Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани "Тоқчилик" жоме масжиди имом ноиби Ансориддин қори Мамарасуловнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳум қорини Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Дин ривожи, халқ маърифати ва Ватан равнақи йўлида қилган барча хизматларини Аллоҳ қабул айласин!
Ҳақ таоло марҳум домланинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари, шогирдлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ансориддин қори Мамарасуловнинг оила аъзолари, ёр-биродарлари, сафдошлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза намози бугун соат 16:00 да тумандаги Сайилжойи маҳалласи, Умид-Обод кўчаси, 51-уйда ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бугун, 18 февраль куни Боғот туманида янгидан қуриб битказилган "Дарвеш бобо" жоме масжидининг очилиш маросими ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти вакили Хайрулла домла Абдуллаев, Боғот тумани ҳокими Жаҳонгир Назаров, мутасаддилар, имом-хатиблар ва маҳалла аҳли жам бўлишди.
Маросимда Қуръони карим тиловати ва бу масжиднинг то қиёматгача мўмин-мусулмонларга хизмат қиладиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар айтиладиган саждагоҳ бўлишини, янги масжид халқимиз эътиқоди, маърифатини мустаҳкамлашда ҳидоят ва зиё маскани бўлиб кўп йиллар фаолият юритишини Аллоҳ таолодан сўраб, бу хайрли ишда кўмакчи бўлган барча эзгу ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилинди.
Замонавий талабларга жавоб берадиган, барча қулайликларга эга бўлган мазкур масжид 3000 нафар намозхонларга мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати