Юртимизда ҳар йили Рамазон ойини муносиб кутиб олиш ва ўтказишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, 1500 дан зиёд масжидларимизда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуси билан хатми Қуръон тадбирлари ўтказиш яхши анъана тусини олган.
Таровеҳ намозларида йилдан-йилга такомиллашиб, савияси оширилиб борилаётган бундай файзли, савоби улуғ бўлган ишлардан юртимизга қут-барака янада зиёда бўлиши, шубҳасиз.
Кеча, 12 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Қуръон ва тажвидни ўргатиш» бўлимида Республика ҳудудидаги масжидларда бу йил хатм қиладиган қориларни суҳбатдан ўтказиш ҳайъати йиғилиши бўлиб ўтди.
Бўлим мудири шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум раислигида ўтган ушбу йиғилишда устоз қорилардан иборат ҳайъат аъзолари иштирок этишди. Йиғилишда қутлуғ ойга муносиб тайёргарлик кўриш, хусусан, Қуръон тадбирларида қатнашадиган қорилар билан суҳбатлар ўтказиш, уларни тақсимлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
#kun_hikmati
Шайх Муҳаммад Сиддиқ ибн Ҳасан Қиннавжий илмнинг лаззати ҳақида қуйидаги сўзларни айтган:
"Шуни билингки, бир нарсанинг шарафи ё айни ўзида бўлади ёки унинг натижасида келиб чиқади. Илмда эса бу икки ҳолатдаги шараф ҳам мавжуд. Чунки илмнинг айнан ўзи лаззатли, шунинг учун ҳам унинг ўзи талаб қилинади ва яна унинг натижаси ҳам шириндир. Айни шу натижа учун ҳам илм ўрганилиши мумкин".
#ilm #lazzat #izlanish
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати