Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Азон билан иқоматнинг орасидаги дуо рад қилинмайди", дедилар.
(Абу Довуд, Насаий, Ибн Сунний ва Термизий ривояти).
Имом Термизийнинг ривоятларида қуйидаги жумла зиёда қилинган:
"Ё Расулуллоҳ, бу иккаласининг орасида нима деймиз?" деб сўрашди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳдан дунё ва охиратдаги офиятни сўранглар", дедилар.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг сўнгги ҳафтасида бир суҳбат ўтказиб: “Аллоҳ таоло бандасига ҳаётда истаганича яшаш, еб-ичиш ёки Роббига етишишдан бирини танлашга имконият берди, у эса Роббига етишишни афзал билди”, дедилар.
Бу гапдан ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг кўзлари ёшланиб, маҳзун овозда: “Ота-онамиз сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг Расули!” дедилар. Ўтирганлар ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг йиғисини, айтган сўзларини тушунишмади. Аммо у зот Пайғамбарлар охири соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари яқинлигини билган эдилар.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси