Аллоҳ таоло бандаларига қурби етмайдиган нарсани буюриб, кейин уларни қийнаб қўйишни асло истамайди. Банда кучи етмайдиган нарсага ўзини мажбурлаши ҳам аҳли сунна валжамоа ақидасига зид амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларига уларнинг имконият ва тоқати етадиган нарсаларни буюрган. Илоҳий амрларнинг ҳаммаси банданинг қурби етадиган даражада бўлиб, инсонни мушкул аҳволга солиб қўядиган бирор амал буюрилмаган.
﴿ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا ﴾
“Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди”[1].
﴿هُوَ اجْتَبَاكُمْ وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ﴾
“У сизларни (шу дин учун) танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади”[2].
Аллоҳ азза ва жалла банда тоқатидаги нарсаларнигина буюрган. Шунинг илоҳий амрларнинг бажарилиши бандани Раббига яқинлаштирадиган, Аллоҳга суюкли бўлган ишлар саналади. Аммо баъзан ғайрат-шижоати жўш уриб кетган инсонда ўз зиммасига тоқатидан ортиқ амалларни юклаб олишга мойиллик пайдо бўлади. Шу боис Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам динда мўътадил бўлишга чорлаб, мўмин-мусулмонларни амаллардан тоқати етадиганини зиммасига олишни буюрганлар:
عَنْ عَائِشَةَ عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «يَا أَيُّهَا النَّاسُ، عَلَيْكُمْ مِنَ الْأَعْمَالِ مَا تُطِيقُونَ، فَإِنَّ اللهَ لَا يَمَلُّ حَتَّى تَمَلُّوا، وَإِنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللهِ مَا دُووِمَ عَلَيْهِ، وَإِنْ قَلَّ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُسْلِمٌ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй одамлар! Амаллардан тоқатингиз етадиганини олинг. Зеро, сизга малол келмагунича, Аллоҳга малол келмайди. Аллоҳ учун амалларнинг энг суюклиси оз бўлса ҳам, давомли бўлганидир”, дедилар[3].
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам динда фарз қилинганидан ортиғини қўшиб, чуқурлашишдан, ибодатларда Аллоҳ таоло белгилаб берган ҳадлардан ошишдан қайтардилар. Банда ўз зиммасига фарз амаллардан ташқари бошқаларини ҳам назр қилиб юклаб олиши, яъни ўзига нисбатан қаттиққўллик қилиб, ибодатлар билан жисму жонини қийнаши Аллоҳнинг унга нисбатан қаттиққўлроқ бўлишига, унга зиммасига бошқа фарзларни ҳам юклаб қўйишига, аҳдини бажаришини талаб қилишига, ҳатто нафл ибодатларда нуқсон қилса, бажарган фарзларини ҳам қабул қилмаслигига сабаб бўлишини айтдилар.
Шунингдек, тоқатдан ташқари амалларни зиммага юклаб олишнинг энг хатарли томони алалоқибат ҳатто фарз қилинган амалларни бажаришда ҳам малолликни пайдо қилади. Чунки жўш урган ғайрат муайян муддатгача давом этиб, кейин сўна боради ва банда учун энди қўшимча (нафл-нарзлар) ибодатлар тугул, фарзларни адо этиш ҳам малол келиб қолади.
Аслида, ислом шариати одамларнинг тоқати ва салоҳиятидан келиб чиқиб, Аллоҳга хос кенглик билан, енгил – мўътадил қилиб берилган. Ҳатто банда бир амални бажаришга қодир бўлмай қол ҳолларда унинг учун енгилроқ муқобил йўллар ҳам мавжуд.
Дарҳақиқат, амалларнинг оз бўлса-да давомли бўлиши инсон эътиқоди мустаҳкам, ибодатлари изчил бўлишини таъминлайди.
[1] Бақара сураси, 286-оят.
[2] Ҳаж сураси, 78-оят.
[3] Саҳиҳул Бухорий, 23-ҳадис.
Нодир ҚОБИЛОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими.
Ислом цивилизацияси марказида диний соҳа вакиллари учун ташкил этилган ўқув-семинарда аждодлар илмий мероси, Қуръони карим қироати ва тажвид илмига оид билимлар амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Унда иштирок этган имомлар Марказда олган сабоқларини ўзлари фаолият юритаётган масжидларда ҳам тарғиб этиш, тарихий меросни ўрганиш билан чекланмай, унинг маърифий аҳамиятини жамоатчиликка етказиш зарурлигини таъкидлади, хабар бермоқда iccu.uz.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида «Учинчи Ренессанс чорраҳаси» дастури доирасида навбатдаги ўқув-семинар ташкил этилди.
Машғулотларда Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Диний-маърифий соҳада малака ошириш ва қайта тайёрлаш институти тингловчилари иштирок этди.
Дастур тарихий ва диний-маърифий билимларни уйғунлаштириш, соҳа вакилларини аждодлар илмий мероси билан яқиндан таништириш ҳамда уларнинг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Иштирокчилар дастлаб Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари билан танишди. Уларга Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан буюк алломаларнинг илм-фан, маданият ва ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган ҳиссаси, тарихий қўлёзмалар ҳамда ноёб маданий мерос намуналари ҳақида маълумот берилди.
Ўқув-семинарнинг асосий қисмларидан бири Қуръони каримни тўғри тиловат қилиш ва тажвид қоидаларини чуқур ўзлаштиришга бағишланди.
Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли «Қироат ва тажвид илми» мавзусида машғулот ўтказиб, Қуръони карим тиловатининг ўзига хос жиҳатлари, ҳарфларни тўғри талаффуз қилиш, қироат қоидаларига амал этиш ва диний билимларни мунтазам такомиллаштириш масалаларини тушунтирди.
Машғулотлар иштирокчиларга ўз билимларини мустаҳкамлаш, тажрибали устоз билан бевосита мулоқот қилиш ва қироат илмига оид муҳим масалалар юзасидан фикр алмашиш имконини берди.
Семинар иштирокчилари Ислом цивилизацияси марказидаги таълимий муҳит ва машғулотлардан олган таассуротларини баҳам кўрар экан, бу ерда ўрганилган билимларни амалиётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади.
Жумладан, Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Ҳазрати Умар жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадали Фазлиддин Марказнинг вазифаси фақат тарихий ёдгорликлар ва ноёб экспонатларни намойиш этиш билан чекланмаслигини қайд этди.
Унинг фикрича, буюк алломалар меросини ўрганиш инсонни илм олишга, ўз устида ишлашга ва эгаллаган билимларини бошқалар билан баҳам кўришга ундаши лозим.
«Ислом цивилизацияси марказини фақат музей сифатида қабул қилмаслик керак. Бу ердаги асосий мақсад — аждодларимизнинг илм йўлидаги хизматларини кўрсатиш, уларнинг мероси орқали бугунги авлодни маърифатга ундашдир. Бу масканга келган ҳар бир инсон буюк алломаларимиз бутун ҳаётини илмга бағишлаганини англайди. Биз ҳам улар билан фахрланиш билангина чекланмай, уларнинг илмий анъаналарини давом эттиришга интилишимиз зарур.
Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғлининг қироат ва тажвид илмига бағишланган суҳбатидан ҳам катта илҳом олдик. Бу дарс Қуръонга бўлган шавқимиз ва муҳаббатимизни янада оширди. Бугунги машғулотлардан олган энг муҳим хулосаларимиздан бири — ёшимиз ва касбимиздан қатъи назар, доимо илм олишга интилишимиз кераклигидир. Энг муҳими, ўрганганларимизни аввало оиламиздан бошлаб ҳаётга татбиқ этишимиз, кейин эса жамиятга етказишимиз лозим. Шундагина маърифатнинг самараси кенгроқ намоён бўлади», — деди Муҳаммадали Фазлиддин.
Мазкур фикрни Тошкент шаҳридаги Ракат жоме масжиди ноиб имоми Аҳрор Раҳмонов ҳам қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, Марказдаги машғулотлар диний соҳа вакилларига нафақат тарихий билимларини бойитиш, балки ўз фаолиятида фойдаланиш мумкин бўлган янги маълумот ва тажрибаларни ўзлаштириш имконини бермоқда.
«Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу улуғ масканда ҳар бир бўлимнинг ўзига хос ўрни бор. Бу ерда нафақат тарихий меросимиз билан танишамиз, балки таълим ва маърифатга қаратилган эътиборни ҳам яққол кўрамиз. Устозларимизнинг суҳбатлари ва машғулотларидан катта фойда олмоқдамиз. Энг муҳими, бу ерда олган билимларимизни ўзимиз хизмат қилаётган масжидларда ҳам етказишга, уларнинг жамият учун манфаатли бўлишига ҳаракат қиламиз», — деди Аҳрор Раҳмонов.
«Учинчи Ренессанс чорраҳаси» дастури доирасидаги мазкур учрашув ҳам тарихий меросни ўрганишни замонавий таълим ва касбий малака ошириш жараёни билан боғлашга қаратилган.
Шу тариқа, Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган маърифий машғулотлар аждодлар меросини намойиш этишдан уни чуқур англаш ва жамоатчиликка етказиш сари муҳим ўқув майдони вазифасини бажармоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати