Ҳадис илми мактабининг ахборот-ресурс маркази саховатпеша ҳомийлар томонидан ҳадя қилинган китоблар ҳисобидан бойиб бормоқда.
Жумладан, яқин кунларда кутубхонага 147 та янги китоб олиб келинди. Улар орасида "Файзул-Фурқон (Қуръони карим маъноларининг изоҳли таржимаси)", "Қуръони карим қиссалари ва комил инсон тарбияси", "Саҳиҳи Бухорий шарҳи 4-жилд", "Убайдуллоҳ ибн Масъуд садруш шариъа ва унинг “Шарҳул Виқоя” асари (таҳорат китоби)", "Биррул Валидайн (ота-онага яхшилик қилиш)", "Диний соҳа ходимларининг касб этикаси" каби турли мавзуларни қамраган китоблар мактабга эҳсон қилинди.
Шунингдек, Ҳадис илми мактаби ходими Фозил Тиловатовнинг муаллифлигида ва таржимаси билан нашр қилинган "Ҳорун Ар-Рашиднинг сўнги васияти", "Ҳелло Америка", "Салоҳиддин саҳро бургути", "Онамнинг дуоси", "Қорқизларнинг қотиллиги" каби китоблар ҳам шу ходим томонидан мактабга ҳадя қилинди.
Шу муносабат билан талабалар иштирокида кутубхонада мазкур китоблар кўргазмаси ўтказилди.
Тадбирда ҳар бир китоб ҳақида маълумотлар берилди ва уларнинг мазмунан муҳимлиги хусусида сўз юритилди.
Бу тадбир талабаларнинг илмий қизиқишини янада кучайтиришга ва уларнинг маънавий тараққиётига ҳисса қўшишга хизмат қилди.
Muhaddis.uz
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати