҳам, кейин ҳам у зотдек бирор кишини кўрмадим”, дейди, деган» (Имом Термизий, “Шамоили Муҳаммадия”).
Ҳақиқатан, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламда салобат ҳам, виқор, марҳамату шафқат ҳам – хуллас, ҳамма гўзал сифатлар, фазилатлар жамланган эди. У зотни илк марта кўрган ҳар қандай киши сергак тортар, виқорларидан, салобатларидан ҳайбатланар эди. Лекин Набий алайҳиссалом билан гаплашган, суҳбатда бўлган одам у зотнинг ҳалимликлари, гўзал сўзлари, мукаммал одоб ва ахлоқларига маҳлиё бўлиб қоларди...
Бугун ўзини Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг умматиман деб ҳисоблаб, у зотнинг суннатларига мос тарзда дўппи кийган, соқол қўйган айрим кишиларнинг, айниқса, ёшларнинг олдига бориб, улар билан танишсангиз, дастлаб хурсанд бўласиз. Бироқ бироз ўтиб уларнинг хатти-ҳаракталаридан ёқа ушлайсиз.
“Албатта, жасадинг (тананг)нинг ҳам сенда ҳаққи бор” (Имом Бухорий ривояти) ҳадисига мувофиқ ҳар чоршанба спорт билан шуғулланамиз. Майдонга борсак, бизлар билан бир вақтда ёнимиздаги майдонга ҳам йигитлар йиғилишди. Соқол қўйган, айримларининг бошида дўппи ҳам бор. Салом беришди, алик олдик.
Чамаси ярим соатлар ўтиб, улардан бири сўкина кетди. Йигитларга қилган ҳавасимиз нафратга айланди. Оғзидан боди кириб-шоди чиқавергач, охири уларга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Бир-икки нафари тамаки ҳам тутата кетди.
“Ёшлар қизиққон бўлади-да”, дея уларни оқлашга шошмаслигимиз керак. Миллий ва диний қадриятларимизга путур етказадиган, бутун бир авлодга салбий таъсир қилаётган иллат – ёшларнинг соқол қўйиб, дўппи кийиб, тамаки тутатганча сўкинаётганини ҳеч ҳам тушуниб бўлмайди.
Яна бир ҳолат. Эрталаб ишга шошиб кетаётсам, чамаси 55-60 ёшни қоралаб қолган бир отахоннинг уловини бир йигит машинаси билан бироз сиқиб қўйди. Шунда соқолли, бошида дўпписи ярашиб турган киши уловининг ойнасидан ҳалиги йигитни бўралатиб сўкиб кетди.
Шу воқеани кўриб, соқол қўйиб, дўппи кийиб олган, бироқ оғзидан боди кириб-шоди чиқаётган ёшлар осмондан тушмаганига, улар ҳам бизнинг орамизда, ўзбек оилаларида яшаб улғаяётганига амин бўлдим.
Ёшларнинг айниб кетаётганига интернет ва ижтимоий тармоқларга соқолли блогерлар, дўппи кийиб олган вайнерлар ва яна аллакимлар жойлаётган бемаъни, тутуруқсиз лавҳалар ҳам сабаб бўлаяпти. Ёшлар тақлидга ўч бўлади. Шу боис улар оилада, кўча-кўйда кўрган нарсаларини амалда қўллашни истайдилар.
Кўчада дўппи кийиб, соқол қўйиб юрган ёшни кўрган одам уни одобли, тарбияли ёки тақводор деб ўйлаши мумкин. Аммо ташқи кўриниш инсоннинг ички дунёсига кафил бўла олмайди. Инсонни кийими билан эмас, хулқи билан таниш керак. Дўппи кийиш яхши фазилатларнинг ўрнини босмайди, соқол қўйиш одобнинг кафолати эмас. Агар инсон ташқи қиёфасидаги маънавий даъвони ички тарбияси билан уйғунлаштирса, шунда унинг кўриниши ҳам, сўзи ҳам, амали ҳам бир-бирига мос келади.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Икки йил илм олдим. Одоб-ахлоқни ўн саккиз йил ўргандим. Қанийди, йигирма йил ҳам одоб-ахлоқни ўрганганимда эди”, деб бежиз айтмаган.
Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ: “Одобни ўттиз йил ўргандим, илмни йигирма йил ўргандим”, деган.
Биз юқорида тасвирлаган ёшларда айнан одоб-ахлоқ етишмаяпти, дея оламиз. Бундай кимсаларга кийган дўпписи ақлини ишлатишга монелик қиляпти, иягида соқол ўсибди-ю, аммо онги ўсмабди, дейиш мумкин.
Ёшлик – жўшқин давр. Шу билан бирга, бу даврда ёшлар катталарга тақлид қилиб улғаядилар. Шундай экан, катталар ҳам одоб-ахлоқда барчага намуна бўлсалар, ёшлар улардан ибрат олиб, миллий қа диний қадриятларимизга путур етказадиган ҳар хил ҳолатлардан йироқ бўладилар.
Содиқул масдуқ зот – Муҳаммал соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло Ўз соясига оладиган етти тоифанинг иккинчиси “...Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит...”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Хўш, Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит ким, у қандай бўлади?
Аввало, у сўзи ва амали уйғун бўлган, Расулуллоҳнинг суратларию сийратларини ўзида мужассам этган навқирон авлод вакили бўлади. У ҳар бир ишини Аллоҳ учун қилади, хатти-ҳаракатлари, муомала-муносабатлари Исломннг зилол чашмасидан суғорилган, миллий қадриятларимизда белгиланган мезонларга асосланади.
У ўзига Набий алайҳисаломнинг: “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан оғирроқ нарса бўлмайди. Аллоҳ фаҳш ва ифлос сўз айтувчини ёмон кўради” (Имом Термизий ривояти), деган муборак ҳадисларини мезон қилиб олади.
У, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини ташлаб қўймайди (Имом Ибн Абу Дунё ривояти).
“Аллоҳ таолонинг ибодатида униб-ўсган йигит” мактабу мадрасада Имом Бухорий, Хоразмийдек “аълочи”, олий таълим муасссасида Абу Ҳафс Кабир Бухорийдек тиришқоқ, пешқадам, Ватан сарҳадларини қўриқлашда Холид ибн Валиддек, Нажмиддин Кубродек моҳир аскар, тижоратда Абдураҳмон ибн Авфдек уддабурон, зироатда Саъд ибн Абу Ваққосдек миришкор деҳқон, тиббиётда Абу Али ибн Синодек ҳозиқ табиб, ҳандасада Аҳмад ал-Фарғонийдек кучли муҳандис, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида барчага ибрат бўлиши керак. Ана шунда унга айтган гаплари, кийган кийимлари, шаклу шамойили ярашиб тушади. Ҳамма унга ва ота-онасисига раҳмат айтади.
Толибжон НИЗОМ