#kun_hikmati
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Ҳилм – илмнинг вазири. Мулойимлик – илмнинг отаси. Тавозеъ эса илмнинг либосидир”.
– Ҳилм – қийинчиликларга сабрли ва матонатли бўлиб, ғазабни ичга ютиш, одамлар билан муомалада юмшоқ бўлишдир. Бунинг акси – ғазаб, жиззакилик ва сержаҳлликдир.
– Мулойимлик – юмшоқлик, оғир-босиқлик билан муомала қилиш. Унинг акси – дағаллик, қўполлик, бағритошлик, қўрсликдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ мулойимдир ва мулойимликни яхши кўрадир”, деганлар.
– Тавозеъ – ўзини катта тутмаслик. Бунинг акси – такаббурлик, ўзини катта санаш, ғурурланиш.
#hilm #ilm #muloyimlik
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ал-Азҳар университети ҳузуридаги Хорижий талабалар таълимини ривожлантириш марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари учун ташкил этилган араб тили бўйича малака ошириш дастури якунланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Икки ҳафта давом этган ўқув курси араб тили ўқитувчиларининг касбий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик ёндашувлар ва тил ўқитишнинг илғор методикаларини ўрганишга қаратилди.
Дастур якунида ўтказилган тантанали маросимда марказ раҳбари, профессор-доктор Наҳла ас-Саидий иштирокчиларга сертификатларни топширди. У мазкур ташаббус Ал-Азҳарнинг араб тилини халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган лойиҳалари доирасида амалга оширилганини таъкидлади.
Тадбир давомида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Наҳла ас-Саидий Тошкент ислом институти билан академик алоқаларни мустаҳкамлаш ва қўшма дастурларни амалга ошириш мақсадида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ташаббусини илгари сурди.
Ўз навбатида, Тошкент ислом институти вакиллари дастур юқори савияда ташкил этилгани учун Ал-Азҳар университети раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати