“Улар Раббилари томонидан ҳидоятдадирлар ва улар фалоҳ (нажот) топувчилардир”. Бу оятда икки нарса - ҳидоят ҳамда фалоҳ мукофот сифатида зикр этилган. Чунки, бундан олдин ғайбга ҳамда пайғамбарларга иймон келтириш сифатлари келтирилган. Мана шу иймонга мукофот ўлароқ бу оятда ҳидоят билан фалоҳ ваъда қилинмоқда. Фалоҳни амалга мукофот бўлишини тушунса бўлади, чунки фалоҳнинг маъноси мурод ва мақсадга етмоқдир. Лекин ҳидоят деб йўлни кўрсатишга айтилади. Бир нарсанинг йўлини кўриб олиш бир мақсад ҳам эмас, шу билан бирга у бирор амалга мукофот бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳазрат мана шу шубҳани дафъ қилиш учун айтдиларки, менинг ўзим билан содир бўлган бир воқеа мана шубҳага жуда яхши жавоб бўлади. Воқеа шундай бўлдики, бир одам Меюратга кетаётган поездга минмоқчи экан, адашиб Руркийга, яъни қарама-қарши тарафга кетаётган поездга миниб олибди. Поезд юрганидан кейин хато қилганини билди. Мен ҳам ўша поездда Руркийга кетаётган эдим. У одамнинг ниҳоятда қаттиқ изтиробга тушганини кўрдим. Мен эса ўз жойимда хотиржам ўтирибман. Унга тасалли бераман десам, менга илтифот ҳам қилмади. Поезд тезлагани сайин унинг паришонлиги янада ортиб бораверди. Ўша вақтда билдимки, манзил ва мақсад томон тўғри йўлда кетаётганини аниқ билишнинг ўзи ҳам инсон учун бир катта неъмат ва роҳат экан. Шунинг учун буни амалга мукофот қилиб белгиланса бўлаверади. Бу оят мўминларни "Сизлар саҳиҳ ва тўғри йўлдан бормоқдасизлар, ҳеч ташвиш қилманглар", дея хотиржам қилмоқда. Бундан ортиқ яна қандай неъмат бўлиши мумкин?
Ёрқинжон Фозил раҳимаҳуллоҳ
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали томонидан хайрия тадбири ташкил этилди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан бўлган боқувчисини йўқотган 35 нафар боланинг хатна тўйи қилиб берилди.
Тадбирда болажонларга велосипед, костюм-шим ва кўйлаклар, ширинликлар қутиси совға қилиниб, байрам дастурхони ёзилди.
Болажонларга қўшилиб, уларнинг яқинлари ҳам қувончдан ташаккур айтиб, ташкилотчилар, Юртбошимиз ҳақларига дуолар қилишди.
Шунингдек, тадбир доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, уларга ҳам ҳадялар улашилди.
Бундай эзгу ташаббуслар жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва инсонпарварлик туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати